Россия футболида ўзини кўрсатган футболчиларнинг кучли бешлик чемпионатлари орасида ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб турадиган А Серияга йўл олаётгани бугунги кунда кўплаб мухлису мутахассислар томонидан кенг муҳокама қилинаётган мавзуга айланиб бормоқда.

Ёздан бери Италия чемпионатига рус футболида тобланган бир неча ўйинчи кўчиб ўтди. “Локомотив” етакчиси Алексей Миранчук ҳозир “Аталанта”нинг асосий таркибига кириш учун тажрибали ва таниқли футболчилар билан рақобатлашмоқда. “Ростов”да порлаган Элдор Шомуродов қисқа фурсатда “Женоа”нинг ишончли футболчисига айланди ва жамоасининг муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшмоқда.

131895634_4147684591909096_383121433571040860_o

Энди улар қаторига “Спартак”да ишлари юришмаган Александр Кокорин қўшилди. “Фиорентина” билан шартнома имзолаган тажрибали ҳужумчи Италия чемпионати ёрдамида фаолиятида туб бурилиш ясаб, яна юлдузлик мавқеини тиклаб олишига ишонмоқда.

Россиялик таниқли шарҳловчи Геннадий Орлов “Спорт Экспресс” нашри журналисти Виталий Айрапетовга берган интервьюсида Италияда фаолиятини давом эттираётган футболчилар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

- Назарий жиҳатдан, Александр Кокориннинг Европада ўзини кўрсатиш имконияти Фёдор Смоловникидан кўпроқми?

- Кокориннинг ўйин услуби қизиқарлироқ. Смолов эса эскича усулда ўйнайди. Майдонда ниманидир қойиллатдими, дарров ўзига дам беради ва ўйиндан чиқади. Дарҳақиқат, Миранчукда ҳам худди шунақа одат бор.

- Ростданми?

- Нима деб ўйлайсиз, унда Алексей нега илк дақиқалардан ўйнамаяпти? Албатта, рақобатчилари жиддий ва кучли. Миранчукнинг ўзи ҳам ҳали Европа футболига тўлиқ кўникиб кетгани йўқ. У бош мураббий Гасперинининг талабларини тушуниб етмаган. Бироқ, Алексейнинг ёшлигини инобатга олсак, унда вазиятни ўзгартириш ва ўзининг ўзгариши учун вақт бор. Кокорин эса, катта таваккал қилди. У “Фиорентина”даги биринчи учрашувидан бошлаб, ўзини кўрсатиши ва натижа бериши шарт. Майдонга тушиб, гол уриши, голли пас бериши керак. Унга раҳмим келяпти...

- Нега?

- Кокориннинг иқтидори бор эди. Салоҳияти буткул барбод бўлмаган, деб умид қиламан. “Динамо”да қандай ўйнаганини бир эсланг. Лекин ўшанда унинг ёнида Кураньи ва Воронин каби ўз ишининг усталари бўлган. Улар Александрга катта ёрдам берарди. Ҳозир умуман бегона юртга йўл олди. Уни Италияда қучоқ очиб кутиб олишадими? Масалан, “Сельта”дагилар Фёдор Смолов 90 дақиқа ўйнай олмаслигини дарров тушиниб етишди.

- Шомуродовнинг “Женоа”даги ўйини сизни ҳайратлантирдими?

- Шомуродовдан нега ҳайратланишим керак? Эсингиздами, мен сизга интервью бериб, Элдорнинг интеллектуал салоҳияти премьер-лига ҳужумчилариникидан баланд эканини айтган эдим. “Ростов”да ўйнаган дастлабки вақтлардаёқ, Шомуродов эътиборимни тортган эди. Мана, ҳаммаси зўр кетяпти ва мен ҳақ бўлиб чиқдим-ку. Ҳозир Шомуродовга “Ювентус” қизиқаётгани ҳақида кўп ёзишмоқда. Элдорнинг маҳорати, ўйинининг сифати Италия чемпионатида ўзини кўрсата олишига хизмат қилмоқда.

1111111111111111111111111111111111111111111111111111111111111111_1

Дарҳақиқат, Россия чемпионатидан А Серияга йўл олган футболчилар орасида ҳозирча фақат Элдор Шомуродов ўз жамоасининг етакчи футболчисига айлана олди. Яқинда “Женоа” президенти Энрико Прециози ўзбек ҳужумчиси айни пайтда мураккаб вазифани бажараётган жамоага жуда керак эканини айтиб, унинг бошқа клубга трансфер қилинмаслигини билдирди.

Шомуродовнинг шашти баланд ёхуд уни катта синовлар кутмоқда!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар