
Шомуродовнинг қадрига етишмади!
“Рома”га эгалик қилувчи Фридкинлар оиласи ўз жамоасини анчадан бери Европа Чемпионлар лигасида кўргиси келади.
Ана шу мақсадда, 2021 йили жамоага машҳур мураббий Жозе Моуриньо олиб келинган эди. Португалиялик мутахассис қарийб уч йил давомида бу ишни уддалай олмади. Кейин унинг ўрнига таклиф этилган “Рома” афсонаси Даниэле де Россининг ҳам, жорий мавсум бошида жамоани қабул қилиб олган Иван Юричнинг ҳам вазиятни ўзгартиришга қурби етмади.
Натижада чўкиб бораётган “Рома”ни қутқариш учун нафақага чиқиб кетган Клаудио Раньерини олиб келишди. 73 ёшли мутахассис жамоани екин-аста кўтара бошлади. Бироқ римлик мутахассис жорий мавсумдан кейин бош мураббийликни топшириб, клуб хўжайинларига маслаҳатчи бўлиши келишилган.
Раньери ўзининг ўрнига ишини юқори даражада давом эттира оладиган янги бош мураббий ҳам қидираётгани ҳеч кимга сир эмас.
“Рома”нинг собиқ ҳужумчиси Вальтер Казароли Клаудио Раньери бош мураббийликка тасия қилаётган Жан Пьеро Гасперини номзодини қўллаб-қувватламоқда. Бу мутахассис Италия матбуотига берган интервьюсида “Рома”даги вазият, хусусан Элдор Шомуродов ҳақида ҳам гапирди.
- 1970 йиллар бошида сиз Клаудио Раньери билан “Рома”нинг ёшлар ва асосий жамоасида бирга ўйнагансиз. Унинг мураббийлик фаолиятидан ҳайратга тушганмисиз?
- Йўқ, чунки Клаудио ҳар доим ўз ишига масъулият билан ёндашадиган инсон эканини билардим. У Италия ва хориждаги фаолияти давомида профессионал сифатларини ривожлантириб борди ва ҳатто Англия Премьер-лигасида ғолиб чиқишни уддалади.
- Келаси ёзда унинг мураббийлик фаолияти буткул тугайди. У қўлга киритган натижаларни инобатга олиб, нафақага чиқариб юбориш уят эмасми?
- Раньери аслида ўтган йили “Кальяри”ни юқори дивизионда олиб қолганидан кейин мураббийлик фаолиятини тугатган эди. Бироқ у фақатгина “Рома” учун мураббийликка қайтди. Унинг мақсади бу мавсум муаммолар гирдобида қолиб кетган жамоани қийинчиликлардан қутқариш эди холос. Июнда мураббийликка яна нуқта қўяди. Лекин у бош мураббий сифатида ишини давом эттирадиган бўлса, “Рома”га жуда катта ёрдам бера олади.
- Келажакда жамоа бошқарувида кимни кўришни истайсиз?
- Гасперини номзодига ҳеч қандай эътироз билдирмас эдим. У узоқ муддат ишлаётган ва бу жараёнда юксак натижаларни қайд этган “Аталанта” билан ҳамкорлик шартномасини узайтирмаслигини билдирди. Тўғри, у илгари “Милан” ва “Интер” каби гранд клубларда муваффақиятсизликка юз тутган. Бироқ ҳозир у ҳар томонлама тажриба ва маҳоратини ошириб бўлди.
- “Рома”да сиз ҳужумчи позициясида ўйнагансиз. Шундан келиб чиқиб, сўнгги паллада ҳозирги жамоада кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлаётган Элдор Шомуродов ҳақида фикрингиз қандай?
- Мен Шомуродовни етарли даражада қадрланмаган футболчи, деб биламан. Менга бу ҳужумчи жуда ёқади. Элдор ҳар икки оёғида яхши ҳаракат қила олади, “иккинчи қаватда” зўр ўйнайди, техникаси яхши ва тезкор футболчи ҳисобланади.
- Раньери келганидан кейин “Рома”да нималар ўзгарди?
- Ўйлашимча, футболчиларнинг ўйини ўзгарди. Раньери уларнинг қадрини кўтарди. Илгари кўпчилик Анжелиньо ва Челик талабга жавоб бермаслигини айтарди. Бироқ улар яхши ўйинчи эканини Раньери юзага чиқарди. Илгари айрим футболчилар ўз даражасини намойиш этиш учун етарли имкониятга эга бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов жорий мавсумда барча турнирларда 24 маротаба майдонга тушиб, тўртта гол ва учта ассист муаллифи бўлди.
Фикрлар