Шомуродовнинг янги жамоаси "Специя" ҳақида билишимиз керак бўлган маълумотлар бор

"Рома" сафида тўп тепадиган ҳамюртимиз Элдор Шомуродов тез орада клубини ўзгартириши мумкин. Бизга маълум бўлишича, футболчимиз "Специя" жамоасига ижара асосида кўчиб ўтади. Томонлар келишувга эришган, фақатгина расмий хужжатларни имзолаш қолди, холос. Биз бугун мана шу клуб ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз. Демак, бошладик!

специ

Клуб тарихи.

"Специя" - Италиянинг шу ном остидаги шаҳрида асос солинган жамоа. 1906 йил 10 октябрь санасида швейцариялик банкир Херман Хурни томонидан ташкил этилган. Уй ўйинларини "Альберто Пикко" номи остидаги ўйингоҳда ўтказади. Клуб номи оз эмас, кўп эмас нақ 9 марта ўзгартирилган. Ҳозирда жамоа расмий номи "A.S.D. Spezia Calcio 2008" ҳисобланади. 

Жамоа илк бор кўк ва оқ рангли либослар остида майдонга тушган. 1911 Альберто Пикко ташаббуси билан клуб оқ футболка, қора шортик ва қора гетриларда тўп тепган. Бу форма ҳамон амалда сақланиб қолган ва "Специя"нинг анъанавий либоси саналади. 

Специяликларни мухлислар турли лақаблар билан атаб келишади. Жумладан, "бургутлар", "оқлар" ёки "кичик бургутлар" каби иккинчи номлари жуда машҳур. 

spez

Қайд этган натижалари. 

"Специя" асосан, Италиянинг қуйи лигаларида ҳаракат қиладиган жамоа саналади. Клуб 2020/2021 йилги мавсумда А Серияга қайтди ва шундан бери юқори дивизионда иштирок этиб келмоқда. Б Серияга 2012/2013 йилги мавсумда чиққан ва 7 йиллик уринишлардан сўнг А Серияга қадам ранжида қилишга муваффақ бўлган. 

Ўтган мавсум 20 жамоа ичида 16-ўринни қўлга киритган ва базўр лигада қолиш масаласини ҳал қилган. "Бургутлар" ўтказилган 38 ўйинда 10 та ғалаба, 6 дуранг ва 22 мағлубият қайд этган. Клуб 41 та гол уриб, ўз дарвозасидан 71 та тўп олиб чиққан. Бу ўтган мавсум гол уриш борасида энг ёмон 5-кўрсаткич. Гол ўтказиб юбориш бўйича эса энг ёмон 2-натижа саналган. Кўриб турганингиздек, Шомуродов аутсайдер клубнинг қаҳрамонига айланиб олиши ҳам ҳеч гап эмас.

cpezia

Мураббий ва футболчилар ҳақида. 

"Специя"нинг амалдаги бош мураббийи Лука Готти ҳисобланади. У 1967 йилнинг 13 сентябрь кунида Италиянинг Адриа шаҳрида таваллуд топган. Мураббийлик фаолиятини ҳаваскор "Монтебеллуна" жамоасида бошлаган. 2006-2008 йиллар мобайнида Лука Италиянинг U-17 терма жамоасини бошқарган. "Специя"га "Удинезе"даги фаолиятидан сўнг таклиф этилган. 2022 йил 1 июль санасида мутахассис клуб билан 2 йиллик шартномага имзо чеккан. 

Футболчилар ичида атиги 7 та маҳаллий ўйинчи тўп тепади. Қолган 22 чарм тўп устаси легионер. Польшадан 4, Швециядан 2 ва Португалия, Франция, Дания ва шу каби мамлакатлардан биттадан легионер ҳаракат қилади. 

Элдорга рақобатчи сифатидаги футболчилар Даниэле Верде, Эммануэль Гяси, М'Бала Нзола, Раймондс Кроллис ва Давид Стрелич саналади. Ганалик Гяси клуб сардори сифатида ҳаракат қилади.

спецц

Ўйин услуби қандай?

"Оқлар" 3-5-2 схемасида ҳаракатланади. Кўп масофа босиб ўтиши билан ном қозонган. Клуб 20 турга қадар ўртача 110 километр масофани босиб ўтган. Бу чемпионатдаги энг яхши 6-натижа ҳисобланади. "Ювентус", "Рома", "Наполи" ва "Милан" каби жамоалар "Специя"дан орқада. 

Бу шуни англатадики, Шомуродовнинг бўлажак клуби меҳнаткаш йигитлардан ташкил топган. Бу эса айнан Элдорга мос услуб саналади. Унинг тезкорлиги, қарши ҳужумларда яхши ўйнай олиши, ҳимояланишда ҳам намунали ҳаракат қилиши эвазига ҳамюртимиз "бургутлар" ўйин услубига тезда мослашиб кетиши мумкин. 

Специяликларнинг 2 ҳужумчи билан ўйнаши Элдорга бироз ноқулайлик туғдириши ҳам мумкин. Сабаби, терма жамоамиз сардори кўпинча яққол форвард сифатида тўп тепади. "Рома"да ҳам, терма жамоада ҳам иккиталик ҳужумчи варианти камроқ қўлланилади. Шерикликда ҳужумда ўйнаш ҳамюртимизга қанчалик фойда ёки зарар бўлишини тез орада билиб оламиз.

 

Элдор Шомуродов курашишдан қочмайдиган, меҳнаткаш футболчи. У ҳамма ерда рақобатдан қўрқмайди ва умид қиламизки, янги жамоасида ҳам у тезда муваффақиятга эришади. "Рома"га у 6 ойдан сўнг қайтиши мумкин. Агар легионеримиз ўзини кўрсата олса, Моуриньо унга имкон бериши тайин. Ҳамюртимизга келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаб қоламиз!

 

Шоҳрух Зоиров мақоласи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ботир
29/01/2023 20:46
Шомига омад.