"Шорт-листимизда бошқа ўзбек футболчилари ҳам бор, Эркиновни илк кўрганимдаёқ уни зимдан кузатишни бошлаганмиз" - "Торпедо" спорт директори SPORTS.UZ сайтига яна нималарни айтди?

Россия премьер-лигасининг янги мавсуми бошланиши олдидан “Пахтакор” тарбияланувчиси Ҳожимат Эркинов Москванинг “Торпедо” клубига трансфер қилинди ва шу тариқа, иқтидорли ўйинчимизнинг легионер сифатидаги ҳаёти бошланди.

Ниҳоят, яна премьер-лигага қайтган “Торпедо” селекцияда ўзи учун керакли ўзгаришларни амалга ошира олди. 17 июль куни 1-тур доирасида ўз майдонида “Сочи”ни қабул қилади. Эркинов янги клуби сафида дебют учрашувини ўтказиши кутилмоқда.

Ҳожимат “Торпедо”га трансфер қилингач, бу борада Россия ОАВда муносабатлар билдирилди. Табиийки, бундай жараёнда бизда тўғридан-тўғри клубнинг ўзи билан ҳамюртимиз масаласида суҳбатлашиш истаги пайдо бўлганди. Шу боис, Sports.uz мухбири Шуҳратбек Жўраев “Торпедо” бош мураббийи Александр Бородюк билан Эркинов трансфери амалга оширилган пайтларида кунора алоқада бўлиб турди.

Александр Генрихович ҳар сафар биз билан самимий муносабатда бўлиб, футболчимизнинг трансферидан хурсандлиги гапларидан сезилиб турарди. Бироқ расмий ўйин бошланиши арафасида Бородюк бор эътиборини бўлажак учрашувга қаратгани сабабли, биз билан суҳбатга бошқа инсонни тавсия қилди. “Яхшиси, клуб спорт директори Максим Ляпин билан гаплашинг, у барча саволларингизга бажонидил жавоб қайтаради”, деган таклифни айтганида бу бизга ҳам маъқул келди.

Бородюк билан суҳбатни кейинроққа қолдириб, “Торпедо” спорт директори билан суҳбатлашишга қарор қилдик. Бунинг устига у Ҳожимат Эркиновнинг трансфери амалга ошишида фаоллик кўрсатганлардан бири эди. Бош мураббийнинг бизга берган тавсияси ўзини оқлади ва Максим Геннадьевич дастлабки ўйин олдидан ташкилий ишлар билан банд бўлишига қарамай, биз учун бироз вақт ажрата олди.    

- Максим Геннадьевич, авваламбор “Торпедо” клубини Россия премьер-лигаси иштирокчилари қаторига қўшилгани билан табриклайман. Айтинг-чи, жамоанинг бу йилги вазифаси лигада жон сақлаб қолишми ёки совринли ўринлар учун курашишми?

- Табрик учун катта раҳмат. Клуб олдига қўйилган асосий вазифа – бу РПЛга ўрнашиб олишдир.

ляпин1

- Клубнинг селекция ишлари қандай кетяпти? Кимлар билан шартномалар тузилди?

- Режа асосида иш кетяпти. Ўтган йилги таркиб ўзагини ташкил этган йигитларни сақлаб қолиш билан бирга клуб ўйинини кучайтириш учун “янги қон” қуйдик. Бунинг натижасида таркибга ёш ва навқирон ўйинчилардан ташқари кўпни кўрган тажрибали ижрочилар ҳам келди. Умид қиламанки, “Торпедо” ёш ва малакали ўйинчилардан ўзига хос қоришма ҳосил қила олади. Шунингдек, бунга қадар камроқ ўйин амалиётига эга бўлган футболчилар учун ўзларини қониқтирадиган вариантларни ҳам топдик.

- Ҳожимат Эркиновни трансфер қилиш ташаббуси кимдан чиқди?

- Бу умумий – раҳбарият ва мураббийлар штаби вакилларининг келишган ҳолда қабул қилган қарори бўлди. Шахсан мен Ҳожимат Эркиновнинг ўйинини бевосита Туркиядаги йиғин чоғида “Пахтакор”нинг Киевнинг “Динамо”сига қарши ўйинида кўрганман. Дарвоқе, ўша учрашувга мени “ProSportAsia” раҳбари Қаҳҳор Мўминов таклиф қилганди. Ўша беллашувда Эркинов ўзидан яхши таассурот қолдиргани боис, уни зимдан кузатишга ва имкон туғилган заҳоти таркибга жалб этишга ҳаракат қилгандик. Яъни, ўша пайтда футболчини қўлга киритиш имкониятларини ўрганишни бошлагандик.

хожимат1

- Сиз ва клуб президенти Тошкентга келиб музокара олиб борибсизлар. Пойтахтимиздаги ташриф қандай кечди ва музокаралар қай тариқа олиб борилди?

- Сизда аниқ ва тўғри маълумот бор. Ҳожиматга бошқа клублар ҳам кўз тикиб тургани боис, дарҳол ҳаракатга тушишимизни вазият тақозо этарди. Биз Эркиновнинг ажойиб оиласида бўлдик, “Пахтакор” раҳбарлари билан учрашдик, биргаликда футбол томоша қилдик. Кўриб турганингиздек, ҳаракатларимиз зое кетмади: Эркинов “Торпедо” ўйинчиси! Ҳозир энг асосийси, Хожимат Эркиновнинг янги жамоага мослашиб олишидир. Уни клубда жуда яхши қабул қилишди. Фақат унга баъзида этишмаётган ягона нарса бу – спортчиларга хос бўлган “сурбетлик”дир. Машғулотлар чоғида тезлик билан жарима майдонига ёриб кириш ёки бирга-бир вазиятларда рақибни алдаб ўтиш ўрнига Эркинов шерикларига пас бериб ўйнаяпти (Ваҳоланки, буни у зўр уддалай олади). Бироқ бунинг қўрқинчли жойи йўқ. Унга етишмаётган кўникмаларни Александр Генрихович доимий равишда эринмасдан тушунтиряпти.

- Эркиновнинг трансфер суммаси қанчага тушди?

- Бу борадаги маълумотни изоҳлаб ўтиришни истамаган бўлардим.

ляпин2

- Шунингдек, “Навбаҳор” ҳужумчиси Зоран Марушичга ҳам қизиқиш билдиргансизлар. Ёки уни таклиф қилиш фикридан қайтдингларми?

- Ҳа, биз ҳам қизиқдик. Зоран Марушич ҳали Беларусда ўйнаб юрган кезлариданоқ унга қизиқиш билан қараб келяпмиз. У рус тилида аъло даражада сўзлаша олади ва энг асосийси, малакали футболчи. Аммо биз фақат унигина кузатиш билан чекланиб қолмаяпмиз. Чунки Ўзбекистонда бизнинг шорт-варақамизга исм-шарифлари туширилишга лойиқ бўлган қатор ўйинчилар бор.

- Бундан чиқди, сизларда яна бошқа ўзбек ўйинчиларининг рўйхати борми?

- Албатта.

ляпин

- Юқоридаги саволнинг давоми. Ўтган ойда “Торпедо” клуби “Навбаҳор” билан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришганди. Бундан кўзланган мақсад нима?

- Самвел Бабаян билан яқиндан таниш бўлганимиз учун ҳам бу ишга ўтиш учун бизда имкон туғилди. Бабаян – теран фикрловчи мураббийдир. Унинг Ўзбекистон футболи ҳақидаги фикрлари нафақат муҳим, балки қизиқарлидир. Лекин яқин орада жамоаларимиз ўртасида музокаралар олиб боришнинг мавриди эмас, деб ҳисоблайман. Нега деганда, “Навбаҳор”да чемпионлик учун курашда жуда яхши имконият юзага келган. Шундай экан, бу жамоага халақит бермоқчи эмасмиз. Фақат ёрдам бериш керак холос. Чемпионатнинг танаффусдан кейинги қисмини давом эттириш учун “Навбаҳор”га спарринг-рақиб бўлишга тайёрмиз.

- Шунингдек, “Торпедо” Остон Ўруновга қизиқиш билдиргани ростми?

- Қизиқарли нарса ҳақида гапиришдан маъно йўқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!