"Шўртан" янги мавсумга тайёргарликни бошлади (фото)
"Шўртан" клуби янги мавсумга тайёргарликни бошлади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
"Юртимизда футбол мавсуми якунланиб бормоқда. Футбол жамоалари таътилга чиқишига қарамай, клублар янги мавсумга тайёргарликни бошлаб юборишади. Ҳар холда ўз олдига юксак мақсадларни қўйган клублар янги мавсум тараддудини ҳозирданоқ бошлаб юборишган.
“Шўртан” жамоаси жорий мавсумда Про лигада 5-ўринни, ёшларимиз “Шўртан” U-19 жамоаси эса 24 жамоа орасида Ўзбекистон биринчилигида кучли бешликдан жой эгаллади. Шу тариқа ғузорликлар учун 2023 йилги футбол мавсуми ўз якунига етди.
“Футбол-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-355 сонли Ўзбекистон Республикаси президенти қарори ижросини таъминлаш ва 2024 йилги мавсумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида “Шўртан” профессионал футбол клуби ҳозирданоқ тайёргарлик ишлари бошлаб юборган.
Клуб тайёргарлик доирасида Ғузор “Марказий” ўйингоҳи ёритиш тизимини 1400 люксга келтирди. Стадион майсасини суғориш тизими ҳам автоматлаштирилди. Мавсум якунида майдонга минерал ўғитлар билан ишлов берилиб, янги мавсум учун ёпилди.
Ўз келажаги ҳақида қайғураётган клуб футбол академияси майдонига ҳам автоматик суғориш тизими ва ёруғлик тизимларини ўрнатди.
“Шўртан” футбол клуби ҳомийлар томонидан яратиб берилган шарт-шароитлардан тўғри фойдаланган ҳолда ўзбек футболини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган", - дейилади хабарда.
Фикрлар