"Шўртан"да вазият ўзгарса, қайси клубдан ўйинчилар олиниши ойдинлашмоқда. Криушенконинг пуллари тайёр, фақат...

“Шўртан” клуби про-лигадаги тўртта ўйинда ҳам ютқазди. Йирик ҳисоблардаги мағлубиятлар энди одатий ҳолдек туюляпти. Негаки, жамоада рақобат йўқ, футболчилар етишмовчлиги юз беряпти.

Ҳаммага маълум, “Шўртан” қарздорлик сабабли, ФИФАнинг таъқиқига учраган ва янги ўйинчиларни трансфер қилиш имкониятидан маҳрум қилинган. Қачонки, беларуслик Игорь Криушенко ва унинг ёрдамчисидан бўлган қарздорлик бартараф қилинса, вазият ўзгариши мумкин.

Жамоа бош мураббийи Асрор Алиқуловга ҳам осон тутиб бўлмайди. У sports.uz мухбири билан суҳбатда оғриқли муаммолар ҳақида гапирди ва Криушенкога тўланадиган пуллар ҳам тайёрлигини айтди.

- Игорь Криушенко масаласи деярли ҳал бўлиш арафасида турибди, - деб сўзини бошлади, бош мураббий. - Клуб менежери Шамиль Ярулин ва ҳомийимизнинг ҳаракати билан тўланадиган пуллари тайёр. Фақат Криушенкога алоқага чиқиб, унга пулларни қай тартибда тўлаб бериш масаласи қолган холос. Ярулин унинг ўзи билан алоқага чиқди. Бизга қолса, Игорь Николаевич Ўзбекистонга келиб пулларини олиб кетса, яхши бўларди. Аммо у келмаслигини айтган. Бу борада ПФЛ ҳам ёрдам беряпти. Қандай йўл билан бўлса ҳам, тез кунларда бу масалани ҳал қилиш ҳаракатидамиз. Криушенко ҳамда Воривончикдан қанча қарздорлик борлигини очиғи билмайман. Игорь Криушенкони сизнинг ёрдамингиз билан топдик. Шундан сўнг, унинг ўзига Шамиль Ярулин алоқага чиқди. Ҳомийларимиз қўллаб-қувватлади ва барча пуллар тайёр. Бу катта пуллар. Албатта, Криушенко Ўзбекистонга келганида осон бўларди, тўлашимиз. Уларга қарзларни тўлаб берсак, ўша куннинг ўзидан ФИФАнинг тақиқи олиб ташланади. Бизда 10 дан ортиқ бўш жойлар турибди ва зудлик билан ўша позицияларни тўлдирамиз. Ёшларимизнинг савияси про-лига учун мос бўлмагани боис, уларнинг ўрнига ҳам тажрибалироқ ўйинчиларни таклиф қилиш ниятимиз бор.

асрор1

- “Шўртан” чемпионатдаги тўртта ўйинни деярли қаршиликсиз ютқазди. Бундай пайтда мураббий сифатида ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Нукусликлар ва бухороликлар билан ўйинлар майлику-я, аммо “Хоразм” ва “Олимпик”га қарши учрашувлар жуда ёмон кечди. Бундай мағлубият ва жамоанинг кўрсатган ўйини мураббий учун оғир жараён.

- Сизга муаммоли жамоада ишлаш шунчалик керакми?

- Йил бошида қандайдир имконият бордек эди. Бошқа жамоага кетишим мумкин эди, аммо “Шўртан”ни танладим. Таркибдаги бир қатор футболчиларни ўринбосарлар сафидан ўзим тайёрлаб борганман. Мени “Шўртан”га Шамиль Самигулович чақирганди. Шу инсон учун ҳам клубда қолганман. Ҳозирги ҳолатни ва мағлубиятларни ҳазм қилиш қийин бўляпти. Аммо биз қўл тушираётганимиз йўқ. Биринчи навбатда, мухлислар олдида юзимизни ёруғ қилиб, клуб мавқеини тиклашимиз керак.

асрор_6

- Мағлубиятлар, биринчи навбатда, сизга оғир ботаётгани билиниб турибди. Бундай вазият туфайли мураббийлик фаолиятингизга салбий таъсир кўрсатишидан чўчимаяпсизми?

- Бу хавотирга солмаяпти. Ҳа, қийин. Фақат буни тўғри қабул қилиб, ўз устимда ишлашим зарур. Кейинчалик яна шундай вазиятларга тушиб қолмаслик учун ўзимни кучлироқ қилишим даркор.

- Таркибда ўйинчилар етишмаслиги, рақобатнинг йўқлигидан келиб чиқсак, ўйинлардан олдин мағлубиятни тан олиш ҳолатлари ҳам учраяптими?

- Бу футболчиларда кузатиляпти. Масалан, бир-иккита голдан кейин ўйинчилар қўлни туширяпти. Энг ёмони, бизда футболчилар камлиги боис, бундан айрим йигитлар ўз манфаати йўлида фойдаланяпти. Мураббий учун бу жуда оғир. Ўйинчилар етарли эмаслиги учун у интизомни бузиши мумкин, ўйинда ҳам борини бермайди. Сиз унга эътироз билдирсангиз, ёқмаса кетиб қолиши ҳам мумин. Чунки бизда бошқа ўйинчи йўқ. Баъзи вазиятларда уларнинг кўнглига қараймиз. Бошқа иложимиз йўқ. Қолаверса, жароҳатлардан ҳам чўчияпмиз. Агар яна йўқотишлар бўлса, “Ал-Ҳилол”нинг ўтган йилги ҳолатига тушиб қолишимиз мумкин. Ўшанда улар коронавирус туфайли ўйинчилар етишмовчилигига дуч келганди. 

асрор2

- “Шўртан”нинг ҳозирги молиявий имконияти қандай?

- Бу борада муаммо йўқ. Молиявий томонлама ойлик маошлар вақтида тўланяпти. Фақат бизда мукофот пуллари йўқ. Худо хоҳласа, Шамиль Ярулин ўйинчиларга мукофот пулларини ажратиш бўйича ҳам иш олиб боряпти. Бунинг учун ғалаба керак. Мукофот пули ўтган йилнинг ўрталаридан бекор қилинганди.

- Лекин вазият шу аҳволда давом этса, у ҳолда...

- Биз ҳамма томонини ўйлаймиз. Албатта, яхши тарафга интиламиз, бироқ ёмонига ҳам тайёр туришимиз керак. Жамоамиздан тақиқ олиб ташланса, қаердан футболчилар олишимиз мумкин? Барчаси ўз клубига эга. Яқинда “Истиқлол” фаолиятини тўхтатиши ҳақида айтилди. Биз ушбу жамоадан бир қатор футболчиларни таклиф қилиш ниятимиз бор. ПФЛ ҳам ўйинчиларни кўчада қолиб кетишига қараб турмаса керак. Аслида Ярулин келганидан кейин анча қарзлар тўланди. Фақат энг каттаси сифатида Криушенконинг пуллари қолган. Ҳозир шу масаласини ҳал қилиш арафасидамиз. Фақат боя айтганимдек, пулларни унга қандай етказиб бериш қолган холос.   

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Akbarali Abdunazarov
15/04/2021 05:04
Академиядан чикаетган уйинчиларни куйиб юбормаслик керак эди!УЗИ клубларни мана шундай кийнаш керак, академиянинг ва хомийларнинг пулига кейин кадрига етади! ПФЛ ШУ ЛИГИОНЕРЛАР БИЛАН ТУЗИЛАЕТГАН ШАРТНОМАЛАРНИ ЯХШИЛАБ ТЕКШИРИБ КЕЙИН РУЙХАТДАН УТКАЗИШНИ ТАКЛИФ КИЛАМАН, БУНДАЙ ХОЛАТЛАР БУЙИЧА НАВБАХОР КАНДАЙ КИЙНАЛДИ, УЗБЕКЛАР ПУЛЛАРНИ КУЧАДАН ТОПАЕТГАНИ ЙУККУ! Агар кайси клубнинг жавобгарлари ана шундай холатга йул куйган булса чунтагидан тулаттириб футболдан умуман йук килиш керак! Агар хомийлар томонидан туланса жавобгарликка тортиш керак, ахир бу чиста растратаку!
Akbarali Abdunazarov
15/04/2021 04:56
Курпага караб оек узат дейишган, кимларнингдир манфаати эвазига бир тийинга киммат уйинчиларни олиб келгансизлар, чунтагингдан туласаларинг билардиларинг хомийларнинг пулини уйлаб ишлатиш керак, шуртанни пулларини совурадиган вакт утиб кетди. Канчадан канча уйинчиларни узларинг олиб колмадингларку, энди жириллайсизлар, шуртанга лигионер нима керак, пул ишларни бошка пулини топа олмагансизларда!