2018 йили “Шўртан”га бош мураббийлик қилиб, сўнг ўтган йили “Машъал”ни бошқариб Суперлигага олиб чиққан Асрор Алиқулов бу йилдан бошлаб яна Ғузорнинг “Шўртан” жамоасида ишлайдиган бўлди. Ҳаммасига сабаб унда Про лицензиясининг йўқлигидадир. Биз эса Асрор Чориевич билан иш фаолиятига тааллуқли бир қанча муҳим масалаларда суҳбатлашдик. Ўзи эса суҳбатни  “Машъал”ни тарк этгани ҳақидаги гап билан бошлади.

- Биласиз, “Машъал”да ишлаб Суперлигага чиқдик. Аммо у ерда ишлайдиган мураббийларнинг лицензияси Про бўлиши керак. Бу орада эса “Машъал” ҳам ўзига бошқа мураббий қидирди, португалиялик ва яна бошқа мутахассисларнинг номзодларини кўриб чиқишаётганди. Гапнинг очиғи, Муборакдан кетиш қарорини қабул қилиш менга қийин бўлди. “Машъал”нинг дастлабки бир ҳафталик ўқув-машғулотларида иштирок этдим ва ўша маҳалда нима қилиш кераклиги борасида роса ўйландим. Суперлига учун вақт кам эди, мен ўз йўналишим бўйича жамоани шуғуллантираётган тақдиримда ҳам барибир клубга бошқа мураббий келарди ва жамоани ўз фалсафаси бўйича тайёрларди. Натижада жамоа бундан қийналиб қоларди. Шу томонларини ҳам ўйладим ва Илҳом Қурбонов билан гаплашиб ҳали вақт борлигини, янги мураббийни эртароқ олиб келиш кераклигини гаплашдик. Аммо Илҳом Абдуғаниевич менинг клубда қолиб ишлашимни хоҳлади. Кейин эса менга “Шўртан”дан таклиф бўлгач, яна Ғузорда иш бошлашга қарор қилдим, - дейди Алиқулов.

- “Шўртан”га сизни айнан ким таклиф қилди?

- Янги бош менежер сифатида Шамиль Ярулин иш бошлади. Айнан у мени бош мураббийликка таклиф қилди. “Шўртан”нинг олдига эса Суперлигага йўл олиш вазифаси қўйилди. Ярулинни эса анчадан бери яхши танийман. У Ғузорда яхши жамоа шакллантириш борасида кеча-ю, кундуз ишлаяпти. “Шўртан” таклифини қабул қилишимда ўша инсоннинг ўрни жуда катта.

- “Шўртан” муаммолар гирдобига тушиб қолганлигини барча яхши билади. Ўтган йили Ғузорни тарк этиб, “Машъал”га ўтган пайтингизда ҳам “Шўртан”нинг сиздан анчагина қарздорлиги қолиб кетганлиги ҳақида айтгандингиз. Айтинг-чи, ўша қарздорлик бартараф этилдими ёки сиз ундан воз кечиб юбордингизми?

- Сиз тўғри айтяпсиз, чиндан қарздорлик бор эди. Аммо ўтган вақт давомида “Шўртан” анча-мунча қарздорликни бартараф этди. ПФЛда ишлаётган Диёр Имомхўжаев ушбу масала бўйича жуда талабчан ҳамда вазиятни яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилади. Тўғриси, Диёр туфайли “Шўртан”да қолиб кетган пулларимни олдим. Адашмасам, клуб 80 фоиз қарздорликни бартараф этди.

- Пулларингизни ундириб бериш бўйича ўзингиз Диёр Имомхўжаевга мурожаат қилганмидингиз?

- Клубдан кетган пайтимда Диёрнинг ўзи анчагина қарздорликлар қолиб кетганини эшитган ва у бундай ноҳақликларга жим қараб тура олмаган. Клубдан барча ҳужжатларни тақдим этишини сўраган ва бу ишларда ўзи фаоллик кўрсатган. Аммо бу масалада Имомхўжаевга мурожаат қилмаганман. Яна озроқ пулларим қолган ва буларни ҳам яқин кунларда бартараф этишади. Бунинг учун ёзди-чизди қилишнинг ҳожати йўқ.

- Бундан кейин ҳам “Шўртан”да яна қарздорликлар юзага келмаслигига ишончингиз комилми?

- Янги менежер барча ишни қиляпти. Биринчи навбатда клубда қарздорлик ишларини тўхтатишга жиддий қарамоқда. Катта-катта қарздорликлар ҳам ёпиляпти. Бу томонлама кўп иш қиляпти. Энди янгича “Шўртан”ни шакллантириш учун кенг кўламли ишларни олиб боряпти.

аликулов 77

- Барибир бўлиб ўтган ишлардан кейин кўпчилик у ердан норози бўлиб кетганди. Умуман олганда, ишга таклиф қилишда сизни нимаси билан ишонтира олишди?

- Энг катта сабаб Ярулиннинг қандай инсонлигини ўзим яхши билганлигим учун келдим. Мен унга ишонаман. Ўзи ҳам менга катта ишонч билдиряпти. “Шўртан” мухлисларининг юзини ерга қаратмаслик учун бор кучим билан ҳаракат қиламан. Бизнинг муваффақиятли ўйинларимиз эса Шамиль Ярулиннинг ишларини анча енгиллаштиради.

- Барибир “Шўртан”да юз берган ўзгаришлар туфайли клуб ўзидан худди салбий таассурот қолдираётгандек бўлаверарди. Хорижликлардан бўлган қарздорликлар, жарима сифатида очколарнинг олиб ташланиши, ФИФАнинг жазоси...Натижада у ерга бориб ишлашга бошқалар иккиланиб ҳам қолишган. Шуни ҳисобга олганда, ич-ичингиздан таваккалчиликка қўл урдиммикин, деган ўй-ҳаёл ўтмаяптими?

- Қийинчиликдан қўрқиш йўқ. Имконият бўлсаки, биз яхши жамоа ташкил қила оламиз. Тўғри айтасиз, биз таваккалчиликка қўл уряпмиз. Ўзимиз хоҳлагандек футболчиларни топа олмаймиз. Кўпроқ ёшларни олиб тарбиялаяпмиз. Уларнинг ўйинига ва шаклланишига жиддий эътибор қиламиз. Ёши катта футболчиларимизга ҳам кўп нарса боғлиқ бўлади.

- “Шўртан”даги режаларингизни ҳам ишлаб чиққандирсиз?

- Мавсумга тайёргарлигимиз учта босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичини эса бошлаганмиз. Ҳали про-лиганинг тақвими чиққани йўқ. Ҳаммаси маълум бўлганидан сўнг режаларни ишлаб чиқишимиз янада енгиллашарди. Шунинг учун ҳозирча қисқа-қисқа режалар тузиб турибмиз. Клубнинг молиявий сметаси тасдиқланганидан кейин Тошкентда ҳам шуғулланамиз ва шунга қараб ишларимизни давом эттирамиз. Айрим ўйинчилар билан оғзаки келишиб қўйгандик. Аммо биз бироз кечроқ йиғилганимиз туфайли улар бошқа клубларга ўтиб кетишди. Таркибда катта ўзгаришлар қиламиз деб айта олмайман. Биринчи навбатда ўзимизга хос ва ўзимизга мос футболчиларни олишга ҳаракат қиламиз. Очиғи, кўп ҳам номдор ўйинчиларни олиш режамизда йўқ.

- У ҳолда қандай қилиб Суперлигага чиқмоқчисизлар? Барибир таркибда тажрибали футболчилар ҳам керак-ку!

- Ўтган йили “Шўртан”да тўп сурган ўзимизнинг етакчиларнинг бир нечтасини сақлаб қолдик. “Насаф”дан икки-учта ёш ўйинчиларни оляпмиз. Булардан ташқари, яна бошқа футболчиларни ҳам олиб кўрикдан ўтказиб кўрамиз.

- Клубда энди молиявий ҳолат қандай аҳволда?

- Ўйлайманки, ҳозир анча яхши. Умид қиламанки, бу йил молиявий томондан “Шўртан”да ишлар ёмон бўлмайди. Шамиль Ярулин бу масалада жуда тиришқоқ. Афсуски, “Шўртан”даги олдинги раҳбарлар бу томонлама жуда суст ишлашган. Ҳозирги йўл эса “Шўртан” учун катта қадам.

аликулов78

- Ўтган йили “Шўртан”ни тарк этиб, “Машъал”да иш бошлаган пайтингизда яна қачондир Ғузорга қайтиб ишлайман деган ҳаёлга борганмидингиз ёки бундай ўй-хаёлларни миянгиздан чиқариб юборганмидингиз?

- Тўғриси, бўлиб ўтган ишларни кўп ҳам эслаб юрмайман ва унутишга ҳаракат қиламан. Агар бировдан хафагарчиликни сақлаб юрсангиз ҳам бу яхши одат эмас. Мени ишдан бўшатишган бўлишса ҳам барибир клуб раҳбарлари билан қаердадир кўришиб қолсам ҳам яхши муносабатда бўламан. Мени битта қийнаган нарса шу бўлдики, ўша пайтда 18 ёшдаги ўйинчилар ҳозирда 20-21 га тўлишди ва уларнинг кўрсатаётган ўйин даражасини кўриб ачиниб кетяпман. Ваҳоланки, илгари уларнинг иқтидори катта эди. Чунки “Шўртан”да олдин ишлаган пайтимда аксариятини ўзим олиб келгандим. Уларни эса бундай аҳволда кўриш мен учун оғир. Тўғри, айримлари асосий таркибда ўйнашяпти. Аммо уларнинг сони янада кўпчиликни ташкил қилиши мумкин эди. Мана, эндиликда ўша футболчилар роса керак бўляпти.

- “Машъал”нинг Суперлигага чиқишида бош мураббий сифатида катта ҳиссангизни қўшдингиз. Лекин четдан қараганда сизнинг у ердаги фаолиятингиз гўёки бир йиллик эди. Нимагаки, “Машъал” Суперлигага чиққанида ҳам барибир сизда бош мураббийлик қилиш учун Про лицензиянгиз йўқ эди. Шу боис кетишингиз у қадар кутилмаган ўзгариш бўлиб туюлгани йўқ...

- Бундай масалани сиз айтдингиз ва айрим танишларим ҳам айтишганди. Барибир иш давомида хаёлан бўлса ҳам қўл остимдаги йигитларнинг Суперлигадаги имкониятлари борасида таққослардим. Таркибни қандай кучайтириш бўйича ҳам ўйлаб юрардим. Январь ойида кўп нарса мавҳум бўлиб қолавергач, эртами-кечми бошқа мураббий келишини тушуниб тургандим. Клубни эса Суперлигага мен олиб чиқдим деб ҳисобламайман. Бу барчамизнинг меҳнатимиз. Мени битта нарса қувонтирдики, “Машъал” Суперлигага чиққан куни клубдаги барчанинг хурсандчилиги ҳалигача кўз олдимдан кетмайди. Майли бу ҳолатда ўзимда бироз чекиниш бўлиши мумкин, аммо клубнинг манфаатини устун қўйдим. Жамоа тезроқ янги мураббий бошчилигида шуғулланиши учун эртароқ кетдим.

- Демак, ўзингиз ҳам “Машъал” Суперлигага чиққанида клубдан кетаман деб юрганмидингиз?

- Йўқ, иш жараёнида бу ҳақида кўп ҳам ўйламадим. Фақат мавсум тугаганидан кейин ўйлашни бошладим. Албатта, Суперлига учун ўзимга яраша тайёргарлик режалари бор эди. Аммо бир томондан менда Про лицензиясининг йўқлиги ҳам ҳаёлимдан чиқмаётганди. Бу орада эса клуб бошқа мураббий излаётганди. Натижада кетишга қарор қилдим. Юқорида айтганимдек, Илҳом Қурбонов жамоада қолиб ишлашимни хоҳлаганди. Ваҳоланки, “Машъал” билан икки йилга шартнома тузгандим ва яна унинг бир йили қолганди. Нима бўлганда ҳам раҳбариятдан миннатдорман. Улар мени тўғри тушунишди ва ўзаро келишиб шартномани бекор қилдик.

- “Машъал” ўзига янги бош мураббий излаётганини четдан эшитганмидингиз ёки сизни бундан ўзлари хабардор қилишганмиди?

- Кўпроқ четдан эшитдим. Лекин, тўғри, раҳбарият билан ўзаро гаплашган чоғимизда ҳам бу масалада ишлар олиб борилаётганлиги ҳақида айтишганди. Аммо Илҳом Қурбонов бош мураббийликка ким келишининг қизиғи йўқ, сиз барибир “Машъал”да ишлайсиз деганди. Лекин ўзим қарор чиқардим.

- Эндиликда сиз учун яна ўтган йилги сценарий такрорланмаяптимикин? Яъни, “Шўртан”га бош мураббий этиб тайинландингиз, клубнинг мақсади Суперлигага чиқиш. Мавсум охирида вазифа бажарилгач, Про лицензиянгиз йўқлиги учун яна кетасизми? Ҳар ҳолда воқеалар ривожи шунга ўхшаб кетяпти.

- (Кулади) Шамиль Ярулин билан гаплашганимда агар яхши жамоа тузсам Про лицензия учун ўқишни клуб ўз зиммасига олишини ва бу борада у клуб президенти билан гаплашишини айтганди. Агар бу йил Про лицензиясига ўқишлар бўладиган бўлса, мен унда албатта ўқийман.

аликулов79

- “Шўртан” билан шартнома имзоладингизми?

- Ҳозирча шартнома тузмадик. Ярулин айтдики, клубда ҳали йиллик бюджет тасдиқланмай туриб ҳеч ким билан шартнома имзоламаслигини айтди. Ўйлайманки, тез орада смета тасдиқланади ва клубдаги барча мураббий, футболчилар ва ходимлар билан шартномалар имзоланади.

- Мураббийлар штабингизни ҳам аниқлаштириб олдингизми?

- Ботир Қодирқулов билан Акмал Саитқулов ёрдам беради. Дарвозабонлар билан Шерзод Каттаев ишлайди.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)