Шов-шувли гол бўйича асосий айбдор ким? "Машъал" раҳбари қандай муносабат билдирди?
Кеча “Машъал” ҳамда “Қўқон-1912” учрашувида киритилган биринчи гол бўйича билдирилаётган фикрлар ва мулоҳазалар тинмаяпти. Бу катта акс-садо келтириб чиқаряпти.
Ҳамманинг фикри турлича, кимдир ундай, кимдир бундай дейди. Ҳакамлар томонидан голнинг инобатга олиниши яна танқидларга сабаб бўлди. “Машъал” жамоаси бу вазиятга қандай муносабатда?
Албатта, ўйин Муборакда бўлди ва мезбон “Машъал” эди. Шунинг учун ташкилий ишлар бўйича ҳам тўғри ёндашув зарурлиги кўриниб қолди. “Машъал” клуби бош директори Илҳом Қурбонов sports.uz учун ўз муносабитини очиқ-ойдин билдирди.
- Биласиз, ҳар қандай изоҳларни кузатиб бораман. Танқид келажакнинг меваси. Мен ҳамма нарсани тўғри қабул қилишга ҳаракат қиламан. Кўпчилик кечаги ўйиндаги вазият учун ПФЛ ва ҳакамларни айблаяпти. Лекин уларни айби йўқ. ПФЛ билан икки йилдан бери ишлаш ёқимли. Нимага? Уларга ўз фикримизни ва ғояларимизни айта оламиз. ПФЛ эса, ҳар қандай ҳолатда ҳам бизнинг истакларимиз ва таклифларимизни профессионал тарзда қабул қиляпти. Ўз ўрнида, бизни иш юзасидан танқид қилса, буни ҳам тўғри қабул қиляпмиз ҳамда камчиликларимизни ПФЛ билан бирга бартараф қилишга ҳаракат қиляпмиз. ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев билан яхши алоқада ишлаяпмиз.
Яна қайтараман: кечаги ўйинда ПФЛнинг ҳеч қандай айби йўқ. Ўша голли вазият 99 фоизга менинг раҳбарлигимдаги “Машъал” жамоасининг хатоси. Чунки шароитни профессионал даражада яратиб беришда бироз хатога йўл қўйдик. Бу ерда техник хато бўлган. Юриб турган нарса тўхташи ёки турган нарса синиши мумкин. Футболда ҳар хил вазият бўлади. Гол урилган пайтда 1 фоизи рақиб жамоа билан ҳакамларнинг ўзига ҳавола. Балки ўша пайтда улар вазиятга бошқача қарашганида...нима бўлганда ҳам асосий хато бизда бўлди.
Дарвозанинг тўрларини пластмасса ушлаб туради. Бошида текширилганида ҳаммаси жойида эди. Фақат ўйин олдидан жамоаларнинг тайёргарлиги пайтида тўп дарвоза тўрига текканида уни ушлаб турадиган пластмасса бироз пастга тушиб қолган. Бунинг оқибатида тўр кенгайиб қолган. Энди қаранг, ўйин пайтида берилган зарба айнан ўша кенгайиб қолган тешикдан кириб кетгани – бу чинакам тасодиф. Ашурматов айтганидек, мўъжиза. Агар ҳозир яна ўша жойдан гол уриш учун минг марта ҳаракат қилсангиз ҳам, бу бошқа содир бўлмаслиги турган гап. Шу боис, ушбу ўйиндаги ҳолат учун кимнидир айблаш нотўғри. Бу бизнинг техник хатомиз ҳисобланади. Ўйинни профессионал даражада ўтказишда камчиликка йўл қўйдик. Буни мухлислар тўғри тушунишлари керак. Ўша вазиятни кўриб туриб тўғриси виждоним қийналди. Рақиб, ҳакам ёки ПФЛни айблаш ноўрин. Чунки боя айтганимдек, бу ўзимизнинг хатоимиз бўлди. Фақат бир фоизгина рақиб билан ҳакамнинг виждонига ҳавола.
Бир нарсани тушуниш керакки, ўша ҳолатга бир қарашдаёқ инсон аниқ баҳо бериши қийин. Шундай экан, ҳакам ҳам инсон, робот эмас. Мен уларни оқламоқчи ёки қораламоқчи эмасман. Ҳар доим ўз фикримни айтиб келганман. Ҳакам тўп дарвозанинг ичида бўлса гол деб ҳисоблайди. Ўйин бошида дарвоза сеткаларини текширганида йиртилган жойи йўқ эди. Шунинг учун ҳакамлар устидан ариза ёзишим қанчалик тўғри ёки нотўғри?! Мен улардан айб қидираётганим йўқ. Ҳар бир танқидни тўғри қабул қилиб, устимизда ишласак, шунда ўсишга эришишимиз мумкин. Барча айбни ҳакам ва рақиб жамоага ағдариб ўзимизни оппоқ қилиб кўрсатишимиз ҳам нотўғри.
Гол бўлганда кўплаб футболчилар вазиятни тушунмай қолишди. Айтяпман-ку, бир фоизгина рақиб жамоа билан ҳакамларнинг виждонига ҳавола. Агар тўпни тепган футболчи ҳаммасини кўриб туриб, ҳақиқатни яширган бўлса, унда унинг виждонига ҳавола. Уч йил олдин Украина чемпионатида шундай ҳолат бўлганини кўрганман. Аутдан тўпни ташлаб беришганида, худди шундай гол уришган. 5-10 дақиқадан кейин рақиб жамоа фэйр-плей тамойилига асосан, ўз дарвозасидан гол ўтказган. Шунинг учун мен бундай вазиятда “Қўқон-1912” жамоаси ҳақида ҳеч нима дея олмайман. Бу уларнинг хоҳиши. Хатоларимиз устида ишлаймиз ва янада эътиборлироқ бўлишга ҳаракат қиламиз. Бу эътиборсизлик билан боғлиқ эди, - дейди Қурбонов.
Фикрлар