"Шу пайтгача легионер бўлишга қизиқмаганман, аммо энди..." - Мурод Холмуҳаммедов қачон бир қарорга келишини айтди
Футболчиларни у клубдан, бу клубга кўчиб ўтиши одатий ҳол. Ҳозир роса ўйинчиларни бозори чаққон бўладиган пайт. Клублар билан ўйинчилар ўртасидаги битимлар нари борса бир йилни ташкил қиляпти. Натижада мавсум тугагач, яна бошқа чақирувлар сари ошиқадилар. Биз бундай жараёнда футболчиларни айбламоқчи эмасмиз. Шунчаки, мана шундай паллада бир ёки икки йил эмас, балки бир неча йил мобайнида бир клубда тўп суриб келаётган ўйинчилар ҳам борлигини эслатиб қўймоқчимиз.
Ана шундай футболчилардан бири Мурод Холмуҳаммедов бўлиб, у “Қўқон-1912” жамоасида 2016 йилдан бери тўп суриб келмоқда. Унгача “Пахтакор”, “Сўғдиёна” каби клублардаги фаолияти орқали яхши билардик. Тўғри, орада қисқа муддат ижара асосида “Бунёдкор”да ҳам ўйнади ва яна тезда “Қўқон-1912”га қайтганини яхши эслаймиз.
Қўқонга келиб, Мурод футболчи сифатида янада ўсди, миллий терма жамоа даражасигача кўтарилди. Ўз навбатида, уни Қўқонда жуда ардоқлашади. Ўз ўйинлари билан мухлисларнинг меҳридан жой олди ва асосий таркибнинг алмаштириб бўлмас ўйинчисига айланди. Қизиқ, Холмуҳаммедовни шунча йилдан бери “Қўқон-1912”да нима ушлаб тураркин-а?
“Яхши савол бўлди. Мени “Қўқон-1912”да жамоанинг аҳиллиги, бир оила экани ва раҳбариятдаги яхши инсонларнинг меҳнати ушлаб туради. Қолаверса, мен футболчи сифатида айнан ушбу жамоада яхшигина ўсишга эришдим”, - дея жавоб қайтарди, Холмуҳаммедов.
У ҳимоячи, лекин гол уришни ҳам канда қилмайди. Ҳар мавсум ҳатто бир қанча ҳужумчилар эплай олмаган ишларни ҳам бажаради. Мурод стандартлар устаси. Бу борада унга гап бўлиши мумкин эмас. Жорий мавсумда футболчи қўқонликлар сафида 21 та учрашувда майдонга тушиб, 3 марта гол урди. Аслида голлари ва ўйин сони кўпроқ бўлиши керак эди. Бироқ жароҳат туфайли бир қанча баҳсларни ўтказиб юборишига тўғри келди. Табиийки, бундай етакчи бўлмаган пайтда жамоаси ҳам қийинчиликларга дуч келди. Якунига етган мавсум ҳақида гап кетар экан, бу хусусида Мурод Холмуҳаммедов шундай деди:
“Бу йилги мавсум охиригача жуда қизиқарли ҳамда шиддатли тарзда кечди. Шу билан бирга бизнинг жамоага ҳам қийин бўлганини айтишим керак. Умуман олганда, бу йилги мавсумдаги иштирокимизни ўртача ритмда ўтказдик, деган бўлардим. Энди ўзимга тўхталсам, ҳеч бир футболчи ўз ўйинидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилмаса керак. Шу қатори мен ҳам шундайман. Бунинг устига чемпионат мобайнида кўп жароҳат олдим. Бунақаси ҳали бўлмаганди”.
Ҳа, биз ҳам уни илгари бу каби жароҳатлар гирдобига тушиб қолганини эслай олмаймиз. Лекин ҳаммаси ортда қолди ва у ҳозирда ўзини жуда яхши ҳис қилган ҳолда янги мавсум ҳақида ўйлаётган бўлса ажаб эмас. Бизни яна бир жиҳат қизиқтиряпти. Яъни, Қўқондаги беш йиллик фаолиятидан кейин Мурод энди нима қилмоқчи? Бу ерда қоладими ёки...
“Қўқондаги фаолиятимга бу сафар бешинчи йил бўлди. 31 декабрь куни шартномам ўз якунига етади. Ҳозирча кейинги тақдирим масаласида сизга аниқ нимадир деб айта олмайман. Ҳа, менга таклифлар бўляпти ва уларни кўриб чиқяпман. Январь ойининг бошларида қайси жамоада бўлишим аниқ бўлади. Аллоҳга шукр, ҳар йили менга яхши таклифлар бўлиб келяпти. Ўйлайманки, бундай эътибордан ҳар бир футболчи хурсанд бўлса керак. Боя айтганимдек, айни пайтда музокаралар олиб бориляпти. Аммо ҳали бир тўхтамга келганимиз йўқ. Тез орада ҳаммаси ҳал бўлади. Лекин мен шу пайтгача яхши таклифларга қарамасдан “Қўқон-1912” жамоасини танлаб келдим ва бу қароримдан хато қилмадим, деб ҳисоблайман”, - дея жавоб берди.
Кўриб турганингиздек, у бир неча кундан кейин эркин агентга айланади. Табиийки, “Қўқон-1912” клуби ўз етакчиси ва сардори билан ҳамкорликни давом эттириш истагида эканлиги турган гап. Аммо шартномаси тугаётганидан бошқа жамоалар ҳам фойдаланиб қолиш пайида юрибдилар. Ўзидан эшитдингиз, таклифлар етарли. Бу ёғи футболчининг ўз танловига боғлиқ. Келаси йили 32 ёшга қадам босади. Бундай савиядаги ўйинчи бемалол яхши чемпионатларда легионер мақомида ҳам ўйнашга қодир. Аммо нима учундир Холмуҳаммедов четга кетишни истамади. Ҳозир ҳам бундай нияти йўқмикин?
“Тўғрисини айтсам, легионер сифатида хорижда тўп суришга шу кунгача қизиқмаганман. Шунинг эвазига доимо четдан тушган яхши-яхши таклифларни рад қилиб келганман. Лекин ҳозирги кунга келиб агар яхши таклиф бўлса, кўриб чиқаман”.
Демак, Холмуҳаммедов таклифларга очиқ ва уни балки легионер сифатида кўриб қолсак ҳам энди ажабланмаймиз, шекилли. Юқорида ўзи таъкидлаганидек, барчаси январь ойида ҳал бўлади. Яна Қўқонда қоладими ёки қарорини ўзгартирадими? Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.
Фикрлар