Шуҳрат Мақсудов: "Ишламаган инсонгина хато қилмайди"

Суперлиганинг 3-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Локомотив” (2:1) учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Шуҳрат Мақсудов ўз фикрлари билан ўртоқлашди. 

- Аввало халқимизни яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан чин юракдан табриклайман! Юртимизга кўз тегмасин! Шунингдек, бугунги ғалаба учун футболчиларимга, бутун беллашувни бевосита стадионда томоша қилиб, бизни қўллаб-қувватлаб турган клубимиз президенти Меҳриддин ака Абдуллаевга ҳамда мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман!

Суперлиганинг дастлабки икки турида яхши ўйин кўрсатган бўлсак-да, ғалаба қозона олмаган эдик. Яхши ўйинларимиз учун футболчиларимнинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилгандим. Бугун йигитлар кўрсатмаларимизни тўлиқ бажаришди. Албатта, хатолар бўлди, бусиз иложи йўқ. Ишламаган инсонгина хато қилмайди. Асосийси, хатолардан хулоса чиқариш. “Локомотив” жамоасига келгуси ўйинларда омад тилайман!

Йигитларда иштиёқ юқори. Таркибимиз ёш, академия тарбияланувчилари ҳисобланади. Шу боис босим бўлиши табиий. Танаффусда йигитларга керакли кўрсатмаларни бердик. Иккинчи бўлимда ўз услубимизда ўйнадик. Натижа яхши бўлди. Бироқ футбол 90 дақиқа давом этади. Хотиржамликка берилиш оқибатида гол ўтказиб юбордик. Ўйиндан ўйинга ривожланамиз, деган умиддаман. 

«Бунёдкор» матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!