Шундай кунлар келдики, "Сўғдиёна" энди мағлубият нималигини билмаяпти! Бақоев бу жамоани қандай "қурди"? ёхуд асл мақсад бошқами?

Футболимизни анчадан бери кузатмаган инсон турнир жадвалига қарар экан, наҳотки дейиши мумкин. Яъни, Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасини пешқадамлардан бири бўлиб келаётгани ёқимли маънода ажаблантираётгани рост.

9 та тур ўтибдики, бу жамоа ҳеч кимга бўйин эгмасдан келяпти. Шашти ўзгача, шижоати юқори. Турнир жадвалида деярли бир хил номларни кўриб келаётган бир пайтда уларнинг орасига “Сўғдиёна”нинг қўшилиб бораётгани ўзига яраша интригани кучайтиряпти. Жиззахликлар ғалабали сериясини бу турда ҳам давом эттирдилар.

Қўқондаги ўйин ҳақида

Улуғбек Бақоев жамоасини мазкур турда Қўқонда оғир ўйин кутаётганди. Буни мураббий ҳам яхши ҳис қилиб турганди. Дарвоқе, ушбу ўйиннинг яна бир аҳамиятли томони шунда эдики, бу мураббийлар ўртасида ҳам ўзига яраша тўқнашув эди. Бақоевнинг ҳамкасби, илгари бирга самарали ишлаган Бахтиёр Ашурматовга қарши баҳс ҳам барчада қизиқиш уйғотди. Ўйинни кўрган бўлсангиз, айниқса унинг биринчи бўлими  кутилмаганда жуда қизиқарли ва ҳужумкор руҳда ўтди. Кутилмаган дейишимизнинг боиси, ҳеч ким танаффусга қадар дарвозаларга бешта гол урилишини кутмаганлиги аниқ. Қўқонликлар илк дақиқадаёқ ҳисобни очишган пайтда бу мезбонларга руҳий устунлик бериши тахмин қилинди. Аммо кейин воқеалар ривожи ўзгариб кетди. Бўлим ўрталаридан ўтгач, меҳмонлар қандайдир беш дақиқа ичида шундай ўйин кўрсатдики, оқибатда бирин-кетин қўқонликлар дарвозасини уч марта ишғол қилдилар. Майдон эгалари эса рақибнинг бундай штуримидан саросимига тушиб қолди. Ютқазаётган меҳмонлар ўйинда шундай бурилиш ясадиларки, бунга фақат қойил қолса арзийди. Таблодаги 1:0 қисқа дақиқалар ичида 1:3 га ўзгариб қолишини ҳатто Бақоев ва унинг жамоаси ҳам кутмаганди. “Қўқон-1912” ўйин бошида гол ургани каби бўлимнинг охирги дақиқасида иккинчи голни уриб ҳисобни қисқартирди. Аммо Якуба Бамбанинг дарвозани ишғол этгани ўйиндаги охирги гол эканлигини учрашув якунида билиб олдик. Иккинчи бўлимда 2:3 ҳисоби ўзгармай қолди. Жамоалар барча голларни танаффусгача киритиб бўлишган экан. Шу боис учрашув тақдири биринчи бўлимда ҳал этилди, деб айтишимиз мумкин.

Энди бу жамоаларнинг ўзаро статистикасига қарасак, бу сафарги тўқнашуви клубларнинг 31-ўйинига айланди. Устунлик жиззахликлар томонида. Улар 15-ғалабасига эришишди.”Қўқон-1912” эса бундай натижани 9 марта қайд этган ва яна 7 та учрашувда дуранг кузатилган. Қизиғи, “Сўғдиёна” ўзаро учрашувларда икки сафардан бери учтадан гол уриб келяпти. Ўтган йили Жиззахдаги учрашувда “Сўғдиёна” 3:0 ҳисобида рақибни доғда қолдирганди. Мана, кўриб турибсиз, Бақоев футболчилари Ашурматов жамоасига учтадан гол уриб келяпти.

жиззах2

“Сўғдиёна” мағлубиятсиз сериясини қачонгача давом эттира олади?

Бу йилги Ўзбекистон Суперлигаси “Сўғдиёна” учун муваффақиятли кечяпти. Шунинг учун ҳам улар чемпионат бошидан бери мағлубият нималигини билмай келмоқдалар. Бақоев жамоасининг чемпионатда охирги бор қачон ютқазганини биласизми? Ўтган йилнинг 25 ноябрь куни 24-турдан ўрин олган Тошкентда “Бунёдкор”га қарши баҳсда 1:0 ҳисобида имкониятни бой берган. Шундан бери Жиззах клуби ҳеч кимга ютқазмасдан келяпти. Эътиборингизни жамоанинг бу йилги натижаларига қаратамиз:

1-тур: “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” – 0:1

2-тур: “Сўғдиёна” – “Турон” – 1:0

3-тур: “Қизилқум” – “Сўғдиёна” – 1:1

4-тур: “Сўғдиёна” – “Сурхон” – 2:1

5-тур: “Бунёдкор” – “Сўғдиёна” – 2:2

6-тур: “Сўғдиёна” – “Машъал” – 2:2

7-тур: “Металлург” – “Сўғдиёна” – 0:2

8-тур: “Сўғдиёна” – “Андижон” – 4:1

9-тур: “Қўқон-1912” – “Сўғдиёна” – 2:3

Ҳа, жамоанинг натижаларини энди тасодиф деб бўлмайди. Айниқса, мавсумни Наманганда ғалаба билан бошлаган пайтида кўпчилик буни тасодифга йўйганди. Аммо ўша учрашувда ҳаммаси Улуғбек Бақоевнинг аниқ ишланган режаси асосида ўтган ва якунда жамоаси ҳақли ғалабани қўлга киритган. Мана, шундан бери “Сўғдиёна” ютқазгани йўқ. Шу натижанинг ўзи “Сўғдиёна”нинг тўғри йўлдан кетаётганини билдиради. Албатта, биринчи давранинг охирги тўртта учрашувида жамоани етакчиларга қарши ўйинлар кутяпти, жадвалга қаранг:

10-тур: “Пахтакор” – “Сўғдиёна”

11-тур: “Сўғдиёна” – “Локомотив”

12-тур: “Насаф” – “Сўғдиёна”

13-тур: “Сўғдиёна” – АГМК

Бу тақдир ҳазилими ёки...Улуғбек Бақоев ва унинг жамоасини энди ҳақиқий “финаллар” кутяпти десак муболаға бўлмайди. “Сўғдиёна” қандай қилиб мағлубиятсиз одимлаяпти, қандай қилиб пешқадамлардан бири бўлиб турибди, деяётганлар учун охирги тўртта ўйин керакли жавобни беради. Бу ўйинлар жиззахликлар учун катта синов.

бакаев_1

Бақоевнинг меҳнати

Натижага ким жавобгар? Бош мураббий, тўғрими? “Сўғдиёна”нинг бу даражага етиб келишида Улуғбек Бақоевнинг меҳнати улкан. Бу жамоа ҳақида гап кетганда, бош мураббийни эслаб ўтмасдан иложи йўқ. Чунки бу у қурган жамоа. 2019 йилнинг ярмидан “Сўғдиёна” бош мураббийи сифатида ишлаб келаётган мураббий ўтган вақт давомида клубни рақобатбардош даражага олиб чиқди. Натижада шундай кунлар келдики, "Сўғдиёна" энди мағлубиятсиз одимлаяпти. Яқин-яқингача бу клубни асосан пастки ўринларда юрадиган, лигада жон сақлаб қоладиган ва ғалабасиз серияси узун давом этадиган жамоа сифатида билардик. Энди бўлса...

Ёдингиздами, Бақоев келган ўша 2019 йилдаёқ “Сўғдиёна”ни 4-ўринга олиб чиқди ва сал қолса Осиё Чемпионлар лигаси учун плей-офф йўлланмасини қўлга киритиши мумкин эди. Ўтган йили эса 6-поғонани эгаллади. Яна бир гап: “Сўғдиёна” ҳали мавсумни бу даражада муваффақиятли бошламаганди. Бу йил бўлса, ҳаммаси бошқача. Бақоев биринчи навбатда жамоада темир интизомни ўрнатди. Футболчиларда ўзига ўхшаб ғолибона руҳни сингдиришга эришди. Шу билан бирга Улуғбек Истамович қўл остидаги ўйинчилар билан индивидуал тарзда ишлашни ҳам билади. У натижага эришиш учун шунга яраша режа ишлаб чиқяпти. Эътибор берсангиз, ўйин ва натижалар тобора яхшиланяпти. Футболчилари эса футбол оммасининг эътиборига тушяпти. Шохруз Норхонов тўпурарлик салоҳиятини кўрсатаётгани учун терма жамоага чақириляпти. Шунингдек, Искандар Шойқулов, Жавоҳир Қаҳрамоновни ҳам Вадим Абрамов йиғинга таклиф қилди. Яна Шаҳбоз Жўрабеков ҳам Бақоев қўл остида жуда яхши шаклланиб боряпти. Жасур Ҳасанов бўлса 38 ёшида ҳам худди навқирон йигитлардек кўриняпти. У Бақоев билан ишлаётганидан бери иккинчи ёшлигини бошдан кечиряпти.

жиззах1

Бир сўз билан айтганда, Улуғбек Истамович мисолида биз ажойиб мутахассисга эга бўлиб боряпмиз. У мураббийлик қирралирини очишда давом этар экан, бундай пайтда унинг иши ва натижаларини кузатиш янада қизиқарли туюлаверади. Энди “Сўғдиёна” олдинги “Сўғдиёна” эмас. Бақоев бу жамоани шундай даражага олиб чиқяптики, ўзаро жуфтликларда керак бўлса, жиззахликлар фаворитга айланяпти. Бақоев эса ич-ичидан клубини Осиё Чемпионлар лигасига олиб чиқиш ишқида “ёняпти”, бунга ишонаверинг!  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Abbos Axmedov
19/05/2021 00:33
Омадини берсин факкат хавас килдик гап булиши мумкун эмас
Ahror Nodir
18/05/2021 23:05
Jizzahliklar bormi? Olg'a