Синдаровнинг секунданти Мадаминов сенсацион ғалабага эришди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Тошкентда ўтказилган нуфузли UzChess Cup Masters турнирида 19 ёшли ўзбекистонлик шахматчи Муҳиддин Мадаминов сенсацион ғалабага эришди, деб хабар бермоқда Sports.kz сайти.

Қизиғи шундаки, Мадаминов дастлаб турнир иштирокчилари рўйхатида умуман йўқ эди. У мусобақага фақат дунёнинг етакчи шахматчилари қаторида турган Жавоҳир Синдаров иштирокдан воз кечганидан сўнг таклиф этилди. Рейтинг бўйича эса у турнирдаги энг паст кўрсаткичга эга шахматчи эди ва ягона 2600 чегарасидан паст рейтингли иштирокчи ҳисобланарди.

Классик дастур доирасида ўтказилган тўққиз тур якунига кўра, Мадаминов ва яна бир ўзбекистонлик гроссмейстер Шамсиддин Воҳидов бир хил натижа кўрсатишди. Иккаласи ҳам сўнгги турдаги учрашувларини дуранг билан якунлаб, тенг очко тўплашди ва биринчи ўринни бўлишиб олишди.

Чемпионлик тақдири тай-брейкда, яъни блиц баҳсларида ҳал бўлди. Қисқа вақтли ушбу дуэлда Мадаминов Воҳидовга қарши кетма-кет икки партияда ғалаба қозониб, 2:0 ҳисобида устун келди ва UzChess Cup Masters ғолибига айланди.

Турнирда Нодирбек Абдусатторов, Арджун Эригайси, Ханс Ниманн, Ян Непомнящий каби жаҳонга танилган гроссмейстерлар ҳам иштирок этди. Шунга қарамай, уларнинг ҳеч бири 19 ёшли ўзбекистонлик шахматчидан ўтиб кета олмади.

Маълумот учун, Муҳиддин Мадаминов шу пайтгача асосан Жавоҳир Синдаровнинг ёрдамчиси сифатида танилган эди. У ҳамюртига ФИДЕ 2025 йилги Жаҳон кубоги ва даъвогарлар турнирида тайёргарлик кўришда ёрдам берган. UzChess Cup Mastersда қўлга киритилган ғалаба эса ёш шахматчининг шу кунгача бўлган фаолиятидаги энг йирик ютуқ сифатида қайд этилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!