“Сити”га ўтган Семеньо ўрнини “Арсенал” ҳужумчиси эгаллайди
“Борнмут” клуби “Манчестер Сити”га ўтишга қарор қилган тўпурар Антуан Семеньо ўрнини “Арсенал”нинг 18 ёшли футболчиси Итан Нванери билан тўлдиришга қарор қилди.
Айни пайтда “Борнмут” мутасаддилари иқтидорли ҳужумкор футболчини мавсум охиригача ижарага олиш вариантни кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда The Independent хабар берди.
Манбага кўра, “канонирлар” Нванерини сотишни истамайди, чунки уни энг иқтидорли ёшлар бири сифатида қадрлайди ва яқин келажакда жамоа учун муҳим фигурага айланишига ишонмоқда.
Ўз навбатида, инглиз футболчиси ҳам доимий ўйин амалиёти йўқлигига қарамай, жамоани тарк этишга шошилмаяпти ва, эҳтимол, келажаги ҳақида қарорни ёзда қабул қилади.
Жорий мавсумда Нванери барча мусобақаларда 11 та ўйин ўтказиб, 1 та гол урди. Унинг клуб билан шартномаси 2030 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 40 миллион еврога баҳоланмоқда.



Фикрлар