Сиздан мактуб: Майдонда ҳайвон эмас, сизнинг болангиз тўп тепмоқда
Жумладан клублар академиясига эътибор кучайтирилди, ёш футболчилар учун жаҳон футболининг таниқли кишилари иштирокида футбол-шоулари, маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Хуллас, болалар футболи ривожида кўплаб ишлар қилинмоқда, аммо футбол мактабларида таҳсил олаётган болакайларнинг ота-оналари ҳамон масалага эскича қараб, рақиб жамоа аъзоларини ҳақорат қилаётгани борасида таҳририятимизга хат келиб тушди. Қуйида ушбу хатни ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
16 март, шанба куни болалар футболи ўртасида Тошкент шаҳар чемпионатида "Локомотив" ва "Одил Жуниор" жамоалари ўйнади. 2011 йилда туғилган ёш футболчилар учрашувида яхши ўйин кўрсатаётган "Локомотив" ўйинчиларини "Одил Жуниор" жамоаси футболчиларининг ота-оналари ҳақорат қила бошлашди. Улар ёш, эндигина ўсиб келаётган болаларни турли ҳайвонлар номи билан сўкишга ўтишди. Ҳали ўн ёшга ҳам тўлмаган болаларни бундай ҳақорат қилиш, сўкиш уларнинг онгига салбий таъсир кўрсатмайдими?
Келаси ўйинларда "Одил Жуниор" футболчилари ота-оналаридан ўзларини маданиятли тутишлари, ёш ўйинчиларга салбий эмас, балки ижобий хулқи билан ўрнак бўлишларини сўраб қолардик. Чунки болалар олдида ўзини бундай тутиш ақлли инсонга хос жиҳат эмас. Қолаверса, бу бизнинг диний ва миллат қадриятларимизга ҳам умуман мос келмайди. Қолаверса, "Одил Жуниор" жамоаси мураббийи ҳам ўз футболчилари ота-оналаридан тинчланишни сўрамади. Бундай ҳолатларда мураббийларнинг ота-оналарга айтадиган гапи ҳам кўпчиликнинг ўзини босиб олишини таъминлайди. Бироқ ўша ўйин мобайнида бундай вазиятга гувоҳ бўлмадик.
Бир жамоа ўйинчиларини ҳақорат қилиш каттароқ жанжал келтириб чиқариш эҳтимоли йўқ эмас. Ўша кунги ҳолат ўзларини инсондек тутмаган ота-оналарга охирги сабоқ бўлади деб умид қиламиз.
Фикрлар