Скаутлар “Ливерпуль”га суперталантли ҳужумчи топиб берди
Англиянинг амалдаги чемпиони “Ливерпуль” скаутлари клубга Бундеслига вакили “Лейпциг”да ўйнаётган 19 ёшли ҳужумчи Ян Диомандени олиб келишни қатъий тавсия қилмоқда.
Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар тарқатди.
Манбага кўра, ивуарлик ёш футболчини “Арсенал”, “Челси”, “Манчестер Сити”, “Манчестер Юнайтед”, “Ньюкасл Юнайтед” ва “Тоттенхэм” каби жамоалар ҳам синчковлик билан кузатиб келмоқда.
Шунга қарамай, трансфер бўйича мутахассислар иқтидорли ўйинчини олишда “Ливерпуль”ни фаворит эканини таъкидлаяпти.
Сўнгги маълумотга қараганда, “Лейпциг” ўз ўйинчисини сотиб юборишни истамайди. Аммо Диоманденинг шартномасида уни 100 миллион еврога трансфер қилиш имконини берувчи банд бор.
Ушбу мавсумда Диоманде барча мусобақаларда 16 та ўйинда иштирок этиб, 7 гол ва 4та ассист қайд этган. Унинг амалдаги шартномаси 2030 йилгача амал қилади. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 20 миллион еврони ташкил қиляпти.



Фикрлар