Собиқ жаҳон чемпиони 40 ёшида ҳам рингга чиқмоқчи
2026 йил май ойи бошида 40 ёшини нишонлаган Келл Брук (40-3, 28 КО) кутилмаганда яна рингга қайтишга қарор қилди.
Ярим ўрта вазн тоифасида 2014–2017 йилларда жаҳон чемпиони бўлган Брук охирги марта тўрт йил олдин жанг қилган эди. Ўшанда у Амир Хонни олтинчи раундда техник нокаутга учратиб, карьерасини юқори нуқтада якунлаганди. Кўпчилик бу ғалабани унинг профессионал фаолиятига чиройли нуқта қўйилди, деб баҳолаган. Аммо шундан кейин Келл уйда зерикканми, молиявий муаммолар юзага келганми ёки шунчаки боксдан узоқлаша олмаганми — ҳар ҳолда яна рингга қайтиш йўлини танлади.
"Мен қайтяпман. Ҳозирча барча тафсилотларни ошкор эта олмайман, лекин яқин орада бокс ихлосмандлари жуда муҳим янгилик эшитади. Шу йил охиригача мени яна рингда кўрасиз", — деди Брук.
Спортчининг сўзларига кўра, навбатдаги жанг ўрта ёки суперўрта вазн тоифасида, ёки шу икки тоифа орасидаги махсус вазн чегарасида ўтказилиши мумкин.

Фикрлар