“Сўғдиёна” - “Навбаҳор” учрашувига оид рақамлар

Суперлига 20-тури доирасида "Навбаҳор" жамоаси Жиззахда “Сўғдиёна” клуби меҳмони бўлади. Беллашув олдидан "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати ўйинга оид маълумотларни тақдим этди. 

Мазкур жамоалар Ўзбекистон чемпионатларининг Cуперлига (олий лига)да ўзаро 47 марта учрашишган. Ушбу ўйинларнинг 24 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, “Сўғдиёна” 17 та баҳсда зафар қучган, 6та ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбатидаги кўрсаткич 86-57, “Навбаҳор”фойдасига. Наманганликлар ўзаро ўйинларда 78 очкони қўлга киритишган бўлса, жиззахликлар ҳисобида 57 очко мавжуд.

“Сўғдиёна” – “Навбаҳор” клублари ўртасидаги ўзаро учрашувлардаги энг йирик ҳисоб 1996 йили қайд этилган. Ўшанда "лочинлар" Наманганда жиззахликлар дарвозасига 7та жавобсиз тўп киритишганди.

Сермаҳсуллик борасида эса 2000 ва 2014 йиллардаги учрашувлар тарихда қолган. Эътиборлиси, ўша ўйинларда дарвозаларга тўққизтадан гол урилган. 2000 йили Наманганда бўлиб ўтган учрашувда мезбонлар 6:3 ҳисобида зафар қучишган бўлса, 2014 йили Жиззахда ўтказилган баҳсда “Сўғдиёна” 5:4 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Жиззахда шу пайтгача бўлиб ўтган баҳсларда мезбонлар 17та ўйинда ғалаба қозониб, 2та учрашувда дурангга имзо чекишган ҳамда 4та баҳсда мағлубиятга учрашган.

Ушбу жамоаларнинг Наманганда бўлиб ўтган биринчи даврадаги учрашувида “лочинлар” Славко Лукичнинг голи ва Александр Касьяннинг “дубл”и эвазига 3:1 ҳисобида зафар қучишганди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!