"Сўғдиёна" футболчиси: "Ҳеч қачон мураббий танламайман, ваҳимали нарса бўлгани йўқ"
“Сўғдиёна” жамоаси чемпионатни қандай бошлаганини биласиз-а? Жиззахликлар 6 турдирки, ғалабадан йироқда. 2 дуранг ва 4 мағлубият қайд этиб, маҳаллий ишқибзларини ранжитмоқда.
Куни кеча Тошкентда “Пахтакор”га қарши ўйинда “Сўғдиёна” яна мағлубиятга учради. Ҳолбуки, 7-дақиқада рақиб футболчиси майдондан четлатилганди. Шунда ҳам “Сўғдиёна” сон жиҳатдан устунликка эга бўлса-да, барибир мағлубиятга учради.
Ушбу баҳсдан кейин “Пахтакор”га қарши тўп сурган “Сўғдиёна” аъзоси Бобур Йўлдошевга саволлар йўлладик.
- “Сўғдиёна” “Пахтакор”га қарши учрашувда деярли бир футболчи кўп бўлиб ўйнаганига қарамай ютқазиб қўйди. Учрашув хусусида нима деган бўлардингиз?
- Билмадим, таассурот қанақа бўлиши мумкин? Ютқазган жамоада таассурот қандай бўлишини ўзингиз биласиз. 10 футболчи бўлиб ҳам рақиб ютдими, демак улар кучли. “Пахтакор”нинг савияси биздан кўра бошқача. Янги мураббий келди, ҳали ҳаммаси олдинда деб ўйлайман. У хоҳлаётган нарсани қилсак, ҳаммаси жойига тушиб кетади.
- Бошковичнинг услубига кўникиш қийин кечяптими?
- Шахсан менга қийин эмас. Ким билан ишлашнинг аҳамияти йўқ. Талаб қилаётганларини бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Қолганлар ҳам мураббийнинг талабини тушунса ва амалда бажарса, ҳаммаси жойига тушиб кетади. Иван Бошкович яхши савиядаги мураббий.
- Ёрқин Назаровнинг истеъфосини жамоадагилар қандай қабул қилди?
- Бу футболда бўладиган нарса. Фаолиятимиз мобайнида олдин ҳам бўлган. Қандай қабул қилиш керак? Раҳбарият шуни лозим топишди. Футболчиларни оддий ишчидек ҳисобласак, ким келишидан қатъий назар ҳамма ўз ишини қилиши керак. Менда унақа нарса йўқ, ҳеч қачон мураббий танламайман. Ҳамма вақт натижа кўрсатишга ва мураббийнинг талабини бажаришга ҳаракат қиламиз.
- “Сўғдиёна” 6 та ўйиндирки, ҳали ҳам ғалаба қозона олгани йўқ. Жамоанинг бундай старти кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди. Буни нима билан изоҳлайсиз?
- Аввало, ҳаммаси Аллоҳдан. Тақдирга шу нарса битилганми, демак, шундай бўлиши керак. Бундан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Кўп жойда омад ҳам юз ўгиряпти. Олдинги ўйинларимизга қарайдиган бўлсак ҳам ўйин томонлама ёмон таассурот қолдирмаганмиз. Фақат яратилган вазиятлардан фойдаланиш керак. Футболда ҳамма нарса доим ҳам бир текисда бўлавермайди. Тушкунликка тушмасдан ҳаракатни давом эттириш керак. Ҳали олдинда учрашувлар кўп. Ваҳимали нарса бўлгани йўқ.
- Ёрқин Назаровдан кейин Иван Бошкович келгач, жамоада қанақадир ўзгариш сезилдими?
- Ҳаммани ўзининг услуби бор. Ёрқин ака ўзини талаби бор эди, Бошковични ҳам ўзига яраша талаблари мавжуд. Талабга қараб ўзгараверади. Футболчилар ўша-ўша. Фақат мураббийлар штаби алмашган. Боя айтганимдек, олдинги мураббийни талаби бошқа эди, энди бунисиники бошқа.
- Ижобий натижаларни кутаётган мухлисларга қандай гапингиз бор?
- Ўзимиз ҳам ҳижолатдамиз. Менинг фаолиятимда ҳали бунақа старт бўлмаганди. Албатта, мухлисларимизни хурсанд қилишга қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз. Сабр қилиш керак, ҳаммаси жойига тушиб кетади. Барчаси олдинда.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар