"Сўғдиёна" ОФК Кубоги йўлланмасини кутмаганмиди? Клубнинг ноқулай рақиби қайси? Ёхуд Лука Чермель голини кимга бағишлади?
Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби Суперлиганинг 3-турида сафарда “Нефтчи”га қарши муҳим ўйинни ўтказганидан хабарингиз бор. Улуғбек Бақоев жамоаси ушбу учрашувда мухлисларини хурсанд қилган ҳолда сафарда 1:2 ҳисобида ғалаба қозониб, қимматли уч очко билан қайтди.
Бу клуб чемпионатни “Бунёдкор”га қарши дуранг билан бошлаганди. Кейин ўз уйида “Динамо”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Сўнгра, “Нефтчи” майдонида ҳам ғолиб чиқишнинг уддасидан чиқди. Демак, жамоа ўз ўйинини топиб боряпти.
Ўтган мавсумдан буён “Сўғдиёна” шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган сербиялик ҳимоячи Лука Чермель жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. 27 ёшли легионер 38-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилди. Қолавера, у учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.
Чермель ўтган йилдан бери “Сўғдиёна” таркибида тўп суриб келяпти. “Мавсум-2021”да Суперлиганинг барча – 26 та ўйинида майдонда тўп сурди ва бир бор гол муаллифига ҳам айланганди. Кўриб турибсизки, Лука бу йил ҳам ҳимоячи бўлишига қарамасдан яна гол уришга муваффақ бўлди.
Шу билан бирга “Сўғдиёна” ОФК Кубогида ҳам иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Лука Чермель “Нефтчи” билан ўйиндаги ғалаба, жамоасининг мақсадлари, ОФК Кубогида иштирок этиши ва голи ҳақида Sports.uz мухбиринг саволларига жавоб қайтарди.
- Лука, сиз ва жамоангизни муҳим ғалаба билан табриклайман. Айтинг-чи, учрашув борасида нималарни айта оласиз?
- Жуда мураккаб ўйин бўлди. Биринчи бўлим бизнинг, иккинчи бўлим эса уларнинг устунлиги остида ўтди. Лекин биз ғалаба қозондик ва бу жуда муҳим.
- Ушбу учрашувда рақиб дарвозасини ишғол қилдингиз ва шу орқали жорий чемпионатдаги голларингиз ҳисобини очдингиз. Ўйиндан аввал “Нефтчи” дарвозасига гол уришингизни кутганмидингиз?
- Ўйиндан олдин ҳам кўпчилик жамоадошларим гол киритишим мумкинлигини кутишганди. Гол урганимдан албатта мамнунман, аммо асосийси, жамоанинг ғалабасидир.
- Лука, “Нефтчи” дарвозасига урган голингизни кимга бағишладингиз?
- Голимни ўз ўғлим Матеога бағишладим, у 6 ёшда.
- “Сўғдиёна” клуби бу йил ОФК Кубогида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Бу ҳол жамоа учун кутилмаган вазият бўлдими?
- Албатта, шундай бўлишини кутмагандик. Бироқ кўнглимизнинг бир четида шундай илинж йўқ эмасди. Биз учун қандай жамоа эканлигимизни четда ҳам намойиш этиш муҳим аҳамият касб этади.
- “Насаф”нинг ОЧЛ плей-оффдаги ўйинини кўрдингизми?
- Албатта, бунга ишонч ҳосил қилгандик. Акс ҳолда ўтган мавсумда юқори ўринлардан бирини эгаллай олмаган бўлардик. Ўтган йили буни рақобатчилар ҳам кутишмган.
- Билсангиз керак, қаршиликлар ўтган йили ОФК Кубоги финалигача етиб боришган. “Сўғдиёна” ҳам ўша натижани такрорлай олади, деб ўйлайсизми?
- Мақсад – турнирда имкон қадар узоққа етиб боришдир ва мен ўйлайманки, яхши ўйин кўрсатган ҳолда узоққа боришимиз мумкин. Лекин мақсад сари қадамба-қадам борилади.
- Шунингдек, жамоангиз билан 2021 йилги мавсумда Суперлигада 2-ўринни қўлга киритдинглар. Бу сафар ҳам ўша натижани қайтариш ниятидамисизлар ёки чемпионликка клубнинг қурби етадими?
- Умид қиламанки, янада юқори мақсад сари интилишимиз мумкин. Зеро, мақсад фақат бу билан чегараланиб қолмайди.
- Айтинг-чи, “Сўғдиёна” учун ноқулай рақиб қайси?
- Ўтган йили мана шундай рақиб “Насаф” бўлганди. Бу йил ҳам шу ҳолат такрорланишига ишонаман.
Фикрлар