"Сўғдиёна" стадиони қачондан ишга тушади?
Лига мутахассислари 26 январь куни Жиззах шаҳрида бўлди. Бундан мақсад «Сўғдиёна» стадиони ва клуб қароргоҳининг мавсумга тайёрланиш жараёнини ўрганиш эди.
2022 йилги мавсумга келиб Жиззахдаги асосий стадион майсаси ҳолатида салбий ўзгаришлар кўзга ташланди. Шундан келиб чиқиб, ўтган йилнинг июнь ойида Лига 2023 йилги мавсум Суперлига учрашувлари мазкур майдонда ўтказилмаслигини клубга расман маълум қилди. Йил якунига қадар «Сўғдиёна» ОФК Кубоги беллашувларини Жиззахда қабул қилиши кўзда тутилганди. Клуб илк бор халқаро майдонда иштирок этаётгани бунда инобатга олинди.
2022 йил баҳорида вилоят футбол маҳорат мактаби майдонига янги чим ётқизилган бўлиб, мазкур жим 1 йил давомида вилоятдаги асосий майдон учун парвариш қилиниши кўзда тутилганди. Лига ва клуб ўртасидаги келишув асосида 2022 йилги мавсум сўнгида «Сўғдиёна» стадионида таъмирлаш ишлари бошланди ва ҳозирга қадар у фаол давом этмоқда. Бугун Лига стадион ва клуб қароргоҳида мавжуд камчиликлар юзасидан тузилган баённомани «Сўғдиёна»га тақдим этди. Улар шу йилнинг февраль ойи якунига қадар бартараф этилиши талаб этилади.
Мутахассислар таҳминига кўра «Сўғдиёна» майдони Суперлига учрашувлари учун 1 май санасида тайёр бўлади. Унга қадар клуб 1 февралга қадар ўз уй учрашувларини вақтинча ўтказиб турувчи стадион номини Лигага тақдим этиши лозим.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар