"Сўғдиёна-W" - Осиё чемпионати Ғарб минтақасида ғолиб бўлди
Биласиз, аёллар футболига бўлган эътиборни борган сайин ошириб бораётган ва Осиё аёллар Чемпионлар лигасига асос солиш ҳаракатидаги Осиё футбол конфедерацияси бу йил ҳам аёллар клублари ўртасида қитъа чемпионатини ташкил этди.
Жорий йилги баҳсларга Қарши шаҳри мезбонлик қилди ва мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Жиззахнинг “Сўғдиёна-W” жамоаси икки ўйин натижасига кўра Эроннинг “Бам Хотун” жамоасидан устун келди.
Қайд этиш жоиз, ОФК мазкур мусобақани Шарқ ва Ғарб минтақаларига бўлиб ўтказди. Шарқ минтақасида Таиланднинг “Осиё олимлари коллежи” клуби Тайван ҳамда Мьянма жамоаларидан устун келди.
Қитъа футбол уюшмаси ҳар икки минтақа ғолибларини алоҳида-алоҳида тақдирлашни лозим топди. Шу тариқа “Сўғдиёна-W” аёллар клублари ўртасидаги Осиё чемпионати Ғарб минтақаси ғолиби дея эътироф этиладиган бўлди. Ўз навбатида Таиланднинг “Осиё олимлари коллежи” клуби аёллар клублари ўртасидаги Осиё чемпионати Шарқ минтақаси ғолиби сифатида қайд этилади.
Ушбу мусобақанинг 2019 йилги мавсумида Япониянинг “Токио Верди Белеза” жамоаси ғолиб чиққан эди. 2021 йилда эса Иорданиянинг “Амман” аёллар клуби бош совринни қўлга киритган эди.
2022 йилги мусобақада энди “Сўғдиёна-W” Ғарб минтақаси ғолиби, “Осиё олимлари коллежи” клуби эса Шарқ минтақаси ғолиби сифатида тарихда қоладиган бўлди.
Фикрлар