"Сўғдиёна"га гол урганда нишонламаслиги, "Насаф", "Пахтакор"дан қай бири кучли экани ҳамда Бақоев ва Бабаяннинг устун томонлари ҳақида ЖАМШИД БОЛТАБОЕВ билан интервью

"Навбаҳор" жамоаси Ўзбекистон кубоги ярим финалида "Сўғдиёна"ни пенальтилар сериясига кўра мағлуб этди. Ушбу баҳсдан сўнг SPORTS.uz сайти наманганликлар етакчи футболчиларидан бири ва ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлган Жамшид Болтабоев билан алоқага чиқди ва унинг фикрлари билан қизиқди.

- Авваламбор, кубокдаги муҳим ғалаба билан табриклаймиз! Оғир учрашув бўлгани аниқ. "Сўғдиёна" ҳам муносиб қаршилик кўрсатди. Кечаги баҳс ҳақида нима дея оласиз?

Ассалому алайкум! Табрик учун раҳмат. Ҳа, ростан ҳам оғир учрашув бўлди. "Сўғдиёна" жамоасини яқиндан билганим учун жуда қийин бўлишини билардим ва шунга яраша тайёргарлик кўргандик. "Сўғдиёна" жуда чуқур ҳимоялангани учун ҳам ҳимояни ёриб ўтиш қийин бўлди. Лекин шунда ҳам бизда жуда кўп вазиятлар бўлди. Аммо фойдалана олмадик. Биринчи бўлимда ҳисобни очганимизда, балки осонроқ бўлиши мумкин эди... Рақиб ҳам ҳужумга ўтиб, бизда бўш зоналар кўп бўларди. Бироқ ўйин пенальтиларгача борди ва биз бунга тайёр эдик. Худога шукр, омадимиз келиб, лотереяларда ғалаба қозондик.

болтабоев

- Собиқ жамоангизга қарши ўйнадингиз. Бабаян ҳам сиз ва Абдуманноповни асосий таркибда майдонга ташлади. Бу собиқ "Сўғдиёна" вакиллари бўлганингиз, рақибни яхши билганингиз учунмиди ёки бошқа сабаблар ҳам бормиди?

- Бу саволга мураббий жавоб бергани яхши. Сабаби, ким асосий таркибда тушиши ёки ким захирада қолиши каби масалаларни у ҳал қилади. 

Пенальтилар сериясида Митрович дарвозасини ишғол қилишингизга қанчалик ишонгандингиз? Умуман, ўша пайтда босим бўлдими?

- Пенальти вақтида ўзимда ишонч бор эди. Бош мураббий мендан тепишимни сўраганда, мен буни рад этмадим. Сабаби, ўша вақтда ҳеч қандай ички қўрқув ва ҳаяжонни ҳис қилмаётган эдим. 

 - Учрашув анча эмоцияларга бой тарзда ўтди. Айниқса, тўқнашувлар жуда кўп бўлди. Агар ўйин вақтида жиззахликлар дарвозасига гол урганингизда, уни нишонлармидингиз?

- Ўйиндан аввал шу нарсани ҳаёлимдан ўтказган эдим. Агар гол урсам, уни нишонламасликка ваъда бергандим. Майдонда рақиб бўлса ҳам бу жамоанинг озми-кўпми нонини едим. Клубга нисбатан ҳурматим ҳалигача баланд ва яна бир бор айтаман, гол урганимда уни нишонлаш ниятим йўқ эди. Футбол, ҳиссиётлар ўз йўлига. Инсонийлик ҳаммасидан устун туради. 

болтабоевв

- Финалда жамоани "Насаф" билан ўйин кутиб турибди. "Сўғдиёна" билан солиштирганда, "аждарлар" билан ўйин қанчалик қийин баҳс бўлади?

- "Насаф" билан ўйин ҳам жуда қийин бўлади. Финал барибир ўз номи билан финал! "Аждарлар" билан ўйинларда битта хато ҳам қимматга тушиши мумкин. Худо хоҳласа, биз финалга тайёр бўлиб борамиз. Қарши клуби билан 2 маротаба ўйнадик ва ҳали ютқазмадик. Иншаалоҳ, учинчисида ҳам ютқазмаймиз.

- Суперлига мавзусига ўтсак. Чемпионлик учун кураш авжида. Нима деб ўйлайсиз, клубингиз икки фронтда ҳам ғолибликни қўлга кирита оладими?

- Нимага энди йўқ? Суперлигада ҳам "Насаф" ҳамда "Пахтакор" билан охиригача курашишга кучимиз етади. Ҳозир чемпионатда ҳеч қайси ўйинда яққол фаворит йўқ. Барча жамоа деярли бир хил ҳолатда. Ким баҳсга етарлича тайёр бўлса, ғалабани кўпроқ истаса, ўша клубда зафар қучишга имконият кўпроқ бўлмоқда. Шундай экан, ҳар бир ўйинга мукаммал тайёргарлик кўриб, ғалаба учун майдонга тушсак, ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлайман.

- "Насаф" ва "Пахтакор"... Сиз учун бу икки клубдан қай бири билан ўйнаш қийинроқ?

- Иккала жамоа ҳам ўзига яраша қийинчилик туғдиради. Икки клуб яхши ташкил этилган футбол намойиш этади. Тўғри, қаршиликлар нисбатан ёшроқ жамоа. Лекин "Пахтакор"да тажрибали ўйинчилар кўпроқ. Мен учун бу жамоаларнинг даражаси бир хил.

бабабақо

- Ўтган мавсум Бақоев, бу йил эса Бабаян қўл остида тўп тепмоқдасиз. Сизнингча, бу икки мутахассис қайси томонлама устунликларга эга?

- Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби ва қарашлари бўлади. Ҳозир иккисидан бирини танлаш керак бўлса, иккисини ҳам танлайман. Сабаби, Бақоевда бор ҳислатлар Бабаянда йўқ ёки аксинча ҳолат. Шуниси аниқки, иккиси ҳам юқори савиядаги мутахассислар. 

Устунликларга келсак, Бақоев ўзи футболчи бўлгани учун бизни яхшироқ тушунарди. Ўйиндан кейинги чарчоқ, қандай тайёргарлик кўриш ва шунга ўхшаш нарсаларда у устун. Керак бўлса, у жуда қаттиққўл бўла олади. Вақти келиб, сизнинг дўстингизга айланади. 

Бабаянни ҳамма яхши билади. У кучли психолог. Сиз билан яқин муносабатда бўлмаслиги мумкин. Бироқ у сизни нима ўйлаётганингизни, қайси баҳсга қай тарзда тайёрланиш кераклигини жуда яхши билади. Шунингдек, Бабаян футболчилардан нима истаётганини зўр тушунтириб бера олади. Бу икки мутахассиснинг ўзига хос устунликлари. 

 

Шоҳрух Зоиров суҳбатлашди.

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
06/11/2022 15:11
Nasaf. 1 uyinga yutqazdi. 1 tasiga Durang uynadi. ikkalasi ham. Nasaf uzi hohlaganday bulmagandi. chunki. 1 uyinga OCHL uyinni bor edi Nasaf hamma kartalarini ochmovdi. 2 davraga esa. Sudiya qupol hatosidan keyin gol utkazuvdi. Sudiya uzi ham keyin Rasman tan oldiki. lekin tugri keyin haqiqatdan Yahshi himoyalandizla. unoqa hujimga bardosh berish uzi ham jasorat. lekin Kubik fenaliga. Nasaf. hech Narsa tusiq. bulmadi. lekin uyinchila kuch tejab uynadi. Oliy maqsadi chempionlik. va OCHL yanvar jarohatsiz borish edi. lekin Nasaf uzi kuzlagan maqsadi sari. dadel bardi.
Baxil Alihuja
17/10/2022 12:42
уйин сотилганга жуда хам ухшайди