SPORTS.uz талқини бўйича Европа топ-5 чемпионатларида тур рамзий терма жамоаси

Кучли бешлик чемпионатлари бизни кичик муддатга тарк этди. Аслида, ушбу тўхталиш расмий мақомдаги ФИФА кунлари натижасида бўлмаса-да, баҳор охири ва ёз ичида ўтказилмаган терма жамоа йиғинлари ўрнига компенсация бўлиши кўзда тутилди. Бир хилликдан қочиш мақсадида бу каби тўхталишларнинг бўлиб туриши ҳам биз футбол мухлисларининг фойдасига. Олдинда бизни қизиқарли Миллатлар Лигаси беллашувлари ва миллий терма жамоамиз иштирокидаги ўртоқлик учрашувлари кутиб турибди. 

Ушбу рамзий терма жамоада имкони борича уикэнд қаҳрамонларини жамлашга ҳаракат қилдик. Баъзи жамоалар жуда кучли ўйнаган бўлса-да, улардан биттадан футболчиларни олдик, холос. Уларни жамоалари муваффақиятига бизнинг ҳурматимиз рамзи сифатида қабул қиласиз. Бошладик!

Бош мураббий: Карло Анчелотти (“Эвертон”)

Ливерпулликларнинг ушбу муваффақиятини фақат омадли тақвимга йўйиш нотўғри бўларди. Улар дастлабки турдаёқ, “Тоттенхэм”га қарши турнинг марказий беллашувида майдонга тушди. “Ирисчилар” доимо ўзларининг ўртамиёна трансферлари билан барчанинг эътиборини тортиб келган. Ҳар гал, мана энди “Эвертон” кучайса керак, дея умид қилганимизча қолаверардик. Ўтган мавсум ўртасида клуб эгалари Карло Анчелоттини жамоага олиб келиб, ўз мақсадлари нақадар жиддий эканини кўрсатиб қўйишди. Тажрибали мутахассис 1 йил ҳам ўтмай, “Эвертон”ни мутлақ бошқа даражага олиб чиқди. Ҳали грандлар билан кечадиган баҳслар олдинда. Бироқ “Карло ота”гача Мерсисайд клуби АПЛнинг ўртамиёна жамоаларини ҳам енга олмасди. 

410755

Дарвозабон: Тибо Куртуа

“Реал”нинг Валенсияга сафари ҳар қандай ҳолатда ҳам хавфсиз кечиши керакдек эди. Ушбу мавсум шаҳарнинг элитадаги иккала жамоаси ҳам у қадар яхши ҳолатда эмас. Аммо “Қироллик клуби”да ҳам бир қадар муаммолар кўзга ташланиб боряпти. 2:0 ҳисобидаги ғалаба кўринганидек осонлик билан қўлга киритилмади. Учрашув статистикасига назар ташлар эканмиз, “Леванте” ҳеч бир жабҳада мадридликлардан ортда қолмаганига гувоҳ бўламиз (албатта, голлар бундан мустасно). 

Шу куни Бельгия терма жамоаси аъзоси етарлича тер тўкишга мажбур бўлди. Акс ҳолда, Винисиус ва Бенземанинг голлари “Реал” ғалабасига кифоя қилмаган бўларди. Аниқ зарбалар сони бўйича майдон эгалари “бланкос”дан олдинда. Тибонинг маҳорати жамоасига Ла Лига пешқадамлигини тақдим этганини шу орқали ҳам билиб олишимиз мумкин. 

thibaut-courtois-cropped_1jsr9q1n2t5d6zt2bo6lnvih3

Чап қанот ҳимоячиси: Аарон Кресуэлл

“Болғачилар” ўйини ўхшаб қолса ҳеч кимга кун бермайди. “Лестер” ҳужумчиларининг куйиб-пишишини кўриб, раҳмингиз келади. Аммо шу куни лондонликлар ҳимояси жуда ишончли ҳаракат қилди. Чап қанот вакили эса нафақат ҳимояда, балки ҳужумда ҳам етарлича фойда келтирди. Унинг иккита узатмаси шерикларининг 2 та голи билан якунланди. 

Унга рақобатчи сифатида Бэн Чилуэлл ва Тео Эрнандес вариантлари мавжуд эди. Аммо бош мураббийсиз ўйнаган “Вест Хэм” эришган ғалаба салмоқлироқдек, назаримда. 

Кресуэлл

Марказий ҳимоячи: Рауль Албиоль 

Унаи Эмери ҳали ўз услубини “Вильярреал”га сингдириб улгурмагани дастлабки турлардаги ўйинлардан кўриниб қолди. Ҳужумда мазмун кўринмаяпти. Албиолнинг тажрибаси “Атлетико”га қарши ўйинда жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.  Аммо бу клуб мухлисларини қониқтирмаслиги аниқ. Мавсум бошида имзоланган шартномалар бизга бошқача клубни тақдим этиши керакдек эди. Мавсум дебютанти “Уэска”га бой берилган тайёр ғалаба, “Барса”дан бир таймда ўтказиб юборилган 4 та гол ва “Атлетико”га қарши беллашувда ҳимоядан чиқа олмаслик. Мадридликларнинг нақ 4 та зарбасини ҳимоячи блоклашга эришди. Акс ҳолда, испан матбуотида аллақачон Эмерининг истеъфоси ҳақидаги гаплар айланиб қолган бўларди.

eddb7a30e02bc78efb1ab54f7cd85dd2c0e7d640

Марказий ҳимоячи: Жюль Кунде

“Барселона”га қарши учрашувда эҳтиёткорлик иккала жамоанинг ҳам биринчи рақамли фикри бўлиб турди. Аммо барибир ташаббус майдон эгаларида бўлди. Куман “Барселона”да нимадир қилишга қодирлиги маълум бўлиб улгурди. Андалусияликларга қарши учрашувда унинг жамоаси у қадар ёмон ҳаракат қилмади. Шунчаки, Лопетеги қўл остидаги “Севилья” анчагина кучайишга эришди.

Кунде бурчак зарбалари пайтида тез-тез ҳужумда кўзга ташланди. Мессини зарарсизлантириш ва тезкор Фатини ўтказиб юбормаслик ҳам кўп жиҳатдан француз ҳимоячиси меҳнатлари ортидан уддаланди. 

7e2e8-Kunde

Ўнг қанот ҳимоячиси: Эктор Бельерин

“Арсенал” бирмунча қийин бўлса-да, ғалабаларни қўлга киритмоқда. “Ливерпуль”га қарши баҳсдаги мағлубиятни инобатга олмаса, барчаси рисоладагидек. “Шеффилд”нинг ушбу мавсумда “кетмони учмаётган” бўлса ҳам, аслида яхшигина муаммо туғдиришга қодир бўлган клуб. 

Испаниялик лотераль қанот ҳимоячисининг саъй-ҳаракатлари билан 2 та гол уриб олинди. Ҳа 2-голда унга ёзилган ассист бироз осонроқ қўлга киритилди. Чунки, анча орқароқда ундан тўпни қабул қилиб олган Николья Пепе бирмунча масофани дриблинг билан босиб ўтди. Аммо иккала гол ҳам унинг қанотдан бошлаган ҳужумлари оқибатида киритилди. Ўтказиб юборилган голда ҳам Эктор жой олган қанотнинг айби бироз камроқдек.

429824

Марказий ярим ҳимоячи: Жоржиньо

Иккита пенальтини қойиллатиб амалга оширган италиялик хавбекни рамзий терма жамоамизга киритишни лозим топдик. Сабаби, “Челси”нинг чиройли ғалабасидан кимдир вакил сифатида эсланмаслиги адолатдан бўлмасди. Саррининг эркатойи Лэмпард қўл остида ҳам ўз ўрнини эгаллай бошламоқда. Ковачич навбат кутишга мажбур бўляпти. 

jorginhochelsea

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Сон Хён Мин

Кореялик футболчи АПЛ тарихига энг йирик ҳарфлар билан ёзилувчи осиёликка айланиб боряпти. У кўрсатаётган мўъжизалар орқали аксарият футбол мухлислари Парк Жи Сун ва Шинжи Кагаванинг ажойиб ўйинларини ёддан чиқара бошлади. Ўхшашликни қаранг, яна бир дурдона ўйинини Сон айнан “қизил иблислар”га қарши ўтказди. Де Хеа оёқлари орасидан ўтказиб юборган гол туфайли ўша тунда ухлай олганмикан?!

69eb2-Son-Khyn-Min

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Хамес Родригес

Шу темпда давом этиб, мавсумни супер тарзда ўтказсаю, кейин яна бирорта гранд клуб таклифига илиниб кетиб қолса, нима бўлади, деган савол пайдо бўлмоқда. У уйини топиб олди. “Порту”, “Монако”, “Эвертон” ва Колумбия терма жамоаси - бир-бирига ўхшаш жамоалар, шундай эмасми?! Уларда Хамес каби ижодкорлар қадрланади ва ўзи хоҳлаган ўйинини намойиш этишига имконият яратиб берилади. Бошқачароқ қилиб айтганда, Родригес “Реал”да Зидан айтган расмни чизиши лозим эди. “Эвертон”да унга эркинлик тақдим этилди ва у истаганича ижод қилиши мумкин: 2 та гол, 1 та ассист.

2891061-59529228-2560-1440

Чап қанот ҳужумчиси: Неймар

ПСЖ “Анже”ни кўрдим демади. Неймар ва Мбаппеси бор жамоага Франциядан муносиб рақиб чиқиши қийин масала экани яна бир бор исботланди. Бўлган тақдирда ҳам, у “Анже” эмас.

Шу куни бразилиялик вингер 2 та гол уришдан ташқари, Гуйенинг супер зарбасига пас ҳам амалга оширди. У ўзи айтганидек, анча улғайибди: масъулият ва ақл билан ҳаракат қилмоқда. 

2789c7

Ўнг қанот ҳужумчиси: Олли Уоткинс

Ҳа, у асосан, марказий ҳужумда ҳаракат қилади. Аммо ёш ҳужумчини қанот вакили сифатида ўйнай олишига ишонамиз. Унинг тезкор ҳаракатлари ҳам буни кўрсатиб турибди. 

“Ливерпуль” дарвозасига сўнгги бор Димитар Бербатов 2010 йилда хет-трик қайд этган экан. 4-5 йил аввал мерсисайдликлар дарвозасига кимнингдир 3 та тўп киритиши ҳайратланарли ҳолат эмасди, аммо бугун… Бугун Клопп шу қадар катта даражадаги жамоа туздики, биз ливерпулликлардан бу каби мағлубиятларни мутлақ кутмай қўйдик. 

Уоткинс амалдаги чемпионлар дарвозасига классик хет-трик жойлади. Яъни, бу голларнинг бири ўнг оёқ, бири чап оёқ, яна бири бош билан киритилди. 

2902520-59758408-2560-1440

Марказий ҳужумчи: Роберт Левандовски

Албатта, узоқ мавсум олдидан жамоаларнинг потенциали ҳақида нимадир дейишимиз қийин масала. Аммо энди мюнхенликлар ҳимоясидаги муаммолар янада яққол кўзга ташланмоқда. Ҳа, ҳужумга гап йўқ. Бу зирҳланган “немис машинаси”нинг ҳужум бўлими нақадар яхши ишламасин, рақиблар ҳам қараб турмаслигини инобатга олиши зарур. Акс ҳолда, Левандовскининг ҳар ўйинда покер қайд этишига ҳеч ким кафолат бера олмайди ва ЕЧЛда “Герта”дан анча юқори савияли жамоалар ўйнайди. 

photo_2020-10-04_22-56-00

Юқорида айтиб ўтганимдек, бир қатор кучли футболчилар, жумладан, Жек Грилиш, Доминик Калверт-Льюин, Киллиан Мбаппе ва Харри Кейн кабилар рамзий терма жамоамиздан жой олмади. Кейинги турларда уларни ҳам ушбу таркибда кўришга умид қилиб қоламиз.

Top5 (3)
Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!