Мавсум якунланганидан кейин доим “Олтин тўп” учун рейтингларга кўзимиз тушар эди. Бироқ бу мавсум пандемия туфайли на “France Football”, на “FIFA” бу совринни топширмасликка расман қарор қилди. Шундай бўлса-да, “Tuttosport” нашри тақдим этадиган “Golden boy” соврини бу йил ҳам ўз эгасига топширилади. 2003 йилдан буён бериладиган ушбу кичик “Олтин тўп” 21 ёшгача бўлган футболчиларга берилади. Бу борада фақат бир шарт бор: номзод Европа клублари сафида тўп тепаётган бўлиши лозим. Бўлмаса, бизнинг ёшлар ҳам ушбу совринга номзод бўлармиди!

Дунёга машхур “Transfermarkt.de”нашри 2019/20 йилги мавсум учун 40 нафар “тилла бола”ни номзод қилиб кўрсатмоқда. Биз эса уларнинг орасидан ҳақиқатан бу совринни қўлга киритиш учун потенциали юқори бўлган истеъдодларни ажратиб олдик. Даставвал, тўлиқ рўйхат билан танишиб чиқишингиз мумкин:

Марле Аке “Марсель”;

Маркос Антонио “Шахтёр” Донецк;

Адиль Аушиш “Сент-Этьен”;

Бенуа Бадиашиле “Монако”;

Митчел Баккер ПСЖ;

Майрон Боаду “АЗ Алкмар”;

Деннис Борковски “РБ Лейпциг”;

Марко Карнесеччи “Аталанта”;

Райан Шерки “Лион”;

Жонатан Дэвид “Лилль”;

Сергино Дест “Аякс”;

Себастьяно Эспозито “Интер”;

Амин Гуири “Ницца”;

Райан Гравенберх “Аякс”;

Муҳаммад Иҳаттарен ПСВ;

Озан Кабак “Шальке 04”;

Михал Карбовник “Легия”;

Танги Ньянзу “Бавария”;

Рафаэл Камашу “Спортинг” Лиссабон;

Владислав Супряга “Динамо” Киев;

Доминик Собослаи “Ред Булл”;

Томаш Эштевеш “Порту”;

Томаш Тавариш “Бенфика”;

Христос Цолис ПАОК;

Неко Уильямс “Ливерпуль”;

Эдуардо Камавинга “Ренн”;

Фабио Силва “Вулверхэмптон”;

Хадсон-Одои “Челси”;

Деян Кулусевски “Ювентус”;

Букайо Сака “Арсенал”;

10. Сандро Тонали “Брешия”/”Милан” 36 ўйин, 1 та гол 7 ассист

Рўйхатимизни “янги Пирло” очиб бермоқда. Бу мавсум “Брешия” етакчиси бўлган италиялик ёш истеъдод бежиз Андреа Пирлога қиёсланмаяпти. Унинг майдонни кўра олиш қобилияти, аниқ кроссларидан ташқари, марказдаги фаоллиги ҳам таҳсинга лойиқ. Тонали таянч зонасида ҳам анча фойдали ҳаракат қилади. А Серия якунларига кўра, қуйи лигага равона бўлган жамоа сафида 20 ёшли Сандро яққол ажралиб турди. Унинг келажаги учун “Милан”га ўтиш қарори фойдали бўлиши мумкин. Бироқ бу мавсум унинг кўрсатган ўйини энг яхши бўлиш учун етарли эмасди.

1_2

9. Винисиус Жуниор “Реал” 38 ўйин, 5 та гол 4 та ассист

Бразилиялик истеъдод аллақачон “Реал” асосий таркибида тез-тез кўриниш бера бошлади. Аммо ҳамон у ҳал қилувчи вазиятларда оқсамоқда. Рақибни алдаб ўтиши, тезкорлик билан ҳимоячиларни доғда қолдириши бир томон-у, дарвоза қаршисида ўзини йўқотиб қўйиши бир томон. Айнан иккинчи жиҳат биринчисидан оғирроқ тош босаётгандек, гўё. Бироқ Зидан ёрдамида ўзидаги камчиликларни бартараф этишга киришаётган Винисиусни порлоқ келажак кутаётгани кўп бор таъкидланмоқда. Қизиғи, бу мавсум “Эль класико”да урилган иккита голдан бири айнан унга тегишли. Кейинги ўйинларда ҳам унга ишонч билдирилиши учун 20 ёшли вингер ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги шарт. Йўқса, жамоасидан максимал натижа талаб қиладиган “Реал” президенти Флорентино Перес унга чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйиши эҳтимоли юқори.

жуниор

8. Ферран Торрес “Валенсия”/”Манчестер Сити” 44 ўйин, 6 та гол 8 та ассист

“Сити”нинг янги хариди ортда қолган мавсумда “Валенсия” таркибида ёмон ҳаракат қилмади. Чўкаётган кеманинг сўнгги матроси ролида намоён бўлган ёш вингер ҳар томонлама пастлаб кетаётган “кўршапалаклар” сафида 6 та гол урди. Қўшимчасига, 8 бор шерикларининг голига ҳаммуаллифлик қилди. Бу ёшида энг кучли лигаларнинг бирида 20 ёшли футболчи учун ҳавас қилгулик натижа. Ва хизматларининг самараси ўлароқ, мавсум сўнгида Манчестер клубидан таклиф. Торрес учун барчаси энди бошланмоқда. Ҳамюрти қўлида ўзининг бор потенциалини кўрсата олсагина, “Сити”да ўз ўрнини мустаҳкам эгаллай олади. Акс ҳолда, дунёда ёш истеъдод, “шаҳарликлар”да эса пул сероб.

ферран

7. Ансу Фати “Барселона” 33 ўйин, 8 та гол 1 та ассист

Уни Леога қиёсланиб, “бўлажак Месси”, дейилаётганини сиз ҳам эшитгандирсиз. Тўғри, статистика ёмон эмас. Дриблинг, техника, зарбалар ҳам. Бироқ Месси шундай юқори даражага чиқиб улгурганки, энг камида 10 та мавсум супер формада ўйнаш ҳам унинг даражасини англатмайди. Бу мавсумга келадиган бўлсак, 17 ёшли Фати 8 та гол урди. “Барса” таркибида Чемпионлар Лигаси ҳамда Миллатлар Лигасида дебют қилди. Шу билан бирга, бу турнирларда гол уришга ҳам эришди. Терма жамоа таркибида расмий учрашувда тўп киритган энг ёш футболчига айланди. Ваниҳоят, бизнинг наздимизда “Golden boy”соврини учун кучли ўнликка кира олди.

фати

6. Родриго “Реал” 26 ўйин, 7 та гол 3 ассист

Родригонинг Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидаги “Галатасарай” билан ўйиндаги хет-триги ёдингиздами? Нимчорак финал иккинчи ўйинидаги Бенземанинг ягона голига узатган пасичи? Жамоадаги шериги Винисиусдан фарқли ўлароқ, Родриго ҳужумларга сўнгги нуқтани қўйишда яхши ҳаракат қилади. Самарали узатмалари ҳам кўпроқ. Чемпионлар Лигасидаги энг ёш хет-трик муаллифига айланган 19 ёшли вингер кимсан Раулнинг натижасини ўзлаштирди. Унда истеъдод етарли. Демак, Родригодан талаб қилинаётган нарса фақат ўз устида ишлаш. Буни амалга оширмайдиганлар эса бир неча йиллардан кейин Родригодан кўплаб голлар қабул қилишга тайёр турсин.

родриго_1

5. Фил Фоден “Манчестер Сити” 38 ўйин, 8 та гол 9 та ассист

Гвардиоланинг ишонган футболчиларидан бири ҳисобланувчи Фоден ажойиб мавсум ўтказди. “Шаҳарликлар” сафидан секин-аста ўзига жой ҳозирлаётган инглиз хавбекининг  20 ёшдаги натижаси чакки эмас, назаримизда. 8 та гол урган Фил 9 та ассистни ҳам амалга оширган ва бутун дунё мутахассисларининг назарини ўзига қаратган. Пеп унга ишонмоқда. Мавсум давомида тажрибали Давид Сильванинг ўрнига уни ўйинга туширганини кўп кўрдик. Ҳатто, “Реал” билан ҳал қилувчи баҳсни ҳам айнан Фоден асосий таркибда бошлади. Бундан ташқари, “Ливерпуль” билан ўйинда ҳам у нималарга қодирлигини исботлаганди. Кимсан Алиссон ожиз қолдирилган эди ўшанда.

фоден

4. Мэйсон Гринвуд “Манчестер Юнайтед” 49 ўйин, 17 та гол 5 та ассист

Бу йигит ҳали 18 ёшда. Бироқ МЮнинг асосий таркибида ўйнайди. Гринвуднинг вазиятларни якунлаш қобилияти таҳсинга лойиқ. Мавсум давомида 17 та гол уриш осонми? Яна шуларнинг 10 таси АПЛда. Сульшернинг ёшларга бераётган имкониятларидан унумли фойдаланаётган Мэйсон ўз ўрнини Санчога бўшатиб бермаслик учун ўз устида кўпроқ ишлаши зарур. Унда ўсмирлик даврида аксарият футболчиларга етишмайдиган жиҳат – хотиржамлик бор. Ҳал қилувчи вазиятларда Гринвуд ўзини йўқотиб қўймайди. Мана бу хислат туфайли инглиз вундеркиндининг келажаги порлоқ бўлиши кутилмоқда.

гринвуд_1

3. Эрлинг Холанд “Ред Булл” Зальцбург/”Боруссия” Дортмунд 40 ўйин, 44 та гол 10 та ассист

Кучли учлик доимгидек энг кўп мунозараларга сабаб бўлди. Якунда 3-ўринга Эрлинг Холандни лойиқ кўрдик. Унинг натижалари шунчаки фантастика: 40 ўйинда 44 та гол ҳамда 10 та ассист. Унинг қурбонлари орасида “Ливерпуль”, “Наполи”, ПСЖ каби гранд клублар бор. Қўшимчасига, 20 ёшли вундеркинд Чемпионлар Лигасида 10 та гол урди ва фақатгина Левандовскидан ортда қолди. Ўтган мавсумда Холанд битта вазиятда битта гол ура олишини исботлади. ПСЖ дарвозасига йўллаган дублида уни ҳеч ким очиқ дарвоза қаршисида ожиз қолдирмаган, Алиссон постини ишғол қилганида жой танлаш борасида мукаммал ўйин кўрсатган эди. Демак, “Golden boy” соврини учун яққол номзодларнинг тўпурари Холанд. Бироқ голлар доим ҳам соврин учун етарли бўлавермайди. Чунки...

холанд

2. Альфонсо Дэвис “Бавария” 42 ўйин, 3 та гол 9 та ассист

Чунки энг истеъдодли сифатида тан олиниш учун каттароқ ўйинларда ўзини кўрсатиш, ўйин натижасига амалда таъсир ўтказиш ҳам лозим. Айнан Альфонсо Дэвис “Бавария”нинг требл қайд этишида беназир бўлди. Канадалик ҳимоячи катта тезликда югуришидан ташқари, фойдали дриблинг ҳам ишлата олади. Унинг ёшида катта турнирларда ўзини кўрсатиш, ўзидан тажрибали футболчиларга мастер-класс ўташ, рақиб футболчиларини руҳан синдириш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Бунгача Ашраф Ҳакими 36,2 км/с тезлик билан югуриб, Бундеслига рекордини ўрнатганди. Дэвис эса “Вердер”га қарши баҳсда бу кўрсаткични 36,51 км/с га етказди ва рекордни ўзлаштирди. Шунингдек, принципиал учрашувда марокашлик лотералга ҳеч қандай имконият қолдирмади. ЕЧЛ доирасида “Барселона”га қарши нималар қилганини ортиқча таърифлаш ҳам шарт эмас. Мюнхенликларнинг ҳақиқий кашфиёти Дэвис олдиндаги беллашувларда ҳам юқори даражада ҳаракат қилиши зарур. Чунки у кейинги йили ҳам “Golden boy” учун курашади. Бу мавсум эса бироз унга омад этишмагандек. Бунинг сабабига эса қуйида тўхталамиз....

дэвис

1. Жэйдон Санчо “Боруссия” 44 ўйин, 20 та гол 20 та ассист

Унинг кўрсаткичлари ҳам, нархи ҳам юқорида номи тилга олинган вундеркиндлардан юқори. Ва шубҳасиз, унинг ўйини нархига муносиб. 128 млн еврога баҳоланаётган вингер энг яқин таъқибчиси Санедан 40 млн еврога қиммат. Жэйдон керакли пайтда фойдали дриблинг ишлата олади, узоқдан яхши зарба йўллайди, техник ҳаракатлари билан жамоадошлари ва мухлисларга кайфият улашади. Шунингдек, тўпни қизғонмайди. Унинг ёшидаги баъзи “юлдузчалар”да пайдо бўладиган эгоизм унда деярли йўқ, деб қўрқмай айта оламиз. Негаки, 20 ёшида мавсум давомида 20 та ассистни ўз номига ёздирган футболчи ҳақида бундай фикрлаш хато, наздимизда. Унинг 20 та гол ҳам урганлиги статистикасини ҳам тенгсиз кўринишга келтирди. Ўз таркибида, асосан, ёшларга имконият берадиган дортмундликлар сафида 3 мавсум ўйнаган инглиз вундеркиндининг ватанига, хусусан, болалик йиллари ўтган шаҳрига қайтиш вақти келди. У “Боруссия”да барчасини исботлаб бўлди. Энди навбат бутун Европага! “Асаларилар” эса бошқа истеъдодларни кашф этишда давом этиши лозим.

санчо

Биз юқоридаги вундеркиндларни фақат ўз талқинимиз бўйича санаб ўтдик. Ишонамизки, уларнинг барчасини порлоқ келажак кутмоқда. Жаҳон футболи ушбу совриннинг омадсиз эгаларини кўп кўрган. Бизнинг номзодларимиз футболда янги даврга асос солиши лозим. Ахир, Роналду-Месси эрасидан кейин футболни кимдир ўз елкасида кўтариб туриши хам керак-ку.

Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!