SPORTS.uz талқини бўйича кучли бешлик чемпионатлари рамзий терма жамоаси
Мураббий: Стефано Пиоли (4-5-1)
Италиялик мутахассис кетма-кет иккинчи маротаба рамзий терма жамоамиз мураббийлик постидан жой олди. Дастлаб, турнир жадвалининг 2-поғонасида бораётган «Лацио»ни таслим этгани учун эътиборимизни тортган Стефано бу гал амалдаги чемпион ва катта эҳтимол билан жорий мавсумда ҳам Скудеттони қўлга киритадиган «Ювентус» устидан ғалаба қозонишга эришди. Барча 6 та гол иккинчи бўлимда киритилди. Ральф Рангник бир оёғи билан «Милан»да. Унинг фаолияти кўнгилдагидек чиқмаган тақдирда, Берлускони бошлиқ «россонерилар» раҳбарияти Пиолидек мураббийдан қуруқ қолганидан афсусланиши аниқ.
Унинг 4-5-1 (4-2-3-1) тактикаси рамзий терма жамоамизни тузишда асос бўлиб хизмат қилади.
Дарвозабон: Каспер Шмейхель
«Лестер» 1 очко қўлга киритганига ҳам қувонса арзийди. Қизил карточкагача «Арсенал»нинг ҳужумлари даҳшатли кўриниш олаётган эди. Даниялик посбон камида 6 та вазиятда дарвозасига кириб кетаётган тўпларни олиб чиқди.
Ҳа, голни Варди урди. Лекин унгача лондонликлар, айтайлик, 3 та гол уришга улгуриб бўлганда-чи?!
Чап қанот ҳимоячиси: Ферлан Менди
«Реал» аввалги ўйинларига қараганда ишончлироқ ҳаракат қилганини кўрдик. Бунга сабаб биринчи бўлимда уриб олинган гол. Пенальтига эса Ферланнинг тезлиги сабаб бўлди. Ушбу гол бутун учрашув мобайнида «қироллик клуби»га ҳотиржамлик бахш этди. Менди эса энг яхши ўйинчи, деб топилди.
Марказий ҳимоячи: Рауль Албиоль
Ўз уйида уч баробар кўпроқ вазиятлар яратган «Хетафе» бевосита 5-поғона учун курашда мағлуб бўлди. Бунга сабаб Рауль Албиоль бошлиқ ҳимоя чизиғи. Ўйин аҳамиятини баҳс якуни арафасида юзага келган жанжал ва 4 та қизил карточкадан ҳам билиб олиш мумкин.
Марказий ҳимоячи: Фабио Лучиони
«Лацио»нинг мағлубияти пандемиядан сўнг одатий ҳолга айланиб улгурди. Жамоа чемпионлик пойгасини деярли бой бериб бўлди. «Лечче» ушбу тургача хавфли зонада бораётган эди. Лучионининг ҳимоядаги ишончли ҳаракати ва ғалаба голи уларни бу ҳудуддан олиб чиқди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Киран Тирни
«Арсенал»нинг «Лестер»га қарши ўйини, юқорида таъкидлаганимиздек, ёмон бўлмади. Ҳужумлар бор, вазиятлар яратилди. Аммо якуний зарбани йўллашда ҳужумчилар бироз ишончсиз ҳаракат қилишди.
Киран Тирни ушбу беллашувда «тўпчилар» сафидаги энг ажойиб ўйинларидан бирини намойиш этди. Биз уни ўнг қанотнинг исталган қисмида кўришга эришдик.
Таянч ярим ҳимоячиси: Серхио Бускетс
Ўзига ўхшаб бораётган «Барса»да Бускетснинг ўйинлари ҳам ўхшай бошлади. Майдондаги қора меҳнатни бажаришда бир неча йил аввал беназир ҳисобланган испан футболчиси сўнгги пайтларда даражасини йўқотиб қўйган эди. Каталония дербисида у яна «Барселона» суянган тоғ образида намоён бўлди.
Таянч ярим ҳимоячиси: Франк Кесси
Ўзига ўхшаб бораётган жамоалар ҳақида сўз очган эканмиз, «Милан»нинг мўъжизавий камбекини ҳам эътибордан четда қолдира олмаймиз. Кесси ва Беннасер бугунги жамоа ярим ҳимоясида ўзгартириб бўлмас фигуралардир. Кесси «Ювентус»га қарши ўйинда ўз сўзини айта олди. Гол орқали…
Чап қанот вингери: Давид Сильва
«Манчестер Сити» ўзи каби улкан сармоя киритилиш арафасида бўлиб турган «Ньюкасл»га 5 та гол урди. Тўйга тўёна, деганларидек.
Испаниялик футболчи эса битта гол ва иккита пас амалга оширди. Ушбу учрашувдан сўнг у «шаҳарликлар» билан хайрлашган суратлари эълон қилинди. Шубҳасиз, жаҳон футболида «Манчестер Сити»дек гегемоннинг пайдо бўлишида Сильванинг хизматлари беқиёс. Унинг Англиядаги фаолияти таҳсинга сазовор тарзда ўтди.
Ўнг қанот вингери: Виллиан
«Челси» ушбу мавсумда бир амаллаб Чемпионлар лигасига чиқиб олиши керак. Ёзда клуб яхшигина кучаяди. Виллиан каби иқтидор эса янги юлдузлар ортида қолиб кетмаслиги аниқ. У жамоа сардори сифатида том маънода майдонда дирижёрлик қилади. Лондон дербисида у яна катта саҳнага чиқди.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Бруну Фернандеш
Фернандеш бизнинг рамзий терма жамоамиздан бошқа рейтинглар ва совринларни ҳам тинмай забт этиб келмоқда. Бирор ўйин ўтмаяптики, унда португалиялик хавбек гол урмаган ёки ассист амалга оширмаган бўлса.
Устига устак, премьер-лигада кетма-кет икки маротаба ой футболчиси, деб топилди. Ҳамюрти Роналду давридан бери бу каби ҳолат такрорланмаган эди.
Ҳужумчи: Карим Бензема
Франциялик футболчининг голи ва ассисти жамоани чемпионликка янада яқинлаштирди. Серхио Рамос ўйнамаган учрашувда Бензема етакчиликни ўз қўлига олди. Қайсидир маънода ушбу вазифани ортиғи билан бажарди: пенальтидан гол урди ва ҳисобни ишончли кўринишга олиб келишда ҳам 80 фоиз ишни бажарди. Бунгача Рамос бошчилигидаги «қаймоқранглилар» ҳар бир учрашувда битта пенальтидан киритилаётган гол билан чекланаётган эди…
Изоҳ: Ушбу терма жамоада айни пайтда давом этаётган тур беллашувлари инобатга олинмаган.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
SPORTS.uz талқинидаги Европа топ-5 чемпионатлари рамзий терма жамоаси
Фикрлар