SPORTS.uz талқини бўйича Суперлига 26-тур рамзий терма жамоаси

Дарвозабон: Жавоҳир Илёсов (“Локомотив”)

Суперлига жорий мавсуми бизга тақдим этган туҳфалардан бири айнан Жавоҳир Илёсовдир. Нестеров мавсум ярмида жамоани тарк этгач, кўпчилик “темирйўлчилар”нинг дарвоза чизиғидан хавотирга тушган эди. Аммо Илёсов тажрибали дарвозабондан ҳам яхшироқ ҳаракат қилишга муваффақ бўлмоқда. 

“Насаф”нинг кетма-кет ҳужумлари голга айланмаганининг бош “айбдори”  - Жавоҳир!

photo_2020-12-04_12-23-50

Марказий ҳимоячи: Анзур Исмоилов (“Пахтакор”)

Ушбу рамзий терма жамоани 3-6-1 тактик схемаси бўйича тузиб чиқишга қарор қилдик. Бунда, албатта, 3 та марказий ҳимоячи хизматидан фойдаланамиз. Исмоилов Суперлигада жон сақлаб қолиш учун тиш-тирноғи билан ҳаракат қилаётган “Андижон” ҳужумларини қайтариб турган қоя бўлиб ёдимизда қолди. Ўз тажрибасига муносиб ўйин!

photo_2020-12-03_17-26-41

Марказий ҳимоячи: Бобурбек Йўлдошев (АГМК)

Марказий ҳимоячи зонасида олмалиқликларда муаммо мавжуд эмаслигини рамзий терма жамоаларимиз кетма-кетлиги исботлаб турибди. Сўнгги 3 турда Миржалол Қосимов шогирдлари мудофаа марказидаги феноменал ўйинлари билан ажралиб тургани боис эътиборимиз марказига тушиб келмоқда. 

photo_2020-12-03_22-37-03

Марказий ҳимоячи: Шерзод Файзиев (“Локомотив”)

Қаршиликлар Илёсов постига йўл топган бўлишарди… Агар Файзиев мавсумдаги энг яхши ўйинларидан бирини айнан мана шу баҳсга сақлаб қўймаганида. Марказий ҳимояда Жумабоев билан яхши тандем ҳосил қилиб келаётган футболчини рамзий жамоамизга киритишга қарор қилдик. 

photo_2020-12-04_12-23-50 (2)

Марказий ярим ҳимоячи: Азим Аҳмедов (“Навбаҳор”)

“Водий дербиси”нинг безагига айланган гол муаллифи ўз жамоасини бутун мавсум давомида олдинга бошлаб келди. “Қўқон-1912”га қарши ўйиннинг энг ҳал қилувчи, асабий палласида урилган гол амалда кўп нарсаларни ўзгартириб юбориши керак эди. Аммо бир неча дақиқадан сўнг, қўқонликлар ҳам жавоб голини супер тарзда киритди. Бу ҳақида кейинроқ…

photo_2020-12-03_21-34-45

Марказий ярим ҳимоячи: Ойбек Бозоров (“Насаф”)

“Насаф” ҳужумидан ҳеч бир вакил рамзий жамоамизга кирмаслигини анонс сифатида айтиб ўтишим мумкин. Чунки улар Бозоров юзага келтирган бир қанча вазиятларни кўкка совуришди. Ойбек майдон марказида кесувчи паслари билан рақиб ҳимоясини мудом хавф остида қолдириб келди. 

photo_2020-12-03_15-03-04

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Жавоҳир Сидиқов (“Пахтакор”)

Таркибимиздаги иккинчи Жавоҳир ҳам ҳақли равишда ушбу ўринга эга чиқмоқда. Гол уришдан ташқари ўйин давомидаги фаол ҳаракатлари билан ажралиб турган футболчи “Пахтакор”нинг ғалабасидаги энг муҳим фигура бўлиб хизмат қилди. 

photo_2020-12-03_17-27-18

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Қувондиқ Рўзиев (“Қўқон-1912”)

Азим Аҳмедовнинг голи Рўзиевнинг супер зарбаси бўлмаганда турнинг энг чиройлиси бўлиши тайин эди. Қўқонликларнинг жароҳатга мойил ярим ҳимоячиси ўйин давомида бир нечта хавфли рейдларни ҳам амалга оширди. Киритилган гол шунчаки ўхшаб қолган зарба маҳсули эмасди. 

photo_2020-12-04_09-29-50

Чап қанот вингери: Элгужа Григалашвили (АГМК)

АГМК мавсумнинг иккинчи қисмини ностабил тарзда ўтказди. Грузиялик футболчи “Бухоро”га қарши ўйинда том маънода порлади. Ҳусниддин Ғофуровнинг муҳим голига пас беришдан ташқари, ўйин якунининг хотиржам кечишида айнан унинг киритган тўпи асосий ролни ўйнади. 

photo_2020-12-03_22-37-21

Ўнг қанот вингери: Ҳусниддин Ғофуров (АГМК) 

Кетма-кет ўйинларда гол уриб келаётган Ғофров ўз ўйинини мана энди топиб олгандек бўлмоқда. “Бухоро”га қарши ўйинни унинг дубли ҳал қилиб қўйди. Ўз тарихида биринчи маротаба медалларни қўлга киритган олмалиқликлар учун унинг голлари муҳим ўрин тутиб келди. 

photo_2020-12-03_22-36-39

Марказий ҳужумчи: Ҳумоюн Муртозоев (“Машъал”)

Мавсум кашфиётлари қаторида Ҳумоюнни ҳам тилга олишимиз ўринли бўлади. Кетма-кет ўйинларда мавсум дебютантлари сафида гол уриб келаётган Муртазоев “Металлург”ни мағлуб этган голнинг ҳам муаллифи бўлди. Марказий ҳужумчилар орасида ҳеч бир футболчи Ҳумоюн каби тур ўйинининг ҳал қилувчи қаҳрамони бўлмади. 

photo_2020-12-03_14-40-03

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!