SPORTS.uz талқини бўйича Суперлиганинг 4-тур рамзий терма жамоаси билан танишинг

Хабарингиз бор ўтган ҳафтада Суперлигада 4-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Бу тур ҳам бизга бир қатор кутилмаган ва кутилган натижаларни қайд этди. SPORTS.uz портали ҳам ўз талқини бўйича ушбу ўйинларда ўзини кўрсатган ва жамоасига фойда келтирган футболчилардан иборат тур рамзий терма жамоасини тузиб чиқди.

Тур рамзий жамоаси дарвозасига "Сурхон" посбони Асилбек Омоновни киритдик. Ушбу дарвозабон "Пахтакор"га қарши кечган ўйинда ўз дарвозасини ажойиб тарзда қўриқлади. Марат Бикмаев ва Драган Черан бир неча бор Омонов дарвозаси томон ҳавфли ҳужумлар ташкил қилганига қарамасдан, 26 ёшли дарвозабон ишончли ўйнади. Шунингдек, Асилбек ортда қолган 4та учрашувнинг 3тасида ўз дарвозасини даҳлсизлигини сақлаб қола олди.

"Бухоро" ниҳоят 4-турга келиб ўз мухлисларини хурсанд этди. Фарғонадаги "Истиқлол" стадионида кечган учрашувда "Қўқон-1912"га қарши курашган "Бухоро" жамоаси сафида Азамат Исроилов энг яхши футболчилардан бири бўлди. Нафақат, ўз қанотида ишончли ўйнади ва киритилган голларда иштирок ҳам этди.

Самарқанднинг “Динамо” жамоаси мавсумни жуда яхши бошлади. Даврон Файзиев қисқа вақт ичида жамоани тезда Суперлига талабига мос тарзда шакллантирди. Клуб сардори Акмал Холмуродов “Сўғдиёна”га қарши ўйинда ажойиб ўйин кўрсатди ва жамоаси билан муҳим ғалабани қўлга киритди. Ушбу баҳсда Холмуродов ҳимояда жуда ишончли ўйин намойиш эта олди.

Турнинг яна бир ўйинида “Локомотив” ўз майдонида АГМКга қарши ўйнади ва муҳим ғалабани қўлга киритди. Мазкур ўйинда “темирйўлчилар” сафида ҳаракат қилган Ислом Тўхтахўжаев ҳимоя марказида ишончли ҳаракат қилди ва жамоасига ғалаба келтирувчи голни киритди. Бу эса “Локо”га мавсумдаги учинчи ғалабани қўлга киритди.

Қаршида тарихий ғалабани қўлга киритган “Навбаҳор” кетма-кет икки мағлубиятдан сўнг ўз ўйинини топиб олди ва 4-турда мухлисларини хушнуд қилди. Ушбу баҳсда “лочинлар” чап қанот ҳимоячиси Славко Лукич ҳам мураббий ишончини оқлади. Сербиялик легионер ўзига юклатилган вазифани тўлиқ бажарди. Қанотлардан кўплаб рейдларни амалга оширди.

Термизликлар 4-турга келиб “Пахтакор”нинг юришини тўхтата олди. “Сурхон” сафида Шавкат Саломовнинг кўрсатаётган ўйини таҳсинга сазовор. “Пахтакор”га қарши кечган ўйинда ҳам Шавкат нафақат майдонда “боғловчи” вазифасини бажаришдан ташқари, ўзини ҳам вазият туғилса, дарвоза томон зарбалар бериб турди. Айниқса, ўйин охирларида Шавкат Саломоновнинг ўзи рақиб жарима майдончасига кириб бориб, гол киритиши мумкин эди.

“Қўқон-1912”ни мағлубиятга учратишда Жаҳонгир Абдумўминов ҳам жонбозлик намойиш қилди ва “Бухоро” ғалабасига ҳисса қўшди. Абдумўминов 3-голни киритишда Иван Нагаевга ажойиб пас берди. Бунинг оқибатида Нагаев қалқанча услубда гол киритди. Қолаверса, майдон марказида қўқонликлар томонидан уюштирилаётган ҳавфли ҳужумларни бузишда жонбозлик кўрсатди.

Абрамов кашф қилаётган яна бир футболчилардан бири Жасур Жалолиддинов бўлади. 16 ёшли футболчи Суперлигада тўп сураётган энг ёш футболчи бўлишдан ташқари, муҳим голларни ҳам киритмоқда. “Андижон”га қарши кечган баҳсда Жасур 25 метрлардан Виталий Мирний дарвозасини нишонга олди. Ушбу гол  нафақат рақибни таслим қилди ва жамоага уч очко келтирди.

Бекободда “Металлург” жамоаси жуда муҳим ўйинда муваффақият қозонди. “Қизилқум”ни мағлубиятга учратишда Баҳром Абдураҳимовнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Баҳром “Металлург”га келганидан сўнг яна ўз даражасида ўйнай бошлади. “Қизилқум” билан учрашувда у майдонни жуда кўра олишини ва ҳужумларни янада кўпроқ ҳавфли бўлишини таъминлай олди.

3-турда Зафар Полвонов 5та гол урган ҳолда Суперлига тарихида қолган эди. Бу сафар Зоҳид Абдуллаев 3 бор “Қизилқум” дарвозасини ишғол қила олди ва жамоасининг ғалабасига муҳим ҳисса қўшди. Шу тариқа, Зоҳид чемпионатнинг голлари сонини ошириб олди. “Металлург” эса ўз майдонида йирик ҳисобдаги ғалаба қозона олди.

“Навбаҳор”нинг мавсумдаги дастлабки ғалабасини сафарда “Насаф” устидан қўлга киритди. Наманганликларнинг ушбу учрашувдаги ягона голини эса Александр Касьян киритди. Касьян аввалги турда “Бунёдкор”га гол ура олган эди. Шунингдек, пенальтидан ҳам фойдалана олмаганди. Бу гал эса у учрашув қаҳрамонига айланди.

Тур бош мураббийини танлашда бироз қийналдик. Боиси ушбу номга Андрей Канчельскис, Вадим Абрамов, Даврон Файзиев каби мутахассислар номзоди ҳам бор эди. Биз эса якунда Фарғонада муҳим ғалабани қўлга киритган "Бухоро" устози Бахтиёр Ашурматовни танладик.

Демак SPORTS.uz талқини бўйича тур рамзий терма жамоаси қуйидагича кўриниш олди:

Дарвозабон: Асилбек Омонов ("Сурхон")

Ҳимоячилар: Азамат Исроилов ("Бухоро"), Акмал Холмуродов ("Динамо"), Ислом Тўхтахўжаев ("Локомотив"), Славко Лукич (“Навбаҳор”).

Ярим ҳимоячилар: Шавкат Саломов ("Сурхон"), Жаҳонгир Абдумўминов ("Бухоро"), Жасур Жалолиддинов ("Бунёдкор"), Баҳром Абдураҳимов (“Металлург”).

Ҳужумчилар: Зоҳид Абдуллаев ("Металлург"), Александр Касьян ("Навбаҳор").

Бош мураббий: Бахтиёр Ашурматов.

Бахтиёр Тоштемиров ва Иззат Абдуваҳобов тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
15/04/2019 22:45
Шуни расмда курсатса яхширок эмасми?
&
Chelsea_buxara
15/04/2019 22:07
Oxo Buxorodan 3 ta zurku