Европа чемпионати гуруҳ босқичи кутилганидан ҳам шиддатли тарзда ўтди. Бир неча грандлар ўзидан кутилган ўйинларни кўрсата олмади ва сенсацияларга сабаб бўлди. Етакчилардан Испания Швецияни олдинга ўтказиб юборган бўлса, Туркия, Польша каби термалар мухлисларини ранжитди. Гуруҳ босқичи бизга бир неча янги юлдузларни кашф этиб берган бўлса, айрим футболчилар янада ёрқинроқ ўйин намойиш этди. Биз эътиборингизга “Евро-2020” гуруҳ босқичи рамзий жамоасини тақдим этишни мақсад қилдик.

Мураббий: Роберто Манчини

“Скуадра Адзурра” кетма-кет 30 ўйиндан бери ютқазмаяпти, 10 учрашувдан бери ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолмоқда. Бунга эришиш осон эмаслигини барча билиб турибди. Миллий жамоа сафида шундай тартиб ўрната олган италиялик мураббий гуруҳ босқичида ҳам шогирдларини ҳар бир ўйинга аъло даражада тайёрлай олди. Итальянларни учрашув олдидан мадҳия куйлаганини кўрганмисиз? Бундай руҳият ўз-ўзидан келиб қолмайди, футболчиларга ватанпарварликни сингдириш осон эмас. Бу ишни бажара олган мураббий эса эътироф этилишга лойиқ.

goal_italy-boss-roberto-mancini_mlfxkbhqp0d51fseyhmbqm1qg

Дарвозабон: Лукаш Градецкий

Бир қарашда ундан яхшироқ номзодлар бор, дейишингиз мумкин. 3 та “қуруқ ўйин” ўтказган Доннарумма, дарвозасидан 1 тагина тўп олиб чиққан Куртуа ва бошқалар ҳаёлингизга келгани табиий. Юқоридаги посбонларнинг натижалари кучли ҳимоя ортидан шу ҳолатга келди, супер ҳаракатлардан эмас! Дарвозабоннинг кучи ва қолганлардан устунлиги унинг сейвлари бўйича аниқланади, назаримизда. Шу нуқтаи назардан Градецкийни энг яхши посбон, деб аташ мумкин. Гарчи жамоаси плей-оффга чиқа олмаган бўлсада, қаҳрамонимиз 13 та сейв амалга оширди, 1 та пенальти қайтарди. Скандинавияликларнинг дарвозаси ишончли қўлларда, бироқ ҳужум ҳақида бундай деб бўлмайди.

gettyimages-1233417789-2048x2048

Чап қанот ҳимоячиси: Робин Госенс (Германия)

Госенс бу мусобақада порлаган янги юлдузлардан бири. Катта эҳтимол билан, Робин келаси мавсум “Аталанта”ни такр этади. Уни каттароқ клублар ўз сафига қўшиб олмоқчи. Чап қанот ҳимоячисининг ҳар учала ўйиндаги ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Тезликда рақибларини ортда қолдирадиган футболчи жарима майдони ичидаги шерикларини тўп билан таъминлашни ҳам яхши уддалайди. “Ўлим гуруҳи”дан кейинги босқичга йўл олган “бундестим” сафида ўзига муқим жой кафолатлаб улгурган 26 ёшли футболчи 3 ўйинда 1 гол ва 2 ассистни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Ёмон натижа эмас!

gettyimages-1324504227-1024x1024

Марказий ҳимоячи: Леонардо Бонуччи (Италия)

Юқорида таъкидланган “олов” айнан Бонуччи кўзларида яққол кўзга ташланади. Унинг сардорлик қобилияти ҳимоя марказида анча қўл келмоқда. Азалдан “мовий гвардия” мудофааси энг зўри, дея эътироф этилиши бежиз эмас. Кьеллини, Бонуччи каби тажрибали фулбеклар Италиянинг рақибларини зарарсизлантиришда ҳамон эпламоқда. Гуруҳ босқичида ўтказилган 3 та “қуруқ ўйин” сўзимизнинг исботи бўла олади. 

E4BuwnlVIAM4Ari

Марказий ҳимоячи: Жон Стоунз (Англия)

Англия мусобақанинг энг қиммат жамоаси ҳисобланади. Бу “уч шерлар” таркиби юлдузларга тўлиб-тошганлигидан далолат. Мана шундай ҳолатда асосий таркибдаги ўрнини ҳеч кимга бермаётган Стоунз рамзий жамоамиздан жой олишга муносиб, деб ҳисобладик. Иштиёққа тўлиб турган Мингз, Коади каби ҳимоячиларга имконият бермаётган Жон аллақачон Саутгейтнинг ишонган футболчиларидан бирига айланиб улгурди. Энди нимчорак финалда Германия синовидан ўтиши керак бўлган инглизлар Магуайр-Стоунз тандемидан фойдаланиши катта эҳтимол. Бундай ҳолатда “Манчестер Сити” ҳимоячиси яна ўзини кўрсатиши талаб этилади. Эндиги рақиблар анча жиддий.

gettyimages-1233428710-2048x2048

Ўнг қанот ҳимоячиси: Дензел Думфрис (Нидерландия)

Умуман олганда, бу позиция танлови катта муаммо туғдирмади. Боиси, Думфрис ўзидан талаб этилганидан-да яхшироқ ўйин кўрсатди. 3 ўйинда 2+1 натижасини қайд этган ПСВ футболчиси катта шов-шувларга сабаб бўлди. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Дензел бу натижани шунчаки бир ўйинда қайд этмади. Ҳар бир учрашувда ўнг қанотни “ёндириб ташлаган” 25 ёшли ҳимоячига рамзий жамоамизнинг ўнг қанот ҳимоясини ишониб топширдик.

gettyimages-1233511131-2048x2048

Таянч ярим ҳимоячиси: Пьер-Эмиль Хёйбьерг (Дания)

Энг муҳокамали позиция айнан майдон маркази бўлди. Чунки таянч ярим ҳимояда ишончли ўйин кўрсатган футболчилар етарлича топилди. Канте, Локателли, Киммих каби ўйинчиларга ҳурмат сақлаган ҳолда айтишимиз мумкинки, Хёйбьерг энг муносиб вариант! Руҳий томондан тушкунликка тушиб қолган данияликларнинг камбэки барчага манзур бўлгани шубҳасиз. Бу ҳолатнинг асосий қаҳрамонларидан бири Пьер-Эмиль Хёйбьергдир. 3 ўйиндаги 3 ассист “Тоттенхэм” футболчисининг арзирли номзодлигини исботлайди.

gettyimages-1324762774-1024x1024

Марказий ярим ҳимоячи: Лука Модрич (Хорватия)

Ўз терма жамоаси сафида гол урган энг ёши катта футболчига айланган Модрич ўша аниқ зарбани ўта муҳим паллада йўллади. Шотландия дарвозасига киритилган чиройли голдан ташқари, унинг  бошқа ҳаракатлари ҳам таҳсинга сазовор. 35 ёшли футболчи учун майдон марказини мустаҳкам ушлаш осон эмас. Уни устига, Модрич 3 ўйинда бир дақиқа бўлса-да тиним билгани йўқ. Хорватия терма жамоаси устози Златко Далич ўйин услубини қаҳрамонимиз атрофида қурган. “Реал” ярим ҳимоячиси рамзий жамоамизда Хьойбергга шерик бўлади.

photo_2021-06-23_01-26-26

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Жоржиньо Вейналдум (Нидерландия)

Кучли ўйин кўрсатган “учар голландлар”нинг яна бир муносиб футболчиси! Бироқ бу позицияда Вейналдумга анча жиддий рақобатчи бор эди. Гап унинг ватандоши Френки Де Йонг ҳақида кетмоқда. “Барселона” футболчиси анча ҳаракатчан, аниқ паслар борасида устун, бўлса-да, Жоржиньо 3 бор рақиб дарвозасини ишғол этган. Бу фактордан кўз юмиш шунчаки имконсиз. Ундан ташқари, ПСЖ футболчиси ҳали захирага олинмади ва 3 ўйинда тўлиқ ҳаракат қилди. Гарчи Вейналдумнинг ўзи ҳам Френкининг ўйинини эътироф этган бўлса-да, биз Жоржиньони танладик.

photo_2021-06-14_01-18-03

Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Эмиль Форсберг (Швеция)

Кўпчилик учун янги ва айни пайтда муҳокамага сабаб бўлувчи футболчи! Испания терма жамоаси бор гуруҳда биринчи ўрин билан кейинги босқичга чиқиш осон иш эмас, албатта. Буни уддалаган шведлардан рамзий жамоага футболчи олмаслик ҳам адолатдан бўлмасди, назаримизда. 3 та гол урган 29 ёшли футболчи терма жамоаси кейинги босқичга чиқишига беназир ҳиссасини қўшди. Златандан кейин Швеция терма жамоасини елкасида кўтариб юриш айнан Форсбергнинг навбати, шекилли.

photo_2021-06-23_21-18-32

Ҳужумчи: Ромелу Лукаку (Бельгия)

Лукаку шунчаки ўзидан кутилган ўйинни намойиш этмоқда. Рақобатчиларидан фарқли ўлароқ, у гол уришдан тўхтамаяпти. Масалан, унинг ўрнига Левандовски, Кейн каби ҳужумчилар даъвогарлик қилиши ҳам мумкин эди. Аммо уларнинг бири жамоасини кейинги босқич сари етаклай олмаган бўлса, бошқаси бирорта гол ура олмади. Шахсан мен бугунги кундаги Бельгия терма жамоаси етакчиси сифатида Лукакуни эътироф этган бўлардим. Энди Ромелунинг ўзи нимчорак финалда Португалия тўсиғидан жамоасини олиб ўтиши ва “қизил иблислар” билан битта бўлса-да соврин ютиши лозим. Ҳозир энг қулай имконият!

photo_2021-06-13_00-47-27

Ҳужумчи: Криштиану Роналду (Португалия)

Роналду ушбу 11 футболчи орасидаги энг муносиб номзод, буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Гуруҳ босқичидаги барча ўйинда 2 та голли ҳаракат амалга оширган ҳужумчи исталган нашр рамзий жамоасидан ўрин олгани аниқ. Тўғри, Криштиану киритган голларнинг 3 тасини 11 метрлик нуқтадан киритди. Аммо ушбу мусобақада пенальтини аниқ амалга ошириш борасида муваффақиятсизликлар кўп бўлганини кўрдик. Роналду эса метин асабларга эгалигини барчага исботлаб қўйди. Терма жамоа сафида энг кўп гол урган Али Даеига етиб олган 35 ёшли ҳужумчида яна бир рекорд ўрнатиш имконияти бор. Чемпионликни ҳимоя қилиш учун катта қадам ташлаган португаллар плей-оффда Бельгия билан куч синашади. Роналду учун катта синов!

image_2021-06-24_00-54-22

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!