Сречко Катанец эътиборидан қолганлар! Термадан чақирув олмаган футболчилардан иборат рамзий жамоа! (Фото)
Хабарингиз бор, сентябрь ойидаги ФИФА кунларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси АҚШ ва Мексика билан океан ортида ўртоқлик ўйини ўтказади. Ушбу баҳсларда иштирок этиш Катанец қуйидаги футболчиларни термага чақирди. Хўш, бу рўйхатдан кимлар тушиб қолди? Биз словениялик мутахассисдан чақирув олмаган футболчилардан иборат рамзий жамоани туздик ва 4-3-3 схемасига жойлаштирдик.
Дарвозабон: Санжар Қувватов (“Пахтакор”).
Жорий мавсумда пенальтиларни “олиб” чиқиш бўйича энг зўрларидан бири бўлиб турган посбон “Пахтакор”нинг асосий дарвозабонига айланиб улгурди. Санжарнинг ўйинида бироз пасайиш бўлгани бор гап, аммо Қувватов ҳозир ҳам яхши даражани ушлаб туришни уддалмоқда. Айнан у рамзий жамоамиз дарвозасини қўриқлайди.
Ҳимоячилар:
Иброҳим Йўлдошев (“Навбаҳор”).
“Навбаҳор” сафидаги ўйинлари билан чинакам кашфиётга айланган йигит ҳали терма жамоадан чақирув олганича йўқ, бироқ шу темпда ўсиб борса, бу тез орада содир бўлиши аниқ. Рамзий жамоамизнинг чап қанотидан ўрин эгаллаган универсал ҳимоячи Суперлигада 16 ўйинда иштирок этиб, ўз ҳисобига 1 гол ва 1 ассист ёздириб қўйди. Курашлардан қочмасада, майдонда жуда кам қўполлик ишлатадиган футболчи жуда яхши мавсумни ўтказмоқда.
Ғолиб Ғайбуллаев (“Насаф”).
“Насаф” жамоаси ҳимоячилари айни дамда Ўзбекистон футболидаги энг кучли ижрочилар саналади. Замонавий футболдаги “фишка”ларни яхши ўзлаштирган, тезкор ва тактик кўрсатмаларни аъло даражада бажариши билан мураббийлар эътиборига тушган Ғолиб Ғайбуллаев бу сафар ҳам термадан чақирув олгани йўқ.
Сардор Раҳмонов (ОКМК).
Раҳмонов масаласи анча чигал. Агрессив, иккинчи қаватда жуда фаол бўлган ҳимоячи ОКМКнинг асосий ижрочиларидан бири саналади. Жисмонан бақувват ва яккакурашларда фаол бўлишига қарамай, Раҳмонов терма жамоа шортлистида кўриниш бермади. Очиғи, бу позициядаги рақобатни ҳисобга олсак, Сардор яқин орада терма либосида кўриниш бериши мушкул масаладек кўринмоқда.
Шохруҳ Гадоев (ОКМК).
Яна бир ОКМК футболчиси Шохруҳ Гадоев ҳам бизнинг рўйхатдан жой эгаллади. Унинг пик спорт формада бўлган йиллари ортда қолганига қарамай, Гадоев ҳозир ҳам аъло даражада ўйин кўрсатишни уддаламоқда. Қаҳрамонимиз исталган вазиятда асосий жамоадаги бўшлиқни тўлдиришга тайёр ҳолатда.
Ярим ҳимоячилар:
Ойбек Бозоров (“Насаф”).
Ҳимоя чизиғидаги йигитлар термадан чақирув олганлар билан рақобат қила олмаслиги мумкин, аммо Ойбек Бозоров ўз позициясидаги исталган футболчига алтернатив вариант беришга қодир спорт формада. Айниқса, сўнгги ўйинларда Бозоров кўзга ташланаётган эди. Катанец аввалроқ уни кўздан кечиргани учун ҳам бу сафар бошқа ижрочига имконият беришга қарор қилган кўринади.
Аброр Исмоилов (“Навбаҳор”).
Фарғонадан Наманганга кўчиб ўтгач, Аброр вингер ва қанот ярим ҳимоячиси образида ўзини кўрсата олди. Суперлигада 15 ўйинда 920 дақиқа тўп тепган футболчи ярим ҳимоя чизиғи учун яхши қўшимча кучга айланиши мумкин.
(Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирув олган футболчи Жасурбек Яхшибоев оилавий сабабларга кўра йиғинда иштирок этолмаслиги маълум бўлди. Бу ҳақда УФА матбуот хизмати хабар берди.
Унинг ўрнига жамоага “Навбаҳор” футболчиси Аброр Исмоилов жалб этилди.)
Шаҳбоз Умаров (“Ордабаси”).
Қозоғистон чемпионатида “ёндираётган” Шаҳбоз Умаровни термадан четда қолишига мухлислар секин-аста ўрганиб қолмоқда. “Ордабаси” сафида 17 ўйинда 2 гол урган ҳужумкор ярим ҳимоячи терма жамоа сафида БААдаги йиғинда иштирок этгани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмагани аниқ. Катта эҳтимол, ярим ҳимоядаги кучли ижрочиларнинг кўплиги Шаҳбозни термадан чақирув олиш имкониятларини камайтириб юбормоқда.
Ҳужумчилар:
Дониёр Абдуманнопов (“Навбаҳор”).
ОЧЛ саралаш ўйинида захирадан ўйинга қўшилиб, гуруҳ босқичига йўлланма берган голни урган вингер ҳам рўйхатдан ўрин эгаллагани йўқ. Дониёр сўнгги икки мавсумдан бери мухлис ва мутахассислар томонидан эътироф этиб келинаётган хабарингиз бор. Меҳнаткаш, прессингда фаол ва яхши старт тезликка эга футболчи кейинги йиғинлар чоғида Катанецдан чақирув олишининг эҳтимоли юқори.
Хуршид Ғиёсов (ОКМК).
Яна бир "кончи" Сречко Катанец эътибордан четда қолишда давом этмоқда. Жорий мавсумда Суперлигадаги энг сермаҳсул ўзбек футболчиси (9+4) словениялик мутахассис томонидан ҳали термадан чақирув олгани йўқ. Тан олиш лозим, Хуршид ҳозирги терма жамоага ортиқчалик қилмаган бўлар эди. Ҳатто, чақирув олган айрим захирада қолиб кетаётган футболчилардан кўпроқ наф бериши ҳам мумкин. Айнан у рамзий жамоамизнинг чап қанот ҳужум чизиғидан ўрин эгаллади.
Забиҳилло Ўринбоев ("Металлург").
Ҳозирда ўзининг энг сермаҳсул мавсумини (6+1) ўтказаётган "Металлург" форварди рамзий жамоамизнинг марказий ҳужумидан ўрин эгаллади. Ҳозир "алдамчи тўққизлик" вазифасини бажараётган Забиҳилло терма жамоа учун номзод вакиллардан бирига айланган эътиборга молик.
Фикрлар