Сречко Катанец жуда эҳтиёткор мураббийми ёки Ўзбекистон МТЖнинг аҳволи шу даражада ҳавотирлими?

Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги саралашидаги юришини бошлайди. Биз учун ноодатий, аммо ўзимиз сабабчи бўлган босқич. Терма жамоамиз жаҳон чемпионатининг 3-саралашига чиқа олмагани етмаганидек, қитъа миқёсидаги саралашни ҳам дастлабки босқичлардан бошламоқда.

Сречко Катанец келганида аксарият инсонлар хурсанд бўлмагани табиий. Чунки кўплаб мухлислар ва футбол жамоатчилиги Карлуш Кейрушни кутганди. Аммо бу мутахассисни юртимизга олиб келишга кўндира олмадик.

Ҳозир Сречко Катанец билан йўлга чиқмоқчимиз. Бу мураббий ҳам аслида яхши савияда. Бироқ Кейруш фонида унинг қадри билинмаяпти, ҳозирча.

Сречко Катанец саралаш баҳсларида фаворит эканлигимиз, аммо бир лекини борлиги, асосий ҳужумчи кимлиги ва Суперлигада яхши натижалар кўрсатаётган футболчилар нега таркибга жалб қилинмагани борасида гапирди

IMG_1981

Шунингдек, Катенец ҳам айрим фикрлари билан ҳар гал омма эътиборига тушмоқда. Унинг матбуот анжуманларида айтган гаплари турли хулосаларни бермоқда. Балки хавотирларни ҳам.

Нега? Шу саралашдаги рақиблар билан учрашувларда эҳтиёткор ёндошув кераклигини айтди. Ҳамма футбол ўйнашни билади, ўйиндан олдин ҳеч кимни ютиб бўлмайди ва ҳоказо. Балки мураббий олдиндан катта гапиришни истамас, ҳаммасини майдонда кўрсатишни хоҳлар (шундай бўлишига умид қиламиз). Тўғри, бир қарашда мураббийнинг гапида жон бор. Ҳали майдонга тушмасдан, 3 очко олиб бўлмайди. Лекин рақибларга ҳурмат сақлаган ҳолда айтиш мумкинки, терма жамоамизнинг натижалари ёмонлашган бўлса ҳам, бу жамоалардан ҳайиқмай ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки биз жаҳон чемпионатига чиқишни кўзлаганмиз. Осиё Кубогининг дастлабки саралаш босқичидаёқ рақиблар билан эҳтиёткор ўйнаш кераклигини ўйласак, унда мундиал сари узоқ йўлга отланганимизда нима қиламиз? Ишонч бўлиши даркор. Ҳозирги термамизга шу ҳислатни олиб кириш керак.

Ўзбекистон МТЖнинг Осиё Кубоги саралашидаги ўйинларини қайси телеканал намойиш этади? - Мухлислар томонидан энг кўп берилаётган саволга жавоб

IMG_2099

Катанец терма жамоамизни қабул қилишдан аввал бизни яхшилаб ўрганган. Саволларга хотиржамлик билан жавоб беряпти. Натижа бўлмаса, яхшигина танқид остида қолишини билади ва ўзимиздан анча пастроқдаги рақиблар билан беллашувда ҳам катта гапирмаяпти.

Таркибга жалб этилган футболчилар рўйхати эълон қилинганида бир нарса ҳайрон қолдирганди. Қайдномада айни пайтдаги энг кучли футболчилар жамланган (мураббийнинг фикрича). Катанецнинг танловига аралашмоқчи эмасман. Фақат бир нарса, шу ўйинлар учун Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг 5 нафар аъзосини захира варианти сифатида кўраётгани ажаблантирганди. Ҳазм қилиш қийин, лекин яна такрорлайман Шри-Ланка, Мальдив ороллари жамоаларига қарши баҳсларда ўта эҳтиёткорлик / қўрқув / ҳайиқишми?

photo_2022-05-30_08-58-44

Олимпия терма жамоамиздан кўзланган футболчилар иқтидорли, лекин улар ҳозирги кунда кимнинг ўрнига майдонга тушарди, очиғи буни топиш анча қийин масала.

Яхшиямки, Катанец ўйиндан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида Тимур Кападзе қўл остидаги футболчиларни олмаслигини айтди. Бироқ ёндошув мураббий айтгандек ўта эҳтиёткор бўлмаслиги керак. Ишонч муҳим. Қўрқмаслик кайфиятини уйғотиш асосий масала. Аслини олганда, мураббий шу жиҳатларга урғу беради, футболчиларни жанговор бўлишини хоҳлайди. Бироқ унинг ўзида бу ҳислатлар кўринмаяпти. Умид қилганимиз, Ироқ терма жамоасида ишлаган кезлари жамоани шундай тайёрлаганди. Бу ишни терма жамоамизда ҳам уддалашига ишониб қоламиз.

IMG_9276

Бугун Сречко Катанец Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги илк расмий ўйинини ўтказади. Вакилларимизга бу йўлда омад тилаб, мураббийга ўзи кўзлаган мақсадига етишишини тилаб қоламиз!

 

Бекзод ИСАЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Gulomqodir Askhanov
08/06/2022 13:33
Эхтиет булганда худо хам эхтиет килади куллайди
&
СардорТЗ
08/06/2022 13:02
Yana boshladilaringmi yaxshi murabbiyni yomonotliq qilishni, bir balo qilib yo'qotishni reja qilishyapti