Сречко Катанец қураётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси. Карталарни очаётган мураббий
Намангандаги “Navruz Cup” турнири якунланди. Финалда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Уганда билан куч синашди. Қирғиз Республикасига қарши баҳснинг иккинчи бўлимида Сречко Катанец ошкор қилишни истамаган услубни қўллади. Унда бошқа вариант қолмаганди. Ҳамма натижа сўраётганди. Мураббий расмий ўйинларда кўрсатмоқчи эди, назаримизда. У ҳимоячиларни олдинроққа олиб чиқиб, рақибни марказда кутиб олди ва қарши ҳужумларга чиқиб кетишни осонлаштирди.
Хурсанд қилган жиҳат шундаки, терма жамоамиз мағлубиятга учраётганда, ўйини қовушмаётганда, камбэк қилишни уддалади. Тўғри, рақиб кучли эмас. Бироқ биз охирги пайтларда оддий жамоалар билан учрашувларда ҳам ўзимизни кўрсата олмаётгандик. Ўз қобиғимизда айландик. Катанец шу куни ўйинни қутқариб қола олишини намоён қилди. Балки бироз ошириб юборгандирмиз. Лекин эслаб кўрингчи қачон охирги йилларда мағлубиятни ғалабага ўзгартирдик? Қачон?
Уганда билан беллашувда таркибда ўзгаришлар рўй берди. Ҳимоячилар насафлаштирилди. Бу ўзини оқлагандек. Африкалик футболчилар гавдали. Шу боис уларга қарши ўйин ўтказиш учун икки қанотдаги Фарруҳ Сайфиев ва Ҳожиакбар Алижонов нисбатан гавдалироқ Шерзод Насруллаев ҳамда Дилшод Саитовга алмаштирилди. Насруллаев терма жамоага мослашиб боряпти. Саитов ҳам ёмон тасуроот қилдирмади. Унинг устунлиги рақибнинг ҳужумини моҳирлик билан бузишда.
Таркибдаги яна бир асосий ўзгаришлардан бири Азизбек Амонов. У эркин ҳаракат қилди. Ҳужумда, ҳужумчи ортида, ярим ҳимояда бирдек ўйнаши белгиланганди. Бу қайсидир манода амалга ошди. Шомуродовнинг голларига айнан Азизбек ассистлик қилди ва ўша вазиятларда ҳужумни бошлади.
Учрашувнинг дастлабки дақиқалари шиддатли кечди. Бироқ тезкор гол ура олмагач ташаббусни рақибга бердик. Улар ҳимояда хато қилди ва Машарипов дарвозани ишғол қилди. Шундан ҳаммаси бошланди.
Вакилларимизнинг ўйини қовушди. Шомуродов хет-трикка эришди. Бироз сергакликни йўқотганда рақиб икки бор дарвозамизни ишғол этди.
Сречко Катанецнинг матбуот анжуманларидаги айтган бир-бирига зид фикрлари тарқалди. Аммо бунга эътибор қаратмаслик лозим. Чунки бу мураббийларнинг хийласи. Турли хил сўз ўйинлари учраши табиий.
Словениялик мутахассис терма жамоамизда иккита нарсани кўриб олди. Бири термамизнинг аввалги ҳолида қандай бўлгани, иккинчиси курашларга асосланган ўйин. Бунда унга юқоридагидек гавдали футболчилар ас қотади. Бу орқали мураббий натижа қилишини кўрсатди. Қирғиз Республикасига қарши учрашувнинг биринчи таймида терма жамоамизнинг асл ҳолини кўрдик. Танаффусдан кейин эса мураббийи бор жамоа гавдаланди.
Шахсан менда мураббийга бўлган ишонч бироз ортди. Катанец биз тушиб қолган жарликдан чиқариши керак. Кейин эса аввалгидек етакчилар қаторига кириб олишимиз даркор. Ҳозирги бош мақсадимиз шу.
P/S. Бу орқали ўртоқлик турниридаги ғалабалардан кейин кимнидир мақташ эмас, балки терма жамоамиздаги кичик аммо қувонарли ўзгаришлар ҳақида дастлабки фикрлар билдирдик холос. Ҳали мақташ ва мақтанишга жуда ва жуда эрта!
Фикрлар