"Странджа" турнири. Бугун омад боксчиларимизга кулиб боқмоқда!
Хабарингиз бор, Болгариянинг София шаҳрида анъанавий 77 "Странджа" халқаро турнири ўтказилмоқда.
Бугунги кун дастуридан ўрин олган биринчи жангимизни -48 кг вазн тоифасидаги қизимиз Фарзона Фозилова бошлаб берди. У туркиялик Нурселен Ялгеттекинга қарши рингга кўтарилди. Муросасиз қарама-қаршиликда Фарзона рақибига нисбатан аниқ ва самарали ҳаракатлари билан ғалабани ўз томонига оғдира олди. Якуний ҳисоб 5:0 - Фозилова фойдасига!
Яна бир -48 кг даги вакиламиз Сабина Бобоқулова илк жангини қозоғистонлик Анел Кудаиберганга қарши ўтказди. Дастлабки жангидаёқ жиддий рақибасига қарши баҳс юритган тажрибали Бобоқулова ўзининг мазмунли ва аниқ ҳаракатлари билан 5:0 ҳисобидаги ғалабани тантана қилди.
-51 кгда Феруза Казакова турнирдаги 3 жангини ўтказди. У Гулсевар Ғаниевани мағлуб қилган Махи Клотзерга қарши чорак финал баҳсини ўтказди. Казакова ўзининг тажовузкор ва аниқ ҳаракатлари билан рақибасига ҳақиқий "бошоғриқ” бўлди. Якуний ҳисоб 4:1 - Феруза фойдасига.
-70 кг вазнда Шавкатжон Болтаев ҳам турнирдаги илк жангини ўтказди. Унга бразилиялик Жосиел Лима да Силва рақиблик қилди. Анчагина техникаси юқори бўлган Бразилия вакили жиддий қаршилик кўрсатди. Аммо бугун Болтаев кучлироқ эди ва ҳақли тарзда ғалабага эришди. Якуний ҳисоб 3:2.
-65 кг вазндаги вакилимиз Абдуллоҳ Мадаминов ҳам нимчорак финалдаги жангини ўтказди. У ирландиялик Деан Клансй билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Бутун раундлар мобайнида фаолроқ ва аниқроқ бўлган вакилимиз рақибига имконият қолдирмади ва 5:0 ҳисоби билан зафар қучди.
Эслатиб ўтамиз, бизни олдинда кунни 2-дастур жанглари кутмоқда. Унда ҳам бир қатор чарм қўлқоп усталаримиз иштирок этиши режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар берди.
Фикрлар