"Странджа" турнири. Навбаҳор Ҳамидовадан "камбэк", Нигина Ўктамовадан техник нокаут...
Хабарингиз бор, Болгариянинг София шаҳрида анъанавий 77 "Странджа" халқаро турнири ўтказилмоқда.
2-дастур жанглари ҳам якунланди. Қуйида натижалар билан танишиб чиқишингиз мумкин.
-57 кг вазнда Ҳуморабону Мамажонова ҳам чорак финал баҳсини ўтказди. У Ирландия вакиласи Ниам Фай билан тўқнаш келди. Умумий олиб қараганда Ҳуморабону ёмон ҳаракат қилмади, бироқ якунда ҳакамлар Ирландия вакиласининг ғалабасини эътироф этишди – 2:3.
Яна бир -57 кг вазнда Ўзбекистоннинг кўп карра чемпиони Нигина Ўктамовага чорак финалда украиналик Карина Вовк дуч келди. Нигина Ўктамова рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда рақибини 2-раундда техник нокаутга учратди.
-60 кг вазндаги қизимиз Ситора Турдибекова чорак финалда мўғулистонлик Намуун Монкорга қарши рингга кўтарилди. Қийин кечган жангда Турдибекова бор имкониятини ишга солди. Бироқ бу етарли бўлмади ва 2:3 ҳисоби билан мағлубиятга учради.
-65 кг вазндаги энг номдор вакиламиз Навбаҳор Ҳамидова ҳам турнирда илк жангини ўтказди. Дастлабки босқичда қозоғистонлик рақибаси жангга чиқа олмаганлиги сабабли бироз турнирдаги юриши кечиккан Ҳамидовага туркиялик Берфин Кабак тўқнаш келди. Жуда қийин кечган жангда Ҳамидова “камбек” амалга ошириб, ғалабани илиб кетди. Якуний ҳисоб 3:2 кўриниш олди.
-75 кг вазнда яна бир умидли вакиламиз Азиза Зокирова ўз юришини италиялик Мелисса Геминига қарши бошлади. Ажойиб жанг кўрсатган Зокирова якунда 5:0 ҳисобида зафар қучди.
+80 кг вазнда Собирахон Шаҳобиддинова илк тўқнашувдаёқ жиддий рақибасига қарши баҳс юритди. Собира қозоғистонлик Валерия Ахенова билан муносиб жанг кўрсатишга ҳаракат қилди. Аммо, унга бироз тажриба етишмади ва 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
+80 кг вазнда Ўзбекистон чемпиони Олтиной Сотимбоева иштирокида бўлди. Вакиламиз украиналик Мария Лочинскага қарши рингга кўтарилди. Яхши жанг ва муносиб ҳаракатлар эвазига Сотимбоева 5:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритди ва навбатдаги босқичга йўл олди.
Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.
Фикрлар