Суҳроб Бердиев: "Бу эмоцияларни тушунтириб беришим қийин"
“Андижон” – “Навбаҳор” ўртасидаги ўйиннинг 89-дақиқасида захирадан майдонга тушган футболчи Суҳроб Бердиев ҳисоб 1:1 бўлиб турган пайтда 90+4-дақиқада иккинчи голни чиройли тарзда уриб мезбонларга ўта қимматли ғалабани тақдим этди.
Гол урганидан кейин Суҳроб бутун бошли жамоадошларининг қуршовида қолиб кетди. Бу учун учун ҳам фаолиятидаги энг унутилмас лаҳзалар эди.
- Авваламбор, муҳим ва унутилмас ғалаба билан табриклайман! Учрашувдан кейинги таассуротлар қанақа?
- Ғалаба ҳар доим ёқимли бўлган, айниқса, бу дербида юз берса! Бундай пайтда 3\4 баробар кўпроқ хурсандчилик бўлади. Ўйиндан кейин таассуротлар аъло даражада. Бу эмоцияларни тушунтириб беришим қийин.
- Хомяков матбуот анжуманида сизни охирги 8 дақиқанинг ҳақиқий қаҳрамони деб атади. Бу фикрга қўшиласизми?
- Қаҳрамон битта мен эмас. Бутун жамоамиз ва мухлисларимиз, ҳамма-ҳамма менҳат қилган инсонлар қаҳрамон десак, менимча тўғри бўлса керак.
- Захирадан майдонга тушаётганингизда гол уришингизга қанчалик ишонгандингиз?
- Ҳар доим майдонга тушаётганимда албатта бор кучим билан ҳаракат қилиб, гол уриш ёки голли узатмани амалга ошириб бўлса ҳам жамоам учун фойдали иш қилишни олдимга мақсад қилиб қўяман. Худога шукр, гол уриш менга насиб қилган экан, бундан хурсандман.
- Захирадан майдонга тушаётганингизда мураббийнинг сизга кўрсатмаси қандай эди?
- Жамоага ёрдам беришим ҳақида кўрсатма берган.
- Бу ғалаба фаолиятингизда энг ёқимлиси?
- Ғалаба ҳар доим ёқимли бўлган. Тўғри, бунисини энг ёқимлиси десам ҳам бўлади.
- “Навбаҳор” сиз кутгандек ўйин намойиш қилдими ёки...
- “Навбаҳор” яхши жамоа. Биз кутгандек ўйнади. Шунга яраша биз ҳам тайёргарлик кўргандик.
- Охирги марта қачон акробатик тарзда гол ургандингиз ёки бу биринчисими?
- Йўқ, биринчиси эмас. Лекин акробатик голдан ҳам кўра, муҳимлигида бўлса керак. Айнан буниси муҳимлиги билан ҳам эсда қолади, Худо хоҳласа.
- Бу ғалабани кимга бағишладингиз ва нима учун?
- Ушбу ғалабамизни барча мухлисларимизга, Андижон халқига, қолаверса, 28 сентябрда мен учун энг қадрли бўлган инсон – дадамнинг туғилган куни ва шу муносабат билан уларга ҳам бағишладим. Ҳар доим соғ-саломат бўлсин, ҳамиша бошимизда шунақа дуо қилиб юрсинлар.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар