Суҳроб Бердиев: "Голим ойнинг энг чиройлиси бўлишини кутмагандим"

Хабарингиз бўлса керак, "Андижон" аъзоси Суҳроб Бердиевнинг Суперлига 19-тур доирасида “Навбаҳор” дарвозасига урган голи сентябрь ойининг энг чиройли голи дея эътироф этилди.

Ўша баҳсда “Бургутлар” 2:1 ҳисобидаги ёқимли ғалабани тантана қилгандилар. Бу хусусида футболчи “Андижон” матбуот хизматига шундай деди:

“Тўғрисини айтсам, голим ойнинг энг чиройлиси бўлишини кутмагандим. Чунки сентябрь ойида бошқа учрашувларда ҳам чиройли голлар урилганди. Уларнинг орасида менинг голимни биринчи ўринга қўйишган экан, бундан хурсандман. Бу биргина менинг эмас, бутун жамоамизнинг ютуғи. Кутмагандим.

Буни фаолиятимдаги энг чиройли гол десам ҳам бўлаверади. Негаки, ушбу гол “Андижон” жамоамизга уч очко олиб келди ва энг кераклиги ғалаба қозондик, мухлисларимизни хурсанд қилдик. Шуниси билан эсда қоларли гол бўлди, десам ҳам бўлади. Ҳар бир голни қандай урилгани эмас, балки ғалаба келтиргани муҳимроқ.

“Сўғдиёна” билан ўйинга тайёргарлигимиз яхши давом этяпти. Мураббийларимизнинг ўйлаган режаси асосида машғулотларни олиб боряпмиз. Худо хоҳласа, бу сафар ҳам ишқибозларимизни хурсанд қиламиз, деган умиддамиз”, - дея муносабат билдириб ўтди, Бердиев.

“Андижон” матбуот хизмати.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!