Суҳроб Бердиев: "Мухлисларимиз учун ҳам албатта ғалаба қозонишимиз керак"
Суперлиганинг 18-турида водий дербиси бор. “Нефтчи” ҳамда “Андижон” жамоалари иштирокидаги бўлажак ўйинга қизиқиш юқори, десак адашмаган бўламиз.
Ҳар доим бу клублар ўртасидаги учрашувлар ғоят кескин ҳамда ҳужумкор руҳда ўтиб келган ва навбатдагиси ҳам бундан мустасно эмас.
“Андижон” футболчиси Суҳроб Бердиев эса водий дербиси олдидан бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- “Андижон”ни олдинда водий дербиси доирасида “Нефтчи”га қарши жиддий учрашув кутмоқда. Бўлажак беллашувга тайёргарлик қандай кетмоқда?
- Худога шукр, тайёргарлигимиз жуда яхши. Барчаси мураббийларимиз ўйлаган ва тузиб чиққан режалари асосида олиб бориляпти. Бўлажак учрашувга тайёргарлик давом этяпти, ҳаммаси яхши.
- Маълумки, “Нефтчи” клуби жорий мавсумда Суперлигада ҳали ютқазгани йўқ. Бу ҳолатга нима деган бўлардингиз ва “Андижон” уларнинг мағлубиятсиз анъанасини тўхтатишга тайёрми?
- “Нефтчи” жамоаси яхши ҳаракат қиляпти. Ўйинида тартиб йўлга қўйилган шекилли, барча учрашувларда охиригача курашяпти. Албатта, биз ҳам қўлдан келганича боримизни бериб майдонга фақат ғалаба қозониш учун чиқамиз.
- Сиз ҳам фаолиятингизда бир неча бор “Нефтчи”га қарши тўп сургансиз. Айтинг-чи, сиз учун фарғоналикларга қарши ўйинлар доирасидаги энг эсда қолган ўйин қачон ва қайси баҳсда юз берган?
- “Нефтчи” клуби катта тарихга эга. Аниқ йилини эслолмадим, аммо ўша пайтда “Нефтчи”нинг энг зўр таркиби йиғилган. Мансур Саидов, Акмал Холматов каби ўйинчиларга қарши ўйнаган ўйинларим эсимда қолган.
- Ўшанда қанақа натижа бўлганди?
- У пайтда “Локомотив” таркибида ҳаракат қилганман. Биз Фарғонадан 0:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганмиз. Голни Эркин Бойдуллаев урганди. Ўша пайтда Фарғонадан уч очко билан қайтишни анча-мунча жамоалар эплай олмасди.
- “Андижон” клуби турнир жадвалининг экваторида турибди. Айнан жадвалга қараганда нимани ўйлаяпсиз?
- Худо хоҳласа, янада кучлироқ бўлиб, олдинга интилган ҳолатда мухлисларимизни хурсанд қилиш ҳақида ўйлаяпмиз.
- “Андижон” иккинчи даврада ҳозирча 2 та дуранг, 1 мағлубият ва 1 ғалаба қозонди. Албатта, жамоанинг потенциали юқори ва натижаларини янада яхшилашга қодир. Умуман айтганда, иккинчи даврадаги дастлабки натижалардан сўнг нима деган бўлардингиз?
- Иккинчи давра бошида ўзимиз ўйлагандек ўйинларимиз чиқмади. Бироқ вақт ўтган сари аста-секин ўйлаган ўйинларимиз ўхшаяпти. Охирги турдаги ғалабамиз ҳамманинг кайфиятини кўтарди.
- “Нефтчи” таркибида энг хавфли футболчи ким деб ҳисоблайсиз?
- “Нефтчи” жамоаси сафида ҳамма футболчилари савияли. Жамоавий ўйини ҳам яхши. Ўртада Лутфулла Тўраев кўпинча жамоадошларини олдинга чорлаб туради.
- “Андижон” ўтган турда “Олимпик”ни мағлубиятга учратгач, бу футболчиларга бўлган ишончи ва кучини қанчалик даражада оширди, деб ҳисоблайсиз?
- Бу ғалаба ўзимизга бўлган ишончни қайтарди ва янада кучлироқ қилди. Олдимизда турган ўйинларда фақатгина ғалаба учун майдонга тушамиз. Албатта, шу ўринда бизнинг 12-ўйинчимиз ҳисобланган мухлисларга катта раҳмат айтиб қоламан. Улар бизни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўйишмаган. Ишқибозларимиз учун ҳам албатта ғалаба қозонишимиз керак.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар