
Суперклуб икки ўйинчисини Манчестер грандларига ўтказмоқчи
“Ювентус” раҳбарияти клуб ғазнасига тушум қилиш мақсадида икки ўйинчисини сотиб юборишга қарор қилди. Туринликлар ярим ҳимоячилардан Дуглас Луис ва Николо Фаджоли билан хайрлашишга тайёр.
La Gazzetta dello Sport нашрининг ёзишича, яқинда “Ювентус” техник директори Кристиано Жунтоли шу масалада Манчестерга бориб келди.
Бу мутахассис юқори номи келтирилган икки ўйинчини “Манчестер Сити” ва “Манчестер Юнайтед” раҳбариятига таклиф қилган.
26 ёшли бразилиялик Дуглас Луис Англия чемпионатини яхши билади. 2017 йили “Манчестер Сити” уни “Васко да Гама” жамоасидан трансфер қилган эди. Кейинчалик ярим ҳимоячи “Астон Вилла”га сотиб юборилди.
“Ювентус” ўтган ёз уни 51,5 миллион еврога ўз сафига қўшиб олганди. Бироқ бу ўйинчи яна Англияга қайтиш истагини билдирган.
23 ёшли Николо Фаджоли эса, Турин суперклуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Унинг трансфери клуб ғазнасига соф даромад сифатида кирим қилинади.
Комментарии