Суперклуб Шомуродов бўйича музокара бошлади
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бугунги кундаги энг ёрқин юлдузи Элдор Шомуродов фаолиятини Турин суперклуби “Ювентус”да давом эттириши мумкин.
Италиялик машҳур журналист Николо Ширанинг маълум қилишича, “Ювентус” раҳбарияти “Женоа”да ўзини кўрсатган Элдор Шомуродовга жиддий қизиқмоқда.
Манбанинг маълум қилишича, пайшанба куни кечқурун “Ювентус” ва “Женоа” мутасаддилари футболчимизнинг агенти Валеро Жуффрида иштирокида музокараларни бошлаган. Учрашувда туринликлар ўзбек футболчиси ҳақида батафсил маълумот сўрагани айтилмоқда.
Аслида “Ювентус” Элдор Шомуродовга қишки трансферлар вақтида қизиқиш билдиргани анчагина шов-шув бўлганди. Гарчи ўшанда кўпчилик бу янгиликни миш-миш сифатида баҳолаган бўлса-да, кейинчалик “Женоа” президенти Энрико Прециози “Ювентус” ҳақиқатан Элдорга қизиқиш билдириб, клубга мурожаат қилгани бироқ генуяликлар мавсум охирига қадар ўзбек ҳужумчисини қўйиб юбормаслигини таъкидлаганини маълум қилган.
Якунланган мавсум натижаларига кўра, сўнгги ўн йилда илк бор скуддеттодан қуруқ қолган “Ювентус”ни катта ўзгаришлар кутмоқда. Жамоа бош мураббийлигига тажрибали мутахассис Массимилиано Аллегри таклиф этилди. Бу мутахассис Криштиану Роналду бошчилигида ёши катта футболчиларнинг аксариятидан воз кечмоқчи. Унга ёш ва чаққон ўйинчилар керак бўлишини таъкидламоқда.
Италия футболи таҳлилчилари Элдор Шомуродов қайси сифатлари билан “Ювентус” эътиборини тортаётганини аниқлашга ҳам улгурди. Унга кўра, биринчи навбатда, ҳозир “Ювентус” захирасида ҳужум марказида ўйнай оладиган футболчи йўқ. Таркибдаги ягона классик ҳужумчи “Атлетико”дан ижарага олинган Альваро Мората. Аллегри унинг ўйин услубини ёқтиради ва клуб раҳбарларидан ижара муддатини узайтиришни сўраган. Агар келишув ўхшамаса, жамоа марказий ҳужумчисиз қолади. Демак, “Ювентус” Моратанинг ўрнини боса оладиган марказий ҳужумчига муҳтож. Шомуродов бу борада туринликлар учун жуда мос номзод.
Коронавирус пандемияси таъсирида “Ювентус”да ҳам молиявий инқироз кузатилмоқда ва шу боис, юлдуз ҳужумчиларни олиш учун уларда ортиқча пул йўқ. Янги ҳужумчи учун бирламчи талаб шуки – трансфер қиммат бўлмаслиги лозим. Шомуродов бу борада ҳам муносиб номзодлиги айтилмоқда. “Женоа” уни 7,5 миллион еврога олган ва 12-15 миллион еврога сотиб юборишга қарши бўлмайди. Бу нарх туринликларни қониқтиради ва Элдор катта маош талаб қиладиган футболчилар тоифасидан эмас.
Яна бир муҳим жиҳат – Шомуродов захирадан ўйинга қўшилиб, натижага таъсир ўтказа оладиган футболчи. Якунланган мавсумда ҳамюртимиз иккинчи бўлимда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилди ва бир марта голли пас оширди, бир неча марта голли вазиятларда бевосита иштирок этди.
Аллегри Моратанинг ўйин услубини ёқтиришини айтиб ўтдик. Шомуродов испан ҳужумчиси билан бир типдаги ҳужумчи ҳисобланади. Ҳар иккиласи баланд бўйли ва жуда ҳаракатчан. Иккиси ҳам ҳимояга қайтиб ўйнашни яхши уддалайди ва майдон ичига ҳамда қанотларга ўтиб, самарали ҳаракатларни амалга ошира олади. Энг муҳими, Массимилиано Аллегри айнан мана шу хусусиятларга эга ҳужумчиларни қадрлайди. Ва унинг қўл остида Мората аввал ҳам “Ювентус”да зўр ўйнаган. Шунинг учун ҳам испан ҳужумчисига ўхшаган ўйин услубини яхши ўзлаштирган Шомуродов ҳам Аллегри бош мураббийлигида ўзини кўрсата олади, деган умид пайдо бўлмоқда.
Бундан ташқари. Элдор Шомуродов профессионал футболчи сифатида ўзида жамлаган тезкорлик, курашувчанлик, меҳнатсеварлик, бош билан ўйнаш, сўнгги пас бериш, голни ҳис қилиш, дриблинг, ҳимояланиш, баланд сакрай олиш, тўпни олиб қўйиш каби хусусиятлари ва шунингдек, камтарлик, ахлоқ, бағрикенглик, футболни пулдан устун қўйиш, камчиликлари устида ишлашдан қочмаслик, муомала маданияти сингари умуминсоний фазилатлари билан ҳам ҳар қандай мураббийнинг эътиборини қозона олади.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, айни пайтда спорт нашрлари “Ювентус” ва Элдор Шомуродов масаласига эътибор қаратмоқда ва бу борада хабарлар оқими кенгйиб бормоқда. Биз ҳам кузатишда давом этамиз!
Фикрлар