“Женоа” мухлислари Шомуродовнинг кетиб қолишидан хавотирда!
Европанинг барча миллий чемпионатлари якунланди. Россиялик мутахассислар кучли бешлик чемпионатларида ўйнаётган рус футболига алоқадор футболчиларнинг мавсумни қандай ўтказганини таҳлил қилиш баробарида, жамоалар мухлисларининг ўша легионерга муносабатини ҳам ўрганиб чиқди.
Қизиғи, россиялик мутахассислар Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовни Россия футболига бегона санагани йўқ ва таҳлилга ҳамюртимизни ҳам киритди. Энг эътиборли томони эса, Элдорнинг кўрсаткичлари ва имконияти россиялик ҳамкасблариникидан юқори баҳоланмоқда.
Денис Черишев (“Валенсия”)
Денис Черишев бутун фаолиятини Испанияда ўтказаётган ва бу мамлакат футболига мослашиб кетганига қарамай, энг ёмон мавсумини ўтказди. Тажрибали футболчи 22 та ўйин ўтказиб, атиги учта голли пас оширди. Бу ҳужумкор ярим ҳимоячи учун жуда паст кўрсаткич.
Шу боис, “Валенсия” мухлислари Черишевни энг ёмон ўйинчилар қаторига қўшиб, уни кескин танқид қилмоқда ва жамоани тарк этишини кутмоқда. “Валенсия” тарафдорларининг фикрича, 30 ёшли ўйинчининг савияси клубга мос эмас.
Александр Головин (“Монако”)
Александр Головин Франциядаги энг яхши мавсумини ўтказди. 24 ёшли ярим ҳимоячи самарадорлик бўйича ўз рекордини янгилади. У барча турнирларда 26 та учрашувда қатнашиб, олтита гол урди ва тўққизта ассистни амалга оширди.
Шунга қарамай, “Монако” мухлисларининг Головинга муносабати икки хил бўлмоқда. Улардан бир гуруҳи ярим ҳимоячининг техникаси ва голли пас ошириш қобилиятини мақтаяпти. Бошқаларга эса, футболчи барқарор ўйин намойиш эта олмаслиги ёқмаяпти. Шунингдек, 30 миллион еврога харид қилинган Головин кўпинча майдонда “йўқолиб” қолиши, жамоани ўз ортидан эргаштира олмаслиги, жароҳатларга мойиллиги ҳам кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, россиялик футболчи гол+пас тизимидаги балларини “Ним” сингари заиф жамоаларга қарши ўйинларда жамғарган.
“Монако” ёзда уни бошқа клубга сотиб юборишни мўлжалламоқда.
Александр Кокорин (“Фиорентина”)
Александр Кокорин “Спартак”да кутилган ўйинни намойиш эта олмаётган бир пайтда бошига бахт қуши қўнди ва “Фиорентина” варианти пайдо бўлди. Кўпчилик 30 ёшли ҳужумчи Европага йўл олиши унинг фаолиятига ижобий таъсир қилишини кутганди.
Флоренциялик мухлисларнинг фикрича, бу ўта омадсиз трансфер бўлди. Мақталган ҳужумчи ярим мавсум давомида тўртта учрашув ўтказди ва ўйинга қўшила олмади. Жамоадошлари ҳам унга эътибор қаратгани йўқ. Кокорин янги жамоаси сафида рақиб дарвозаси томон бирорта зарба бера олмади. Ҳамма 5 миллион евролик трансферни клуб тарихида энг ёмони, деб баҳоламоқда.
“Фиорентина” раҳбарлари ҳам бу трансфердан хурсанд бўлгани йўқ ва Кокоринни заифроқ жамоага ижарага жўнатиш бўйича иш олиб бормоқда. Ҳозирча, рус ҳужумчисига харидор чиқмаяпти.
Алексей Миранчук (“Аталанта”)
Алексей Миранчук Италиядаги дебют мавсумида қисман ўзини кўрсата олди. “Аталанта” бош мураббийи Гасперини Миранчукка кам вақт беряпти. Шунга қарамай, 25 ёшли ярим ҳимоячи 31 та учрашувда қатнашди. Майдонда жами 817 дақиқа ўйнаган Миранчук барча турнирларда еттита гол уриб, бир жуфт голли пас муаллифи бўлди.
Мутахассисларнинг фикрича, Миранчук кўпроқ ўйнаганда самарадорлик статистикаси пасайиб кетарди. Чунки, бу ярим ҳимоячи “Локомотив”да ҳам, Россия терма жамоасида ҳам барқарор ўйин кўрсата олмаган. Мухлисларга эса, Миранчукнинг чап оёқда яхши ўйнаши маъқул келмоқда ва улар келаси мавсум бу ўйинчи “Аталанта”нинг ўйин услубига мослашиб, кўпроқ фойда келтиришига умид қилмоқда.
Элдор Шомуродов (“Женоа”)
“Женоа” мухлисларининг Элдор Шомуродовга муносабати мавсум давомида бир неча марта ўзгарди. Ўзбек ҳужумчиси Генуяга кўчиб ўтганидан кейин анчагача ўзини кўрсата олмади ва генуялик ишқибозлар ундан норозилигини яширмади. Кейинчалик Элдор чиройли голларни ура бошлади ва шунга яраша мухлисларнинг қараши ҳам яхши томонга ўзгариб борди.
Вақт ўтиши билан Шомуродов мухлисларнинг севимли футболчисига айланди ва мутахассислар унинг салоҳияти юқори эканини таъкидлашга тушди.
25 ёшли ҳужумчи барча турнирларда 32 та учрашувда майдонга тушиб, жами 1757 дақиқа ўйнади. Саккизта гол ва иккита голли пас муаллифи бўлди. Айниқса, охирги олтита учрашувда бешта гол уриб, А Сериянинг барча зўр ҳужумчиларини ортда қолдиргани Элдорнинг фаолиятида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.
Генуялик мухлислар кейинги мавсумда Элдордан янада кўп гол кутишаётганига қарамай, қудратлироқ клублар уни олиб кетиб қолишидан хавотирга тушмоқда.
Фикрлар