Суперклуб “Сити” юлдузини олишга улгурмади
Ёзги трансфер ойнасининг сўнгги кунида “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти “Манчестер Сити” ҳимоячиси Райан Айт-Нури бўйича сўров юборди.
“Юнайтед”нинг ёздаги вазифаларидан бири Люк Шоу билан рақобатлаша оладиган янги чап қанот ҳимоячисини таклиф қилиш эди.
BBC хабар беришича, “Юнайтед”нинг ўзи “Барселона”дан Алехандро Бальде ва “Расинг”дан Хорхе Салинас каби вариантлардан воз кечди ҳамда трансфер ойнаси ёпилишига 12 соатдан кам вақт қолганида қўшниси “Сити”га Айт-Нури бўйича мурожаат қилди.
“Юнайтед” 25 ёшли жазоирлик футболчини кейинчалик сотиб олиш мажбурияти билан ижарага олишга тайёр эди, бироқ “Сити” уларнинг қўққисдан билдирган сўровига рад жавобини берди.
Айт-Нури 2025 йил июнь ойида “Вулверхэмптон”дан 31 миллион фунт эвазига ўтганидан бери “Сити” шарафини ҳимоя қилмоқда. “Этихад”даги дебют мавсумида Райан асосий таркибда атиги 12 марта майдонга тушди ва одатда Йошко Гвардиол ҳамда Нико О'Райли билан рақобатда ютқазиб қўймоқда.
Керакли футболчини қўлга кирита олмаган “Юнайтед” 19 ёшли Харри Амассни ижарага бермасликка қарор қилди. Кўринишича, у бу мавсумда Шоунинг ўрнини босиб туради.

Фикрлар