Суперлига, 1-тур. "Насаф" Фарғонадани 21 ўйиннинг 4тасида ғалаба қозонган холос

“Насаф” бу йилги янги Ўзбекистон Суперлигасининг илк учрашувини сафарда Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасига қарши ўтказади. Ушбу учрашув баҳор фаслининг илк санаси – 1 март куни Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади. Учрашув соат 20:00да бошланади.

Жамоаларнинг ўзаро учрашувлари тарихидан

Мазкур жамоалар ҳозиргача миллий чемпионатимизда 42 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Бўлиб ўтган учрашувларда қаршиликлар 18 марта ғалаба қозонган. 15 учрашувда “Нефтчи” жамоасининг қўли баланд келган. Қолган 9 учрашувда муроса кўчаси танланган. Тўплар фарқи бўйича ҳам устунлик "аждарлар" томонида – 49:58.

Эсингизда бўлса, “Насаф” жамоаси ўз тарихидаги илк олий лига учрашувини ўз майдонида айнан “Нефтчи” жамоасига қарши учрашув билан бошлаган. Ушбу учрашув 1997 йилнинг март ойида Қаршида бўлган.

Рўзиқул Бердиев қўл остидаги “аждарлар” фарғоналиклар билан бўлган учрашувларда мағлубиятсиз серияларини давом эттириб келишмоқда. Жамоамиз устози шу пайтгача шогирдларини миллий чемпионат учрашувларида “Нефтчи”га қарши ўн марта майдонга олиб тушган. Шу учрашувларнинг саккизтасида "Насаф"нинг қўли баланд келган ва икки учрашув дуранг натижа билан якунланган.

Фарғонадаги ўзаро учрашувлар тарихидан

Мазкур жамоаларнинг Фарғонадаги илк учрашуви 1997 йил 13 ноябр куни бўлиб ўтган. Шу пайтгача жамоалар Фарғонада 21 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Уларнинг 9тасида “Нефтчи” жамоаси ғалабага эришган. 4 учрашувда “Насаф” зафар қучган. Қолган 8 учрашувда дуранг натижалар қайд этилган. Фарғонадаги 21 учрашувда дарвозаларга жами 49та тўп киритилган. Тўплар нисбати бўйича устунлик 29-20 “Нефтчи” томонида.

“Насаф” Фарғонадаги илк ғалабасини 2010 йили нишонлаган. Ўтган йилги чемпионат доирасидаги Фарғонада бўлиб ўтган сўнгги ўзаро учрашувда қаршиликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Учрашувдаги голларга Азизжон Ғаниев, Бобир Абдухолиқов ва Шахбоз Эркинов муаллифлик қилишган.

“Нефтчи”нинг Фарғонадаги "Насаф" устидан эришган ғалабасига тўққиз йил бўлган. “Нефтчи” сўнгги бор 2009 йили ўз майдонида “Насаф”ни мағлубиятга учратган.

Фарғонадаги ўзаро учрашувларда қайд этилган энг йирик ҳисоблар 4:0, 4:1 кўринишда. 1997 йилги Фарғонадаги ўзаро илк учрашувда йирик 3:3 ҳисобидаги дуранг ҳам қайд этилган.

“Нефтчи” - “Насаф” жамоалари ўртасидаги учрашув 1 март пайшанба куни Фарғона шаҳридаги муҳташам “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади. Учрашв соат 20:00да бошланади.

Мазкур жамоаларнинг ёшлари ўртасидаги учрашув эса 28 феврал чоршанба куни Қиргулидаги “Нефтчи” СК стадонида соат 15:30да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!