Суперлига. 24-турдаги баҳсли вазиятлар юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси билан танишинг

Жорий йилнинг 10 ноябрь санасида Суперлига 2024 йилги мавсумнинг 24-тури якунига етди. Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази мазкур учрашувлар тугагач, Эксперт-ҳакамлар комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди ва тур доирасида кузатилган баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. Бу беллашувларда жами 6 та баҳсли вазият юзага келди.  

Қуйида уларнинг батафсил изоҳи ва чиқарилган якуний қарорлар билан танишишингиз мумкин:

1-вазият: "Динамо" - "Локомотив" ўйини: баҳсли пенальти.

"Динамо" - "Локомотив" учрашувининг 16-дақиқасида мезбонларнинг 4-рақамли аъзоси рақиб жарима майдонида тўп учун кураш олиб борди ва майдонга йиқилди. Бош ҳакам Достон Мирзарайимов бу вазиятда пенальти йўқлигини қайд этди ва баҳсни давом эттирди.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга аралашмасдан тўғри қилган, ҳимоячи рақибга нисбатан қўполлик ишлатган ёки ишлатмагани бўйича видеофакт мавжуд эмас. Шу сабабли, пенальти белгилаш учун асос йўқ. Комиссия ҳакамнинг қарори тўғри эканини маълум қилади.

https://youtu.be/SwOBMjGADNg?list=PL4tHyf5I--nhaiLxu1oYP9luCDRcKXCZd

2-вазият: "Динамо" - "Локомотив" беллашуви: баҳсли вазият.

"Динамо" - "Локомотив" учрашувининг 67-дақиқасида самарқандликларнинг 70-рақамли вакили меҳмонларнинг 97-рақамли аъзосига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Достон Мирзарайимов футболчига сариқ карточка кўрсатди.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда футболчи тўп учун ҳаракат қилган, аммо улгурмагани боис рақибига нисбатан қўполлик ишлатган. Бу ҳолатда қизил карточка бериш учун асос йўқ. Комиссия томонидан ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.

https://youtu.be/SwOBMjGADNg?list=PL4tHyf5I--nhaiLxu1oYP9luCDRcKXCZd

3-вазият. "Навбаҳор" - "Пахтакор" қарама-қаршилиги: баҳсли қизил карточка.

"Навбаҳор" - "Пахтакор" учрашувининг 54-дақиқасида меҳмонларнинг 2-рақамли футболчиси наманганликларнинг 22-рақамли аъзосига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Рустам Лутфуллин дастлаб футболчига сариқ карточка кўрсатди. ВАР ҳаками уни монитор ёнига чақиргач эса рефери қарорни қизил карточкага ўзгартирди.

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга тўғри аралашган. Футболчи бутсасининг таг қисми билан очиқчасига рақибига қўполлик ишлатган. Четлатиш учун асос етарли. Эксперт-ҳакамлар комиссияси ҳакамларнинг қарорини тўғри, деб ҳисоблади.

https://youtu.be/SwOBMjGADNg?list=PL4tHyf5I--nhaiLxu1oYP9luCDRcKXCZd

4-вазият: "Насаф" - "Сўғдиёна" ўйини: баҳсли 11 метрлик жарима зарбаси.

"Насаф" - "Сўғдиёна" учрашувининг 90-дақиқасида меҳмонларнинг 33-рақамли аъзоси ўз жарима майдонида тўпни қайтариб юборди. Бош ҳакам Ғайрат Жўраев қўл билан ўйин йўқлигини ва қоидабузарлик ҳолати қайд этилмаганини маълум қилди. 

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда тўп ҳимоячининг елка қисмига теккан. Пенальти белгилаш учун асос йўқ. Шу боис, комиссия ҳакамнинг қарорини тўғри, деб топди.

https://youtu.be/SwOBMjGADNg?list=PL4tHyf5I--nhaiLxu1oYP9luCDRcKXCZd

5-вазият: "Сурхон" - "Нефтчи" беллашуви: баҳсли вазият.

"Сурхон" - "Нефтчи" учрашувининг 79-дақиқасида термизликларнинг 5-рақамли вакили меҳмонларнинг 17-рақамли аъзосига нисбатан қўпол ҳаракат қилди. Бош ҳакам Иброҳим Исмоилов дастлаб пенальти белгилади, аммо ВАР текширувидан сўнг жарима зарбаси қайд этди.  

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда видеотакрорлардан кўриш мумкинки, футболчи қоидани бузган. Аммо фол жарима майдончасидан ташқарида содир этилган. Пенальти учун асос йўқ. Комиссия томонидан ҳакамларнинг қарори тўғри, деб топилди.

https://youtu.be/SwOBMjGADNg?list=PL4tHyf5I--nhaiLxu1oYP9luCDRcKXCZd

6-вазият. "Андижон" - "Қизилқум" қарама-қаршилиги: баҳсли вазият.

"Андижон" - "Қизилқум" учрашувининг 30-дақиқасида мезбонлар посбони 7-рақамли рақиби билан тўп учун кураш олиб борди. Бош ҳакам Тўрабек Суюнов баҳсни давом эттирди. 

Эксперт-ҳакамлар комиссияси қарори: Бу вазиятда ВАР ҳолатга аралашмасдан тўғри қилган. Меҳмонлар ҳужумчиси пенальти ишлаш учун симуляция ишлатган. Мазкур ҳолатда пенальти учун асос мавжуд эмас. Эксперт-ҳакамлар комиссияси томонидан ҳакамнинг қарори тўғри, деб топилди.

https://youtu.be/SwOBMjGADNg?list=PL4tHyf5I--nhaiLxu1oYP9luCDRcKXCZd

ЎзФҲМ матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Шухрат Хусаинов
11/11/2024 23:39
Карга каргани кузини чукимайди улар нима килсаям шариатга тугри келаверади