Суперлига 5 июндан бошланиши ростми? Ташкилот бунга изоҳ берди
Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Суперлигасининг 4-тур учрашувлари 5 июнь санасидан бошлаб давом эттирилиши тўғрисида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон проффесионал футбол лигаси бу хабарларга расмий муносабат билдирди.
Хабарда айтилишича, бунга ЎзПФЛ томонидан Суперлига клублари бош мураббийларига муҳокама учун юборилган ишчи тақвим асос бўлган.
"Пандемия сабаб мамлакатимизда футбол учрашувлари тўхтатилган ҳамда унинг расман қачондан бошлаб давом эттирилиши аниқ эмас. Шундан келиб чиқиб, кўплаб мамлакатлар футбол лигалари каби ЎзПФЛ ҳам турли кўринишда режалар тузади. Бош мураббийларга тақдим этилган режа уларнинг фикрини ўрганиш учун бўлиб, бунда мураббийлар июль ойида ҳам расмий ўйинлар бўлиб ўтиши мумкинлигидан ҳар эҳтимолга қарши огоҳлантирилган, бу борада уларнинг фикрлари тингланган. Қолаверса, режа расмий хат асосида клубларга чиқарилмай, бош мураббийларни ўзида жамлаган мессенжер гуруҳида муҳокама қилинган.
ЎзПФЛ карантин даврида футбол клубларининг машғулотларини қайта тиклаш ҳамда расмий учрашувлар ўтказиш бўйича ЎФА ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан ҳамкорликда йўриқнома ишлаб чиққан. Айни вақтда биз Махсус комиссиянинг мазкур йўриқнома асосида машғулотларга рухсат бериши масаласини кутмоқдамиз. Мавжуд шароитдан келиб чиқиб, ЎзПФЛ соғлиқни сақлаш юзасидан амалга оширилаётган машаққатли ишларни қўллаб-қувватлайди ҳамда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш керак деб ҳисоблайди. Инсонлар саломатлиги энг олий неъмат.
Шундай экан, турли кўринишдаги режалар ишлаб чиқилишда давом этилади, улар бош мураббийлар, клублар раҳбарлари, соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари билан муҳокама этилади. Унга қадар ЎзПФЛ расмий саҳифаларида кўриниш бермаган ҳар қандай маълумот расмий мақомга эга эмаслигини маълум қиламиз", - дейилади ташкилотнинг расмий баёнотида.
Фикрлар