Суперлига учун курашаётган мураббийлар

Суперлигадан кейинги ўринда турувчи про-лига ҳақида ҳам тўхталиб турмасак бўлмайди. Ўзи шундоқ ҳам ушбу лигага ҳамманинг ҳам қизиқиши у қадар баланд эмас. ПФЛ про-лиганинг мавқеини ошириш учун ҳаракат қиляпти-ю, лекин ҳозирча қилинаётган ишлар кутилган самарани бермаяпти. Чунки келишилган ўйинлар ёки тотализатор каби ёмон иллатларнинг про-лигада содир бўлаётганлиги ҳақидаги гап-сўзлар қулоққа чалинмоқда. ЎФА эса яқинда айнан келишилган ўйинларда иштирок этганларни аниқлаб, уларга чоралар кўрди. Футболда бундай ишлар бор экан, у ерда ривожланиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Про-лига қатнашчилари иккита гуруҳга ажратилганини яхши биласиз. «А» ва «В» гуруҳлари. Шунингдек, «В» гуруҳида эса жамоалар ғарб ва шарқ минтақаларига ҳам ажратилган. Лекин «В»га қараганда, «А» гуруҳига нисбатан бўлса-да, эътибор кўпроқ. Боиси, айнан ушбу гуруҳ ғолиби бўлган жамоа Суперлига йўлланмасини қўлга киритади. Бу борада эса «Машъал», «Шўртан», «Истиқлол», «Хоразм», «Оқ-тепа», «Нефтчи», «Шердор» ва «Ифтихор» жамоалари кураш олиб боришмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, Қашқадарёдан ва Фарғонадан иккитадан клублар иштирок этишмоқда. Шунингдек, Хоразм, Тошкент ва Самарқанддан ҳам вакиллар бор. Умуман олганда, «А» гуруҳидаги курашда ўртага Суперлига «чиптаси» тикилгани учун у ердаги ўйинларни кузатиш учун арзирли сабаб бор дея оламиз. Шу билан бирга у ерда ишлаётган мураббийларга ҳам кўп нарса боғлиқ десак янглишмаймиз. Кўпчилигимиз Суперлигада қайси мураббийлар ишлашаётганини биламиз. Лекин про-лигада-чи? Шу боис «А» гуруҳидаги клубларга бош мураббийлик қилаётганлар ҳақида тўхталиб ўтишга қарор қилдик.

«Машъал» - Асрор Алиқулов

Бу йил «Машъал» клубининг сиёсатида ўзига хос инқилоб юз берганини билсангиз керак. Таркиб бутунлай ёшартириб юборилди. Лекин мақсад ўзгармади. Шунга қарамай, клубдаги ўзгаришлар давом этаверди. Уларинг орасида энг каттаси эса шубҳасиз 10 йил давомида «Машъал»ни бошқарган Александр Хомяковнинг истеъфога чиқиши бўлди. Россиялик мутахассис «Андижон» бошқарувини ўз қўлига олганидан кейин «Машъал»да бўшаб қолган бош мураббийлик лавозимини ким эгаллаши кун тартибига кўтарилганди. Аммо жамоа раҳбарияти бу масалада ортиқча ўйланиб ўтиришмади ва дарҳол собиқ футболчи, яқинда мураббийликка ўтган ҳолда клубда ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаб келаётган Асрор Алиқуловга ишонч билдиришди. Ҳозирча Асрор Чориевич бошчилигидаги «Машъал»нинг натижалари чакки эмас. Тўплар нисбатига кўра муборакликлар гуруҳда пешқадамлик қилиб турибдилар. Алиқулов бунгача «Шўртан»нинг ёшлар ва асосий жамоасида ҳам мураббийлик қилганди. Бироқ у ерда Асрорга ўзини кўрсатиш учун охиригача имконият берилмаганди. «Машъал» эса ушбу мураббий ўзининг барча қирраларини кўрсатиш учун ажойиб имкониятдек кўринмоқда.

IMG_20190803_210402

«Шўртан» - Сергей Ковшов

Мураббийларни қўлпоқдек алмаштирадиган жамоаларимиздан бири – бу «Шўртан». Жорий мавсумда ғузорликларга Сергей Ковшов бош мураббийлик қилиб келмоқда. Шуни ҳам алоҳида айтиш жоизки, у бу ерга илк бор келгани йўқ. Мураббийлик фаолияти давомида бунга қадар ҳам «Шўртан»ни бошқаришга улгурганди. Шундай экан, Сергей Геннедьевич иккинчи бор бу жамоани бошқаришга киришди. Бунга қадар эса ушбу мураббий элит дивизиондаги бир қатор клубларда ҳам ишлади ва кўпинча қутқарувчи вазифасини бажарди. Шу билан бирга айрим жамоаларда иккинчи мураббий номи остида ҳам фаолият кўрсатиб келган. Эндиликда эса про-лигада «Шўртан»ни Суперлигага қайтариш учун ишга киришган. Ҳозирча унинг жамоаси бошқаларга қараганда энг кўп ғалабага эришиб турибди.

ковшов 2

«Истиқлол» - Сергей Лебедев

Фарғонанинг «Истиқлол» жамоаси ўтган йили ҳам Суперлигага чиқиш учун қаттиқ ҳаракат қилганди. Бироқ якунда плей-офф баҳсида ОКМКга имкониятни бой берганди. Шунга қарамасдан бу йил ҳам фарғоналиклар Суперлигага чиқиш орзусидан воз кечишгани йўқ. Таниқли футболчи бўлган Сергей Лебедев эса ўзининг мураббийликдаги салоҳиятини ушбу жамоа орқали намоён этмоқда десак муболаға қилмаган бўламиз. Лекин кутилмаганда Лебедев бошчилигидаги «Истиқлол» иккинчи даврани кетма-кет иккита мағлубият билан бошлади. Аввалига ўз уйида «Оқ-тепа»га 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйган бўлса, кейин сафарда «Шўртан»га ҳам кичик ҳисобда имкониятни бой беришди. Аммо ҳали «Истиқлол»нинг чемпионлик учун курашдаги имкониятлари пасайгани йўқ. Боиси, ҳозирда «Машъал», «Шўртан» ҳамда «Истиқлол» 27 тадан очкога эга. Фақат уларнинг орасида «Истиқлол» тўплар нисбатига кўра учинчи ўринда боряпти. Кўпчиликдан эса Лебедев ҳақида илиқ фикрларни эшитаётганимиз ҳам бор гап. Унинг ўзига яраша футболга қарашлари бор ва жамоани барқарорлик сари етаклаб бораётгани айтилмоқда. Албатта, бу йўлда паст-баландликлар бўлиши табиий. Шундай бўлса-да, клуб раҳбарлари унинг олдига Суперлигага чиқишни аниқ вазифа қилиб белгилашган. Буни эса мураббийнинг ўзи ҳам яхши тушуниб турибди.

лебедев2

«Хоразм» - Александр Ежов

Ўз вақтида элитада қатнашган ва кейинчалик қуйи дивизионнинг доимий иштирокчисига айланиб қолган «Хоразм» жамоаси одатда етакчиларга қаршилик кўрсатадиган клубга айланиб бормоқда. Лекин бундан ортиғига жамоанинг қурби етмаяпти. Том маънода айтганда, «Хоразм» про-лига жамоасига айланиб бўлди. Урганчликларни эса клубнинг собиқ футболчиси Александр Ежов бошқариб бормоқда. Ҳозирча эса улар юқоридаги учликдан кейинги ўринни банд этиб туришибди. Ежов ҳақида тўхталадиган бўлсак, футболчилик фаолиятида бир қатор олий лига клубларида тўп сурган. Лекин бирор-бир ютуқни қўлга киритганини эслай олмаймиз. Мураббийликда эса «Хоразм»да ишлаш орқали тажриба тўплаб боряпти.

«Оқ-тепа» - Равшан Бозоров

Яқинда бу жамоа билан тааллуқли хабар чиқди. Яъни, ЎФА келишилган ўйинлар ҳамда тотализаторга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган суриштирувларига кўра «Оқ-тепа» жамоасида бош мураббий сифатида ишлаган собиқ футболчи Ярослав Крушельницкий бир йилга футболдан диксвалификация қилинди. Чунки унинг тотализаторга аралашгани маълум бўлди. Ваҳоланки, аслида бу лавозимда Равшан Бозоров ишлаётганди. Аммо у соғлигини тиклаётгани боис бу лавозимда бошқа мутахассислар ишлаб туришибди. Шунингдек, бу жамоада «Металлург»да узоқ йил тўп сурган собиқ футболчи Саидкомил Акбаров ҳам мураббий сифатида ишлаб келмоқда. Шунингдек, ҳали футболчилик фаолиятини расман тугатгани эълон қилинмаган ҳужумчи Алишер Шоғуломов ҳам «Оқ-тепа»да расмийлардан бири сифатида қайдномалардан жой олмоқда. Эътиборлиси шундаки, айни пайтда Ўзбекистон Кубоги чорак финали иштирокчилари орасида про-лигадан биргина «Оқ-тепа» етиб келганини ҳам унутмаслик керак.

«Нефтчи» - Асад Дўрмонов

Катта тарихга ва мавқега эга бўлган «Нефтчи» қандай кунларга қолди? Очиғи, клубни бундай аҳволда кўриш ачинарли. Ўтган йили расман про-лигага тушиб кетди. Кейин эса «Нефтчи»ни кўпчилик яна тезда Суперлигага қайтади деб ўйлашганди. Бироқ афтидан бу жамоанинг тепасидаги қора булутлар ҳали бери тарқамайдиган кўринади. Молиявий томондан қийинчиликларни кўраётган «Нефтчи» гарчи ўз олдига Суперлигага қайтиш вазифасини қўйган бўлса-да, кўринишидан буни эплаш фарғоналиклар учун жуда қийин. Боиси, улар шу кунгача 13 та ўйиннинг фақат 6 тасида ғалаба қозонишди ва 7 тасида ютқазишди. Суперлигага чиқаман деган жамоа эса бу қадар оз ғалаба ва кўп мағлубиятга учрамаслиги керак. Бош мураббий бўлиб ишлаётган Асад Дўрмонов эса барчага яхши таниш. Аммо унинг бир ўзига клубни бошқариш ҳам қийин кечмоқда.

«Шердор» - Бахтиёр Сатторов

Самарқанднинг «Шердор» жамоасига про-лиганинг «А» гуруҳида муносиб иштирок этиш бир мунча қийинчиликлар туғдирмоқда. Боиси улар аутсайдерлардан бирига айланиб қолган. Бу жамоани эса маҳаллий мураббий Бахтиёр Сатторов бошқариб келмоқда. Кўпинча у ижтимоий тармоқларда фаол кўриниш беради. Унинг жамоаси эса бу гуруҳда жон сақлаб қоладими ёки йўқми, буни вақт кўрсатади.

«Ифтихор» - Маҳмуд Маткаримов

Олтиариқнинг «Ифтихор» жамоаси «А» гуруҳидаги яққол аутсайдер. Шу пайтгача 14 та учрашувда битта ғалаба, иккита дуранг ва қолган 11 та учрашувда мағлуб бўлган ҳолда бор-йўғи 5 очко жамғарди. Аслида «Ифтихор»нинг мавсум бошида про-лигада қатнашиши сўроқ остида турганди. Лекин кейинчалик бу жамоа яна мусобақага қўйилди ва «А» гуруҳидан жой олишга эришганди. Бироқ уларнинг бу ерда кучсизлиги яққол кўриниб қолди. Ҳозирча эса «Ифтихор»ни андижонлик Маҳмуд Маткаримов бошқараётгани маълум бўлди. Ҳар ҳолда ўйин қайдномаларида бош мураббий сифатида унинг номи кўрсатилмоқда. Шунингдек, биринчи даврани «Нефтчи»да футболчи сифатида ўтказган ҳужумчи Носир Отақўзиев «Ифтихор»да расмий шахслардан бирига айлангани ҳам эътиборга молик. Қизиқ, мақсади бўлмаган бундай жамоаларнинг про-лига «А» гуруҳида иштирок этишидан нима наф?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!