Суперлигада жамоалар сони ошириладими? Ёки формат ўзгарадими? - ЎзПФЛ маълумот берди
Шу йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ўзбекистон Суперлигаси бош мураббийлари ҳамда ташкилот Ижроқўми аъзолари билан йиғилиш ўтказганди.
Мазкур йиғилишда мураббийлар томонидан чемпионат учрашувлари сонини ошириш масаласи ҳам кўтарилди. Айримлар таклифига кўра, бунинг учун лигада жамоалар сонини 16 тага етказиш керак. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси эса Суперлига ва Про лига ўртасидаги спорт принципларини ҳурмат қилишга чақириши барчага маълум. Ўйинлар сонини эса бошқа йўл билан ҳам ошириш имконияти мавжуд.
Шундан келиб чиқиб, ЎзПФЛ таклиф ишлаб чиқди. Тез орада у муҳокамага қўйилади. Таклиф этилаётган форматда илк навбатда футбол мухлисларининг хоҳиш-истаклари инобатга олинган. Яъни, бунда марказий ўйинлар сонини кўпайтириш ҳамда ўткинчи ўйинлар сонини камайтириш масаласи асосий планга олиб чиқилган.
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси нафақат 16, балки 18 талик лигани ҳам амалга татбиқ қилиши мумкин. Бироқ бунинг учун Ўзбекистонда лицензиялаш талабларига тўлиқ жавоб берадиган камида 20-22 та клуб мавжуд бўлиши керак. Айни вақтда эса бизда бундай клублар сони 12-14 тани ташкил қилади. Телетрансляциялардан пул ишлаш ҳамда фойдани жамоалар ўртасида тақсимлаш даражасига етиб борилгунига қадар ЎзПФЛ лигани кучайтиришнинг бошқа муқобил вариантларини излашга мажбур.
Таклиф этилаётган формат лойиҳаси билан мана шу ҳавола орқали танишиш мумкин.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар