Суперлигада "қайноқ" ўйинлар! Ривожланаётган клуб, сиз кўришингиз шарт бўлган баҳс ёхуд Илҳом Мўминжонов 3 очко олмаса...
Бугун Суперлиганинг 6-тур ўйинларига старт берилади. Жуда муҳим ўйинлар бор. “Пахтакор” билан “Насаф” ҳам яна чемпионат баҳсларига киришишади.
30 апрелда бошланадиган тур ўйинлари 2 май куни ниҳоясига етади. Одатимизга кўра, тур олдидан мутахассис фикрини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Бу сафар яқиндагина бутсаларини михга илган Маъмур Икромов жамоаларнинг имкониятини баҳолади.
30 апрель (шанба)
“Бунёдкор” – “Олимпик”
- “Бунёдкор” яхши формада, меҳмонда ҳам уч очко билан қайтди. Ғолиб чиқиш имкониятини 60х40 фоиз деб баҳолайман. “Олимпик” ёш ва шижоатли жамоа. Аммо уларда тажрибали футболчилари йўқ. Шунинг ҳисобига яратилган вазиятлардан унумли фойдалана олмаяпти. Ўтган турда “Қизилқум” дарвозасига ҳам пенальтидан гол ура олмади. Шу сабабли бу учрашувда “Бунёдкор”нинг имкониятини юқори баҳолаяпман.
“Динамо” – “Нефтчи”
- “Нефтчи” кўп очколарни йўқотди. 5 та ўйиндан 4 тасида мағлубиятга учраган. Ўйлашимча, бугун Самарқандда камида ютқазмайди. Менимча, ғалаба қозонса керак. Чунки йўқотадиган очколарини йўқотиб бўлди. Илҳом Мўминжонов уч очко олмаса, вазият қийин бўлиб қолади. Ҳа, “Динамо” ўтган турда илк ғалабасига эришди. Бу жамоа ҳам ёмон ўйнамаяпти. Лекин, фикримча фарғоналиклар ютиб кетади.
1 май (якшанба)
“Локомотив” – “Сурхон”
- Адашмасам, “Локомотив” 5 та турдан 4 тасида мағлубиятга учради. Фақатгина 3 очкоси бор. Бу жамоани ўз жойида эмас деб ҳисоблайман. Ўзим ҳам “Локомотив”да кўп йиллар ўйнаганман. “Сурхон”ни ўз уйида қабул қилади ва ўйлашимча, устунлик “Локо” томонида. Тўғри, “Сурхон” ҳам чакки эмас. Лекин мезбон ҳисобланган жамоа ўз уйидаги имкониятни қўлдан чиқариб юбормаса керак. “Сурхон”да ёшлар кўп экан, тажрибали ўйинчилари камроқ.
“Қизилқум” – “Навбаҳор”
- “Қизилқум” мавсум стартини зўр бошлади. Жамоадаги футболчиларнинг деярли 50 фоизини “Локомотив”да тўп сурган ўйинчилар ташкил қиляпти. Улар менинг эски қадрдонларим. “Навбаҳор”нинг ҳам бу йилги таркиби кучайган, мақсадлари юқори. Чемпионлик учун курашяпти. Ўтган турда кутилмаганда ўз уйида “Сўғдиёна”га ютқазиб қўйди. Наманганлик мухлислар жамоасидан ғалаба кутяпти. Иккала клубнинг имкониятини 50х50 ҳисоблайман. “Қизилқум”да ҳам тажрибали футболчилар бор. Ҳар иккала жамоага осон бўлмайди. Дурангни тахмин қиляпман.
“Сўғдиёна” – “Металлург”
- “Сўғдиёна” Фарғонада ва Наманганда уч очколарни қўлга киритди. “Металлург”га нисбатан жиззахликлар кўтаринки кайфиятда. Бекободликлар ўтган турни ўтказиб юборишди. Ҳозир ўйин тарафлама ҳам “Сўғдиёна” кўпроқ тайёр бўлса керак. Шу сабабдан имконияти юқорироқ. Кайфияти ҳам зўр. Ўтган йили ҳеч ким уларни 2-ўринни олишини кутмаганди. “Сўғдиёна” ривожланиб боряпти. Мезбонларни “Металлург” устидан ғалаба қозонади, деб ўйлаяпман.
2 май (душанба)
“Пахтакор” – АГМК
- АГМК таркиб бўйича яхши йиғилган, Миржалол Қосимов ҳам тажрибали мураббий. “Пахтакор”га келсак, Осиё Чемпионлар лигасида омадсиз қатнашишди. Ўйлашимча, бошқа мамлакатда 6 та ўйин ўтказиб қайтишди ва уларга қийин бўлади. Ҳар ўйин ҳар хил футболчилар ўйнашди, битта таркиб йўқ. АГМК ҳам яхши жамоа. Лекин улар ҳам керакли очколарни йўқотишди. Менинг фикримча, кучлар тенг келса керак.
“Қўқон-1912” – “Насаф”
- “Насаф” жуда яхши кайфиятда. Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ ўйинларда яхши қатнашиб кейинги босқичга чиқди. Ўзбекистонлик мухлисларни хурсанд қилди. Назаримда, Қўқондан 3 очко олиб кетишса керак. Рўзиқул Бердиев жамоаларга қарши қандай ўйин кўрсатишни билади. Бу ўйинда қўқонликларга қийин бўлади. Албатта, майдон эгаларида ҳам устун жиҳатлари бор. Бироқ ушбу тўқнашувда “Насаф”нинг имкониятларини юқори баҳолаяпман.
Фикрлар