"Суперлигада қолиш имкониятимиз сақланиб турибди, йигитларга ортиқча эътироз йўқ" - Жамшид Саидов
Айни пайтда Суперлига иштирокчилари чемпионатнинг навбатдаги турига тайёргарлик кўришяпти. Жумладан, Навоийнинг “Қизилқум” клуби ҳам машғулотларини давом эттиряпти.
Бу клубга тўхталаётганимиз бежиз эмас. Боиси, турнир жадвалида ушбу жамоа 18 ўйиндан сўнг 11 очко билан охирги ўринни банд этиб турибди. Шунинг учун ҳар бир учрашув “Қизилқум” учун финалга тенг. Ютқазишга асло ҳаққилари йўқ. Дуранг ҳам уларни қониқтирмайди. Лигада қолиш учун фақат ва фақат ғалабалар зарур.
Хўш, навоийликлар чемпионатимиздаги танаффусдан қандай фойдаланишяпти? Бу борада бош мураббий Жамшид Саидов шундай деди:
“Худога шукр, тайёргарлигимиз яхши кетяпти. Машғулотларимизни 9 сентябрдан Тошкентда давом эттиряпмиз. Бу ерда иккита ўртоқлик учрашувимиз бор. Барча тайёргарлигимиз “Сурхон” билан ўйинга қаратилган. Ҳаммаси жойида. Биз қийин вазиятдамиз ва бундан чиқишимиз керак. Шунинг учун ҳаракат қиляпмиз. Барчаси олдинда, бор кучимизни сарфлаймиз”.
Таъкидлаганимиздек, жамоа мусобақа жадвалида сўнгги поғонада. Бу албатта “Қизилқум” аъзоларига ёқмаслиги шубҳасиз. Саидовдан бу ҳолат футболчиларга қанчалик таъсир кўрсатаётгани хусусида сўрадик.
“Ҳа, турнир жадвалидаги ҳолат туфайли бизда бироз руҳий босим бор. Аммо жамоамизда ҳали Суперлигада қолиш имконияти сақланиб турибди. Буни футболчиларимиз ҳам яхши тушуниб туришибди. Ҳар қандай вазиятда ҳам бор кучимизни берамиз, ҳаракат қиламиз. Жамоада ички муҳит яхши”.
Яна бир гап: Суперлига клублари орасида энг оз гол урган жамоа “Қизилқум” бўлиб турибди. 18 та ўйинда рақиблар дарвозасига бор-йўғи 9 та гол уришди, холос. Жамоанинг охирги ўриндалигига ҳам кам гол ураётгани асосий сабаблардан бири.
“Эътибор бераётган бўлсангиз, охирги учрашувларимизда асосан пенальтидан гол уряпмиз. Қаердадир омад ҳам етишмаяпти. Рости, ўйинчиларимизга катта эътироз йўқ. Улар меҳнат қилишяпти. Тактик ва жисмоний тарафдан яхши, ёмон эмас. Нимадир бўлиб ўйиндан гол ура олмаяпмиз-да! Ҳолбуки, имкониятларга эга бўляпмиз. Ўзингиз кузатиб турибсиз, омад етишмаяпти. Машғулотларда имкониятлардан фойдаланиш бўйича ишлаяпмиз”, - дейди Жамшид Саидов.
Иккинчи даврада таркиб кучайтирилди, легионерлар олиб келинди. Энди жамоа ўйинида ўзгариш кўзга ташланяпти. Жамоа “Сурхон”га қарши бор кучини сарфлаши табиий.
“Легионерлар адабтациядан ўтишди. Улар ҳаракат қилишяпти, бу футболчиларга нисбатан ҳам ортиқча эътирозларимиз йўқ. Олдимизда “Сурхон”га қарши учрашув бор. Бор эътиборимиз шу ўйинга қаратилган. Боя айтганимдек, жамоа охирги ўриндалиги сабабли бироз руҳий босим бор. Умид қиламанки, биз чиройли ўйин кўрсатиб, яхши натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз”, - дея фикр билдирди, бош мураббий.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар