Суперлигада шовқин кўтарганлар ёхуд "Навбаҳор"нинг чемпионлик имконияти қандай?
Хабарингиз бор, SPORTS.uz нашри орқали Ўзбекистон Суперлигаси олтин медаллари учун асосий даъвогар бўлиб турган уч клуб – “Насаф”, “Пахтакор” ва “Навбаҳор”нинг чемпионлик имкониятларини баҳолаб келмоқдамиз. Яқинда “Насаф” ва “Пахтакор”нинг Суперлигада ғалаба қозониши бўйича ўз тахминларимиз ҳамда фикрларимизни билдириб ўтган эдик. Бугун эса жорий мавсум чемпионатда анча шов-шув кўтарган жамоа, тажрибали менежер Самвел Бабаян бошчилигидаги “Навбаҳор” ҳақида фикр юритамиз.
“Навбаҳор”
“Лочинлар” 19-турдан кейин 37 очко билан турнир жадвалида 3-ўринни эгаллаб турибди. Наманган клуби биринчи ва иккинчи поғоналардаги “Насаф” ва “Пахтакор”дан атиги бир очко ортда қолмоқда. “Навбаҳор” ўтказилган 19 ўйинда 10 ғалаба ва 7 дуранг қайд этган, 2 баҳсда эса майдонни очколарсиз тарк этган. Тўплар фарқи – 21:10.
“Навбаҳор”ни яна 7 та муҳим баҳс кутиб турибди:
“Бунёдкор” – “Навбаҳор”
“Навбаҳор” – “Динамо”
“Нефтчи” – “Навбаҳор”
“Навбаҳор” – “Олимпик”
“Локомотив” – “Навбаҳор”
“Металлург” – “Навбаҳор”
“Навбаҳор” – АГМК
Агар “Навбаҳор” 20-тур доирасидаги “Бунёдкор”га қарши баҳсда ғалаба қозонса, нафақат 2-ўринга кўтарилиб олиши, балки яна пешқадамликни қўлга киритиши мумкин. Сабаби тур доирасида “Насаф” ва “Пахтакор” ўртасида марказий баҳс бўлиб ўтади. Ушбу беллашувда битта жамоа, эҳтимол ҳар икки клуб ҳам очко йўқотиши мумкин. Агар “Навбаҳор” 30 сентябрь куни Тошкентда “Бунёдкор”ни мағлуб эта олса, уларнинг очколари сони 40 тага етади ҳамда эртаси куни бўладиган баҳс натижаларини кутиши керак бўлади. Агар “Насаф” сафарда “шерлар”ни мағлуб эта олса, “Навбаҳор” “Пахтакор”дан очколар сони бўйича ўтиб кетади. Ёки аксинча бўлиб, Шацких шогирдлари ўз ҳисобига 3 очко ёзиб қўйса, қаршиликлар 3-поғонага тушиб кетади. Агарда беллашув дуранг билан тугаса, “Насаф”да ҳам, “Пахтакор”да ҳам очколар 39 тадан бўлади ва “Навбаҳор” 40 очко билан турнир етакчилигини қўлга киритиши мумкин. Аммо бунинг учун Бабаян шогирдлари Тошкентда “Бунёдкор”ни мавҳ этишлари талаб этилади.
Айтиш керакки, қолган 7 турда “Навбаҳор” қисман осонроқ рақибларга қарши майдонга тушади. Хусусан, Самвел Бабаян шогирдлари 21-турда “Динамо”ни ўз майдонида қабул қилади. Ушбу мавсум рақибларига очко улашаётган Самарқанд клуби “лочинлар” майдонидан 3 очко билан қайтишига кўпчилик ишонмаса керак.
Кейинги турда эса наманганликлар “Нефтчи” майдонига сафар уюштиради. Водий дербиси остида ўтадиган баҳсда ҳам “Навбаҳор”нинг имкониятларини бироз юқорироқ баҳолаган бўлар эдик. Боиси, ўз олдига чемпионликни мақсад қилган наманганликларни фақат ғалаба қаноатлантиради. “Нефтчи” эса бу ёғига хавфли зонага тушиб кетмаслик учун ҳаракат қилади.
Наманган клуби қолган турларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти жамоаларига қарши ўтказади – грандлар “кушандаси” “Олимпик”, муаммолар гирдобидаги “Локомотив”, барқарор ўйин кўрсата олмаётган “Металлург”, ва Миржалол Қосимов бошчилигидаги АГМК.
Қайсидир маънода ушбу беллашувлар “Навбаҳор” учун қийин кечиши мумкин. Сабаби, ушбу мавсум дебютант ҳисобланган Темур Кападзенинг “Олимпик”и грандлардан очко олишни яхшигина уддалаяпти. Фақатгина ўйиннинг ўз майдонида ўтиши “лочинлар”нинг “плюс”ига ишлаши мумкин. “Локомотив” эса ҳозир қийин пайтларни бошдан ўтказмоқда. Уларнинг турнир жадвалидаги ҳолати ҳам мақталадиган даражада эмас. “Темирйўлчилар” ҳозирда 19 очко билан 11-ўринни эгаллаб турибди. Табиийки, Сервер Жепаров шогирдларига ҳам очко сув ва ҳаводек зарур. “Навбаҳор”нинг “Локо”га қарши учрашуви Тошкентда ўтади. Аммо шундай бўлса-да, бу баҳсда меҳмонлар фаворит бўлиши аниқ.
Бабаян шогирдлари 25-турда “Металлург” майдонига сафар уюштиради. Бекобод клуби ушбу мавсум барқарор ўйин кўрсата олмаяпти. Сабаби улар баъзида ўзидан кучсиз жамоалар билан очко бўлишиб олса, баъзи пайти чемпионлик учун даъвогар клублардан очко тортиб олишни уддалаяпти. Хусусан, ўтган турда ўз олдига Суперлига ғолиблигини мақсад қилган “Сўғдиёна” устидан қозонилган ғалаба гапимизнинг исботи бўла олади. Шу сабабли, “Навбаҳор”га Бекободда осон бўлмаслиги аниқ. Лекин ушбу беллашувгача “лочинлар” максимал очколарни қўлга кирита олса, наманганликларга “Металлург” тўсиғидан ўтиш қийинчилик туғдирмаса керак.
“Навбаҳор” охирги турни ўз майдонида ўтказади. Агар наманганликларнинг ушбу ўйингача турнир жадвалида биринчи ўринда бўлишни уддалай олса, АГМКга қарши ўйиндан кейин чемпионликни стадионида, мухлислари қаршисида нишонлаши мумкин. Аммо бунинг учун улар Миржалол Қосимов шогирдларини мағлуб этиш керак. Айтиш керакки, АГМК ҳам юқори ўринлар учун ҳаракат қилмоқда. Табиийки, ушбу ўйинда “Навбаҳор”га осон бўлмаслиги аниқ.
Агарда, биз 100 фоизлик категорияда оладиган бўлсак, “Набаҳор”нинг чемпион бўлиш имкониятини 87 фоизга баҳолаган бўлар эдик. Сабаби “Насаф” ва “Пахтакор”дан фарқли ўлароқ Наманган клуби қолган турларда чемпионликка даъвогар жамоалар билан эмас, аксинча аутсайдерларга қарши майдонга тушади. Ушбу ўйинлардаги устунлик “лочинлар”нинг чемпионлигини таъминлаши мумкин.
Албатта, бу бизнинг субъектив фикрларимиз ҳисобланади. Барча натижалар эса майдондаги футболчилар ва мураббийларнинг қарорлари эвазига қайд этилади.
Жамшидбек Маҳмудов
Фикрлар