Суперлигамиздаги ўша мақталаётган легионерлар ва маҳаллий етакчилар яна катта саҳнада

Суперлиганинг 20-тури ҳам тарихга айланди. Унда турли хил натижалар қайд этилди. Табиийки, ўзини кўрсатиб, олқишларга сазовор бўлган футболчилар намоён бўлди. Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.

“Пахтакор” – “Олимпик” – 6:0. Энг яхши футболчи: Драган Черан

Ўтган турда “Металлург”га учралган ўта аламли мағлубиятдан сўнг “Пахтакор” бор аламини бу турда “Олимпик”дан олди. Боиси, ушбу учрашувда “Шерлар” йирик – 6:0 ҳисобида рақибини тор-мор келтирди. “Пахтакор”нинг фахрийси ва етакчиси Драган Черан майдонни голсиз тарк этгани йўқ. 6 та гол уриладию, унда Черан бўлмаса, буни хазм қилиш қийин бўлиб қолган, шундай эмасми? Драган шу ёшида ҳам яна тўпурарлар пойгасида етакчилик қиляпти.

“Андижон” – “Нефтчи” – 0:0. Энг яхши футболчи: Илдар Маматказин

Водий дербисидаги жангда ғолиблик ҳеч бир тарафга насиб қилмади, дарвозалар дахлсиз қолди. “Андижон”ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушган тажрибали ҳимоячи Илдар Маматказин рақиб ҳужумларини қайтаришда ўрнак бўлди. У ўз вазифасини аъло даражада бажариб, ҳақли равишда энг яхши футболчига айланди.

“Навбаҳор” – “Сўғдиёна” – 0:3. Энг яхши футболчи: Владимир Йовович

“Сўғдиёна” Наманганда мезбонларни қандай нокаутга учратганини кўргандирсиз-а? Биргина черногориялик футболчи Владимир Йовович ўйин тақдирини ҳал қилди. Хет-трик қайд этган бу ўйинчидан бошқа энг яхши футболчига лойиқ ўйинчи борми? Шубҳасиз, Йововичдан зўри бўлмади! У истаган услубида мезбон жамоа дарвозасини ишғол қилди.

“Динамо” – “Сурхон” – 3:0. Энг яхши футболчи: Анвар Ҳожимирзаев

“Динамо”нинг жорий мавсумдаги кашфиёти Анвар Ҳожимирзаев деярли ҳар ўйинда алоҳида эътиборга лойиқ кўриляпти. У “Сурхон”га қарши ўтган ўйинда ҳам яна ўз сўзини айтди. “Динамо”нинг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланган учрашувда самарқандликларнинг биринчи голига муаллифлик қилди ва қолган голларда ҳам қатнашиб, ғалабага катта ҳисса қўшди.

“Қизилқум” – “Металлург” – 1:0. Энг яхши футболчи: Элгужа Лобжанидзе

Учрашувнинг 2-дақиқасида “Қизилқум”нинг грузиялик легионери Элгужа Лобжанидзенинг ягона голи навоийликларга муҳим уч очкони тақдим қилди. У гол урганига яраша баҳсни яхши ўтказди. Рақибларига муаммолар туғдирди.

ОКМК – “Локомотив” – 1:0. Энг яхши футболчи: Рубен Санчес

Миржалол Қосимов ўз уйида Тошкент дербисида қийинчиликка дуч келди. Ўйин тақдирини ягона гол ҳал қилди. ОКМКнинг испан легионери Рубен Санчес ўзини кўрсатди ва голи билан жамоасига қимматли уч очкони тақдим қилди. У жароҳатидан сўнг ўз формасини тиклаб олгани ва ОКМКга фойда келтираётгани мухлислари учун ёқимли.

“Бунёдкор” – “Насаф” – 2:2. Энг яхши футболчи: Темурхўжа Абдуҳолиқов

Иккинчи даврада ўйинини ва натижаларини яхшилаб бораётган “Бунёдкор” бу турда “Насаф”ни қабул қилиб, характер кўрсатди. Жамоа 0:2 ҳисобидаги мағлубиятни 2:2 га айлантирди. “Бунёдкор” етакчиси ҳамда сардори Темурхўжа Абдуҳолиқов эса яна фаол. У зиммасига катта масъулият олган ҳолда майдонда чинакам лидерлик қобилиятини намойиш қиляпти.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
expert Umid-informatik
29/09/2024 16:23
Бизда хужумчилар йўқ