Суперлиганинг 17-турида шундай ўйинлар борки, унда бирор жамоанинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ ёхуд мутахассис наздида ким кучли?
Суперлигадаги танаффус ҳам аста-секин поёнига етиб, навбатдаги тур баҳслари бошланиш арафасида турибди. Бунгача барчамиз миллий терма жамоамизнинг йиғини ва Швецияга қарши ўйинига эътибор қаратдик. Энди эса яна ўзимизнинг чемпионатга қайтамиз.
Пайшанбадан шанбага қадар еттита ўйин бўлиб ўтади. Мусобақа жадвалидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, навбатдаги жуфтликларда шундай ўйинлар борки, унда бирор жамоанинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Шу боис мутахассислардан бири Жамшид Саидов Суперлиганинг 17-тури олдидан ҳар бир жуфтлик ҳақида ўз фикрларини билдирди.
9 сентябрь (пайшанба)
“Машъал” – “Андижон
- “Андижон” жамоаси ҳозир ёмон аҳволда, жадвалда охирги ўринда. “Машъал” ҳам ҳали хавфли зонадан узоқлашиб кетгани йўқ. Ўйлашимча, майдонда қаттиқ жанг бўлади. Назаримда, иккала жамоа ҳам биринчи навбатда ҳимояга катта эътибор қаратади. Аммо “Машъал” ўз майдонида ўйнашини ҳисобга олсак, уларда барибир ташаббус бўлади. Ўйинчиларида ишонч бор. Ўйлашимча, майдон эгаларининг қўли баланд келади. Фоиз бўйича мезбонларда 70 га 30 деган бўлардим. Бундай ўйинларда катта ҳисоб бўлмайди. Жамоалар учун ҳимояда ўйнаш осонроқ.
10 сентябрь (жума)
“Металлург” – “Пахтакор”
- “Пахтакор” биринчи ўринда. Ўйиндан-ўйинга кучайишда давом этяпти. Аксига олиб, “Металлург” жамоасининг охирги пайтлардаги ўйинлари умуман қовушмаяпти. Шунинг эвазига кўп очколарни йўқотди. Менимча, “Пахтакор” 100 фоиз ғалаба қозонади. Уларда имконият катта.
“Бунёдкор” – “Қўқон-1912”
- “Бунёдкор” жамоаси яхши спорт формасида. “Қўқон-1912” ҳам ёмон эмас. Бу клуб биринчи даврада яхшироқ эди, иккинчи даврада нимадир бўлди. Менинг фикримча, ушбу тўқнашувда “Бунёдкор”нинг қўли баланд келади ёки дуранг қайд этилиши мумкин. Имкониятлар 50 х 50. Барибир “Бунёдкор” ўз майдонида ўйнаётгани сабабли уларда ташаббус кўпроқ бўлади.
“Навбаҳор” – АГМК
- Бу жуда яхши ўйин бўлади. “Навбаҳор” ўз майдонида ўйнайди. Ҳақиқатан ҳам бу жуда зўр ўйин бўлади. Наманганликлар ўтган турда Қаршида “Насаф”ни ютиб қайтди. Фикримча, “Навбаҳор”да ғалаба учун имконият кўпроқ. Аммо ушбу жуфтликда дуранг кузатилиши ҳам мумкин. Барибир натижани олдиндан айтиб бўлмайди. Қолаверса, АГМК ҳам яхши жамоа. “Навбаҳор”га ўз уйида ўйнаши устунлик беради. Самвел Бабаян ҳам консультант сифатида ишлаяпти ва унинг ёрдами сезиляпти. “Навбаҳор”да мотивация каттароқ. Тўғри, АГМК таркибида ҳам маҳоратли ижрочилар йиғилган. Шунинг эвазига улар медаллар учун курашяпти. Аммо бу тўқнашувда имконият кўпроқ “Навбаҳор”да.
11 сентябрь (шанба)
“Сурхон” – “Сўғдиёна”
- Бу жуфтликда “Сўғдиёна” фаворит ва улар ютади деб ўйлайман. Кўряпсиз, жиззахликлар мавсумни яхши ўтказяпти. Улар ҳар бир учрашувни жанговар тарзда ўтказишяпти. “Сўғдиёна” ҳар қандай ҳолатда ҳам охиригача ўйнайди. 90 дақиқа бўладими ёки 90+5 ми, фарқи йўқ, ҳакамнинг сўнгги хуштаги чалингунича курашаверади. “Сурхон” эса аутсайдерлардан бири. Тан олиш керак, “Сўғдиёна” рақибидан кучли.
“Қизилқум” – “Локомотив”
- “Локомотив” охирги пайтларда яхши ўйинлар кўрсатяпти, бироқ омади етишмай қоляпти. Ҳолбуки, тактик томондан ҳам жамоа ажойиб ҳаракат қиляпти. Менинг ўйлашимча, Навоийда иккала жамоанинг кучлари тенг келса керак. “Қизилқум” ҳам ўз майдонида яхши ўйнайди. “Локомотив” устози бу учрашувга қандай тактика қўллашини билмайман. Менимча, қарши ҳужум тактикасидан фойдаланса керак. “Қизилқум” ўз майдонида ҳужумкор ўйин кўрсатади, бу 100 фоиз. Ҳамиджон Актамов ҳам жамоасини медаллар сари етаклаб боряпти. Бунинг учун уларда ҳам имконият бор.
“Турон” – “Насаф”
- “Турон” ҳам ёмон эмас. Игорь Шквирин келганидан кейин жамоа ўйини ўзгарди, очколар йиғишни бошлашди. Яйпанда ўйнаш жуда ҳам қийин. “Насаф” охирги ўйинда ютқазгани билан Рўзиқул Бердиев жамоасига қандай мотивация беришни билади. У жамоасини ўйинга яхши тайёрлайди. “Насаф” ҳам медаллар учун курашяпти, бу борада уларда имконият мавжуд. Қаршиликлар тўпни назорат қилади. Ўйинда улар биринчи рақам остида ўйнайди. Омадга ҳам кўп нарса боғлиқ. Аммо “Насаф” “Турон”га қараганда кучли.
Фикрлар